
Тириклик дунёсида одамлар нотекис яшашади, яъни, бой бойлиги, камбағал камбағаллиги билан ажралиб туради. Аммо у дунёда шоҳу гадо баробар! Ҳатто Амир Темурдек буюк соҳиби салтанат ҳам вафотидан кейин жасадини устози Саид Бараканинг пойига дафн этишни васият қилганлар. Толстой жасади насронийларнинг маҳобатли қабристонига эмас, Ясная Полянадаги ўз чорбоғига қўйилган.
Адиб ўлимидан олдин қариндошларини йиғиб, гўри устига бирон ёдгорлик ўрнатмасликларини тайинлаган. Ҳозиргача марҳумнинг васиятини бузишга ҳеч ким журъат этолмайди. Граф Лев Толстойдай одам ҳам ўзи ва яқинларини Яратганнинг қаҳрини келтирадиган ишлардан халос этган экан.
Пойтахтимиздаги энг қадимий қабристонлардан бири “Чиғатой” бир пайтлар “Коммунистлар мозори” деб аталган. Бу ер иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини ҳам ўз бағрига олган. Марҳумлар макони қабристонлар ҳақида ёзишдан мақсадимиз ўтганларни эслаш, уларга ҳурмат бажо келтириб, дилимиздаги гапларни айтишдир.
Ёзувчи ва жамоат арбоби Шароф Рашидовнинг ҳам қабри шу ерга кўчирилганини кўриб, халқ ўзи севган ва мурувват кўрган фарзандларини ҳеч қачон унутмаслигига амин бўлдик. Рашидов атрофида номини саҳна асарлари орқали таниган Мухтор Ашрафий, ўзбек киносининг отаси Комил Ёрматов, жаҳондаги не-не нодир қўлёзмаларни ўрганган Ҳамид Сулаймон, эндокринология соҳаси асосчиларидан бири Ёлқин Тўрақулов, атоқли биолог Убай Орипов ва бошқа бир қанча давлат ва жамоат арбоблари, академиклар, таниқли шоир ва ёзувчилар, меҳнат қаҳрамонлари ҳам бор.
Қалбида қанча ушалмай қолган орзу-умидлари ўзи билан бирга кетган Миртемир домланинг қабрига борганимизда, “Мажнунтол тагига ўтказинг мени, Мажнунтол йиғласин, мен йиғлаб бўлдим”, деган сатрлари хаёлимизда айланган бўлса, Абдулла Ориповнинг қабрини зиёрат қилиб, “Жаннатга йўл” драмаси ёдимизга тушди.
Мазкур драмада бир шоир йигитни жаннатга кириши учун атиги икки пайса савоб етмай қолади. Шунда у тириклигида халқ, миллат, жамият дарди ва оғриқлари бир четда қолиб, беҳуда нарсаларни қаламга олганидан афсусланади. Қўшни қабрдан осойиш топган Эркин Воҳидовнинг “Руҳлар исёни” достонидаги муросасиз саволлар қалбимизни ағдар-тўнтар қилиб юборади.
Улар бизни тамагирлик, мунофиқлик ва худбинликдан нари бўлиб, виждон билан яшашга, халққа фойдаси тегадиган ишлар қилишга чорлагандай бўлади. Улар хотирасини абадийлаштириш учун кўчалар, мактаблар ва олий таълим масканларига номлари берилган. Улар яшаган, ижод қилган уйлар музейга айлантирилган. Бундай ватандошларимизнинг ҳаёт йўлини ёшларга таништириш, улар сиймосида келажак авлодни тарбиялаш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз.
Тама
Одатда ҳаётда ҳар ким ҳар хил поғоналарга эга. Кимдир мансабдор бўлса, кимдир оддий фуқаро. Униси ҳашаматли уйда яшаса, буниси оддий уйда истиқомат қилади. Дунёдан ўтгандан кейин бой ҳам, камбағал ҳам баробардир. Қабристонда доно билан нодон, ботир билан қўрқоқ, бой билан камбағал ёнма-ён ётиши табиий ҳол. Аммо ҳаётдаги нотекисликлар шу ерга ҳам кўчиб келгани бизни ўйга солди. Гарчи қабул қилинган тартиб-таомилга кўра, дафн этилган жой (участка) доираси белгиланган бўлса-да, бу ерда ҳам табақалашиш сезилиб турибди. Тириклар гўё бир-бирларига ўзини кимлигини кўрсатиб қўйиш учун марҳумларга илтифот кўрсатаётгандек.
Қабрга қимматбаҳо ёдгорлик ўрнатиб, атрофига кўрпачалар солиб қўйган билан барибир марҳум тирилиб келмайди-ку, деган гап хаёлимизга келди. Қанча ёдгорлик, сурат, ҳайкал ўрнатиб, атрофини цементлаб ташлаган билан вақт ҳамма нарсага ўз ҳукмини ўтказади. Тупроқдан яралдикми, бора-бора яна шу тупроққа қўшилиб кетамиз. Ҳеч бўлмаса, марҳумларни ўз ҳолича тупроқ бўлишига қўйиб берайлик, дегинг келади. Оламдан ўтганлар номини абадийлаштириш учун қўйилган тошларда ҳам тамалар сезилади.
