Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди биносида юз берган воқеа ҳар бир ота учун ўзига хос сабоқ бўлди. Суд муҳокамаси жараёнида вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун узоқ муддат — икки ойдан зиёд вақт давомида алимент тўламай келган уч нафар қарздор отанинг ишлари кўриб чиқилди.
Дастлаб уларга қонун билан белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлари, алимент мажбуриятини бажармаган тақдирда қўлланиладиган жавобгарлик чоралари ҳақида ҳуқуқий тушунтириш берилди. Суд мажлиси давомида уларга энг муҳим ҳақиқат — фарзанднинг ҳаққи муқаддас эканлиги эслатилди.
Шу ондан эътиборан ҳар учала ота ўз хатосини англади. Улар оиласи билан ярашиш, фарзандлари тақдирига бефарқ бўлмаслик ва келгусида уларнинг бахти учун масъулиятни тўлиқ зиммасига олишга қарор қилди.
Оилалар ярашди, юраклар яқинлашди. Шу муносабат билан қарздорларга нисбатан тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари ва Мажбурий ижро бюроси Чироқчи туман бўлими иш юритувидаги алимент ундирувига оид ижро ишлари тамомланди.
Фарзанднинг орзу ва эҳтиёжларини кечиктириб бўлмайди. Меҳр ва масъулият мавжуд оилада адолат ҳам, бахт ҳам мужассам бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!