18:00 / 16.02.2020
2 561

Комил Алламжонов – АОКАдан кетиши, янги фонд, сўз эркинлиги ва газеталар келажаги ҳақида

Комил Алламжонов – АОКАдан кетиши, янги фонд, сўз эркинлиги ва газеталар келажаги ҳақида
YouTube`даги «Улар» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов бўлди. Дастурда Алламжонов АОКАдан кетиши, миллий журналистика ва блогингдаги вазиятга оид саволларга жавоб қайтарди.

Унинг айтишича, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидан кетиши «жамоанинг шахсий қарори» бўлган.
«Нега деганда, барибир эркин ишлаш иштиёқи тарозиси оғирлик қилди», дейди Комил Алламжонов.

«Тўғри, жуда кўпчилик савол берди: «Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимидан ҳеч ким ўз хоҳиши билан кетмаган, ҳеч қачон ундай бўлмайди. Одамлар бунга эриша олишмайди-ю, сизлар ариза ёзиб кетибсизлар?» деган гаплар ҳам бўлди.

Лекин қадриятлар биз учун бутунлай бошқа нарсада. Лавозим – бугун бор, эртага йўқ нарса. Олдимизга қўйган мақсадларимиз, эришмоқчи бўлган ютуқларимиз давлат иши билан боғлиқ бўлмаса, у ишдан кетган маъқул
», – дея ўз истеъфосини тушунтирди АОКАнинг собиқ раҳбари.

Алламжонов давлат органидан кетгач, олдида қандайдир эшиклар ёпилиши мумкинлиги ҳақида саволга шундай жавоб берди:
«Фондимиз, журналист ва блогерлар овозининг жамланмаси учун қандайдир эшиклар ёпиладиган бўлса, биз қаттиқроқ таққилатамиз, эшиклар ёпилса деразадан кириб борамиз. Олдимизга қўйилган мақсад, миссия ва вазифани сифатли бажариш учун курашамиз, ҳаракат қиламиз».

Алламжоновнинг «Улар» лойиҳасида янграган бошқа фикрлари:
«Майк Тайсон жаҳоннинг мутлақ чемпиони даражасига эришганидан кейин ҳам яна рингда кураш олиб боргани [ва енгилгани] менга жуда қаттиқ таъсир қилган. Шундан сўнг чемпионлик вақтида кетиш керак экан, деган фикрга келганман. Чиройли келиб, чиройли кетиш — бу жуда муҳим».

«Жамоатчилик фондимиз асосан журналистлар ва блогерларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, уларни ўқитиш, уларнинг касбий малакаларини ошириш, чет элларда малака оширишларини таъминлаш, вазирлик ва идоралар ахборот хизматларининг ОАВ билан ишлашини ўргатувчи курслар ташкил қилиш — умуман, ОАВ, журналистлар ва блогерларни қўллаб қувватлаш, сўз эркинлигининг таъминланишига кўмак бериш билан шуғулланади».

«АОКАда ишлаган давримизда туҳмат ёки ёлғон маълумотлар учун жиноий жавобгарликни енгиллаштириш масаласини раҳбариятга кўтариб чиқдик. Сўз учун, матбуотда айтилган гап учун журналист ёки блогер қамалиши керак эмас, деган ғояни кўтариб чиқдик ва президентимиз томонидан бу маъқулланди».

«Ҳар қандай ижод лицензияланиши керак эмас. Ижод эркин бўлиши керак. Бу ҳам сўз эркинлигига киради».

«Газеталарнинг мажбурий обунаси тўхтатилса — газета қолмайди. Бозорда ўз ўрнини топган газета ва журналлардан айримларини айтмасак. Ўзбекистонда 98 фоиз газеталар шу пайтгача мажбурий обуна бўлиб келган. Нега мажбурий обуна? Сўз эркинлиги бўлмаганидан кейин газеталар ҳам қизиқ бўлмайди, одамларда қизиқиш уйғотмайди».

«Ҳозир замон ўзгарди. Мажбурий обуна кундан кунга камаймоқда. Газеталар ҳам эркин рақобат, эркин бозор муҳитига секин-секин қадам босмоқда. Агар улар ўзларини шунга мослаштиришмаса, албатта улар ёпилиб кетади».

«Шахсий фикрим: газета форматининг келажаги деярли йўқ, деб ҳисоблайман. Чунки ҳаммаёқ интернетга ўтиб кетяпти, ҳаммаёқда планшет, гаджетлар. Балки, газеталарнинг қандайдир кичкина аудиторияси бўлар, лекин – ҳаёт, рақамли технологияга мослашиш керак».

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Комил Алламжонов – АОКАдан кетиши, янги фонд, сўз эркинлиги ва газеталар келажаги ҳақида