14:00 / 19.02.2020
2 995

Ҳаёт тегирмони...

Ҳаёт тегирмони...
Тегирмон гуруллаб ишлайди. Ҳали – ҳозир бункерга тўкилган буғдой оппоқ ун бўлиб хампага қуюлади. Раҳматжон билан гурунгимиз қўр олади.
Раҳматжон ҳамқишлоғим. Бир йилча олдин узоқ “сафар”дан қайтди. Ўзи ҳам ўн олти йил “ўтирди”. Бу орада қизи қиз бўлиб, у ёққа кетаётганда туғилган ўғлининг мўйлаби сабза уриб, овози дуруллаб қолди. Келаси йили мактабни битиради.

– Президентимизга минг раҳмат! – дейди Раҳматжон. – Аризамни инобатга олиб, афв этдилар. Муддатидан олдин ёруғликка чиқдим. Ота-онам, оилам, фарзандларим бағрига қайтдим...

Йигитнинг рангпар, ажиндор юзларига, қордек оқариб кетган сочларига зимдан разм ташлайман. Инсон пешонасида нималар бор, “ёзуғи” не билмас экан-да. Қандоқ йигит эди-я, Раҳматжон... Қишлоғимизга туташ ишчилар шаҳарчасидаги катта бир корхонада ишларди. Компьютер устаси, “программист” эди. Нима ҳам бўлди-ю, узоқ йили “қамалибди”, “диний оқимга қўшилиб қолган экан”, деган гап чиқди. Ўшанда биз ҳамқишлоқлар унга ачингандик. “Наҳот, ўқиган-нетган, олий маълумотли йигит шунчаликка борган бўлса?!”дея ўйлаганимиз ҳам рост.

– Ўзи нега бундай бўлганди? – бироз ноқулай бўлса-да, саволга тутаман тегирмончи йигитни.

– Ҳе, қўяверасиз, – дейди у. У пайтда энди компьютерлар саноқли, оммалашмаган пайтлар эди. Хонада ишлаб ўтирганимда бир нотаниш киши кирди. Саломлашди. Кўринишидан бинойи одам. Бошида дўппи. Ўзига ярашган калтагина мўрти-мўйлаби ҳам бор. “Укажон кечирасиз, сизни шу соҳа устаси эканингизни эшитиб атайин узоқдан истаб келдим, – деди қўлидаги кичкина китобчани кўрсатиб. Иложи бўлса шуни бир неча нусхага кўпайтириб берсангиз-чи? Соддалик қурсин. “Кимсиз? Қаердансиз? Бу ўзи қандай китоб?” деб сўрамабман ҳам. “Узоқдан кепти, атайин кепти” деб ўйлаб ишини бажариб берибман-да... Кейин билсам қандайдир диний оқим мақсад-муддаосини тарғиб этувчи китоб экан... Ҳалиги киши қўлга олиниб, терговчилар “қаерда чиқартиргандинг?” дейишса мени айтибди... Шу билан “қулоғимни ушлаб” кетдим...

“Бошингга не бало келса, бировданмас, ўзингдан кўр”, деб шунга айтишса керак-да...
Ахир, соддалик, кўнгилчанлик ҳам эви билан-да...

– Мени у ёқда кўп қийнаган, сочларимни буткул оқартириб, тишларимни тўкиб, қаддимни буккан нарса нима биласизми? – дейди хаёлимни уққандек Раҳматжон. – Ҳозирги замонда гап ётади, дейсизми? Оиламда бўлаётган ўзгаришлардан хабардор эдим. Мактаб директори бўлиб ишлаётган отамни ҳам, заводда цех бошлиғи бўлган укамни ҳам ишдан олишгани, онам шўрлик бунга чидамай ётиб қолганини ҳам билардим. Математикадан нуқул “аъло”га ўқийдиган қизимни “отаси қамалган” деб олимпиаданинг туман босқичига ўтказишмаганидан ҳам хабардор эдим. Булар мени йигирма-ўттиз ёшга қаритиб юборган, юрагимни ҳар дам қиймалаб турарди. Бечора дадамнинг маҳалла-куйга аралашолмай қолгани, Ҳаж ибодатига бормоқчи бўлганда қайтарганларини эсласам... Нима айб, улар нега бунчалар хўрланиши, камситилиши керак?” деб ўйлардим нуқул...

Шукур, беадад шукур! Буларнинг ҳаммаси ортда қолди...

Раҳматжон “у ёқдан” қайтгач, ўзини меҳнатга урди. Банкдан кредит олиб ана шу тегирмонни қуриб ишга туширди. Томорқасида мўъжазгина иссиқхона ташкил этиб, ҳамқишлоқларига арзон нархда лимон, мандарин, помидор, булғор қалампири, бақлажон кўчатлари етиштириб беришни йўлга қўйди. Қисқа фурсатда оиласини, хўжалигини тиклаб олди. Яқинда бўлса кексайиб қолган ота-онасини муборак Ҳаж ибодатига юборди...

Бугун туманда тадбиркор сифатида унинг ўз ўрни, обрў-эътибори бор.
Тегирмон гуруллаб ишлайди. Димоққа янги янчилган буғдойнинг иси урилади.

Ортиқали НОМОЗОВ

Манба: Xs.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳаёт тегирмони...