Қашқадарё вилоятида мактаб директори билан боғлиқ шов-шувли ҳолат жамоатчилик эътиборида турибди. Ижтимоий тармоқларда Кўкдала туманидаги 17-умумтаълим мактаби директори Азамат Рузановга тегишли экани айтилган аудиоёзув тарқалди. Унда эркак киши ўзини директор деб танитган ҳолда аёл суҳбатдошига номаъқул таклиф билдирган.
Ёзувда аёл “чизмачиликка бўлсаям олсангиз майли эди”, деганида, эркакнинг “Гапнинг дангали-да, сен билан бирга бўлишни хоҳлайман, тўғрисини айтсам. Мени тушундингми?” деган сўзлари янграйди. Бу суҳбат жамоатчиликда кескин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берди. Баёнотда айтилишича, ҳолат ўрганилиб, директорнинг хатти-ҳаракатлари педагог мақомига доғ туширади, деган хулосага келинган.
“Бошқарма бошлиғининг 2025 йил 16 октябрдаги буйруғи билан Азамат Рузанов мактаб директори вазифасидан озод этилди. Таълим тизимида ахлоқий қоидаларни бузиш ҳолатларига нисбатан кескин чоралар кўрилади,” — дейилади расмий муносабатда.
Маълумот учун, Рузанов халқ депутатлари Кўкдала туман кенгаши депутати ҳам ҳисобланади. У Наймансарой маҳалласи сайлов округидан сайланган. Кенгаш котибиятининг маълум қилишича, ҳозирда унинг ҳаракати регламент ва депутатлик одоб-ахлоқ масалалари бўйича комиссияда муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Таҳлилчилар таъкидлашича, бундай ҳолатлар таълим тизимидаги обрў-эътиборга салбий таъсир кўрсатади ва раҳбар лавозимидаги шахслардан юқори даражадаги масъулият талаб этилади.
Шундай қилиб, Кўкдаладaги воқеа жамоатчиликка яна бир бор раҳбарлик одоби, шахсий масъулият ва давлат хизматчиси маданиятининг муҳимлигини эслатди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!