Масалан, мана бу қабр тошидаги ёзувга эътибор беринг: “Фалончи бувижон, Яратган сизни ўз раҳматига олсин! Ушбу қабртош ўғлингиз Ботиржон, қизингиз Шоҳидахон, жиянингиз Воситжон ва сизни яхши кўргувчи набирангиз Азаматжон томонидан қўйилди”. Ўйлаб қоласан киши: шуни муҳтожларга хайр-садақа қилсалар, шунинг савоби ҳам марҳумларнинг руҳига етиб боради-ку?! Қабристонда оёқ босгудек жой йўқ.
Ҳар бир марҳумга ярқираган мармардан маҳобатли ёдгорлик ўрнатилиб, атрофи цементлаб ташланган. Бу кетишда бора-бора ҳаммаёқ тош-бетонга айланиб кетмайдими? Бундан хулоса шуки, қабристонларда ҳам назорат ва тартиб ўрнатилиши керак. Бу ерни “кимошди” савдосига айланиб бораётгани нафақат марҳумлар, балки тирикларга ҳам зулм-ку!
Гулу чечакларга бурканган қабрлар ёнида ёввойи ўтлар босиб ётган мозорларни кўриб, шуларнинг ҳам яқинлари бормикан, деган савол ўтади кўнгилдан. Ҳайриятки, Тошкент шаҳар ҳокимияти “Чиғатой”ни ўз оталиғига олган. Ишчилар қаровсиз қабрларга ҳам қараб туришибди. Келганлар яқинларини зиёрат қилиб кетиши учун қулай шароит яратилган. Лекин бошқа жойларда аҳвол қандайкин?! Ҳар ҳолда, қабристоннинг ҳам ўзига хос қоидалари бор.
Cўнгги йўл
Ҳақларига дуо-ю, қабрларидан хабар олиб туриш. Тирикчилик ташвишларидан ортиб, ҳамма ҳам қабристонга келишга вақт тополмаслиги мумкин. Бу борада қабристон мутасаддиларидан бири Мираббос Ҳошимов билан суҳбатлашганимизда, аҳолининг қабристондаги ободончиликка эътиборсизлигини айтиб қолди. Умумхалқ ҳашарларида диний идоралар, Ёшлар иттифоқи марказларига хат билан чиқишибди. Бундан бирор натижа чиқмагач, ёлланма ишчилар меҳнатидан фойдаланаётган экан.
Республика Вазирлар Маҳкамаси 2018 йил 15 февралда “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилгани муқаддас масканларни сақлаш ва қадрлаш, халқимиз онгида аждодлар хотирасига ҳурмат-эҳтиром туйғуларини шакллантириш билан бирга, ҳар бир қадамжо ва зиёратгоҳни ободонлаштириш, янада файзли, тароватли гўшага айлантириш, бу борада маънавий-маърифий тарғибот ишларини кучайтиришга хизмат қилмоғи керак. Ахир, ҳамманинг ҳам борадиган сўнгги манзилимиз шу Ер-ку!
“Чиғатой”дан бир умиди бор
“Минор”га йўл олдик. Не кўз билан кўрайликки, бу ерда ҳам диний ва миллий қадриятларимизга зид ишлар кўзга ташланади. Айримларни шу ердан ҳам умиди бор шекилли, ўлмасдан туриб, ўзига “жой” ҳозирлаб қўйибди. Ҳар ойда бир марта келиб, атрофига гуллар экиб кетишаркан. Ҳатто махсус қоровул ёллаб, қараб туриши учун маош тўларкан.
Гўрковлардан бири Ислом Усмоновнинг айтишича, яқинда бир киши ўзига сағана қурдирибди. Орадан кўп ўтмай, ўзи оламдан ўтибди. Тайёрлаб қўйган жойига дафн этишибди. Бундай ҳолатлар аввал ҳам кузатилган экан. Ҳамма нарса ниятга боғлиқ, дейдилар. Ҳадиси шарифлардаги ўлимни орзу қилманглар, ўлим ҳақ. Ҳаммамиз ўлишга улгурамиз. Лекин дунёга инсон яшаш учун келади. Яшашга кечикмаслик керак, дейилганини унутмайлик.
Яшаш ҳам бир имкон. Ҳалол меҳнат қилиб, Ҳақ йўлида яшаган одам бандаликни бажо келтирганда, хокисор қабрда ётгани билан қадри оёқ ости бўлиб қолмайди. Ёки аксинча, ҳаётлигида ўз инсонийлигини йўқотиб, ўлгандан кейин қимматбаҳо мармарлардан “безанган” қабрга қўйилгани билан у нариги дунёда ардоқланиб қолмайди. Қабристондан қайтаётганимизда, қабр устида ўрнатилган қимматбаҳо ёдгорликлар, гулчин темир панжараларга ҳам вақт ўз ҳукмини ўтказганини кўриб, оғир мулоҳазага чўмдик.
Инсон нима бўлибди, ҳатто алп тоғлар ҳам, маҳобатли обидалар ҳам бора-бора ҳусну тароватини йўқотади. Аммо инсондан энг яхши хотира бўлиб, унинг эзгу ишлари, қобил фарзандлари, шогирдлари ва боғ-роғлари қолади. Шундай яшаш ва боқий ном қолдириш ҳаммага насиб этсин
А. УМИРОВА
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар