date

Зангиотада эшак ва қорамол суяклари тўла юк машинаси тўхтатилди

Зангиотада эшак ва қорамол суяклари тўла юк машинаси тўхтатилди

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида ноқонуний равишда ҳайвон суяклари ташилаётган навбатдаги ҳолат фош этилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотича, 3,5 тоннага яқин эшак ва қорамол суяклари юк машинасида сақланаётган ҳолда қўлга олинган.

Текширув фуқароларнинг мурожаатларидан сўнг Тошкент вилояти карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи, ҳудудий ветеринария мутахассислари ва профилактика инспекторлари иштирокида ўтказилган рейд давомида амалга оширилган. Текширув пайтида юк машинаси ичидаги қопларга жойланган катта миқдордаги суяклар аниқланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу суяклар Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги чиқиндихоналардан йиғиб олиб келинган. Ҳайдовчи ўзининг кўрсатмасида суякларни пул эвазига ташиётганини маълум қилган, аммо ҳеч қандай ветеринария ёки санитария ҳужжатини тақдим эта олмаган.

Шу сабабли топилган суяклар тегишли ташкилотларга топширилиб, санитария қоидаларига мувофиқ қайта ишланиб йўқ қилинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари асосида баённома расмийлаштирилган.

Мутахассислар таъкидлашича, бундай ҳолатлар санитария хавфсизлигига жиддий таҳдид солади. Нотўғри сақланган ёки ветеринария назоратисиз ҳайвон қолдиқлари турли касалликлар тарқалишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун фуқароларга бу каби ҳолатлар ҳақида тегишли идораларга зудлик билан хабар бериш тавсия этилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Зангиотада эшак ва қорамол суяклари тўла юк машинаси тўхтатилди