
2020 йил 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилганди.
Йиғилиш натижаларига кўра корхоналарга ва якка тартибда ишловчи тадбиркорларга қўшимча солиқ имтиёзлари берилди, хусусан, туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилди, барча корхоналарнинг банклардан олинган кредитлар бўйича қарзларни тўлаш муддатлари узайтириб берилди (умумий 12 триллион сўм миқдорида), юридик шахсларнинг табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги 100 фоиздан 30 фоизга туширилди, асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмаслиги ва бир қанча ўта муҳим чоралар белгиланди.
Бугунги кунгача тадбиркорларни ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар кўпроқ давлатнинг ўз қонуний даромадларидан воз кечиш ва корхоналарнинг айланма маблағларини имкон қадар сақлаб қолишга қаратилган.
Аҳолининг кам даромадли қатламларини ҳимоя қилиш борасида эса болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун муддатини 6 ойдан 1 йилгача автоматик узайтириш, бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш, карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарларини бепул етказиб бериш каби тўғридан-тўғри моддий ёрдам бериш механизмлари жалб этилганини айтиб ўтиш мумкин.
Лекин деярли икки ҳафта ўтгандан сўнг тадбиркорлар муҳитида карантин муддати ва ундан кейин бўладиган иқтисодий шароит ҳақида мунозаралар яна кучаймоқда. Асосий масалаларни қуйидаги саволлар кўринишида муҳокама қилишимиз мумкин:
1. Карантин муддати давомида, яъни 20 апрелгача Covid-19’нинг тарқалиш суръатларини пасайтириш жараёнини жиловлаб бўлармикан?
2. Карантин шароитида бўлса ҳам, мавжуд чекланишларни бироз қайта кўриб чиқиш эвазига (умумий ҳушёрликни бузмаган ҳолда), қандай қилиб фаолиятни секин-аста жонлантириш мумкин?
3. Агар касаллик тарқалишини тўла жиловлашга эришилмаса, карантин муддати узайиш эҳтимоли катта бўлса, вақтинча таътил берилган, уйда ишлашга ўтказилган ходимлар билан апрель ойи учун ойлик маош тўловлари қайси манба ҳисобига бўлади? Ахир мамлакат иқтисодиётининг 60 фоизи ички маҳсулотини яратаётган кичик ва ўрта корхоналарда бугунги кунда оборот маблағлари қолмаган ва ана шу ойлик маош тўловлари учун манба йўқ (дори-дармон ва озиқ-овқат тизими ва дўконларидан ташқари);
4. Карантиндан чиққан тақдирда ҳам, ишлаб чиқаришни, узилган кооперацион алоқаларни тиклаш, мижозлар билан бўлган дастлабки келишувларни қайта кўриб чиқиш ва умуман, фаолият журъатини тиклашга камида 1-2 ой вақт ва бир қанча айланма маблағлар талаб этилади. Уларнинг манбайи қандай бўлади?
5. Баъзи соҳаларда ишлаб чиқариш цикллари (қурилиш материаллари саноати, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, текстиль) бир неча ойни ташкил этади. Энди бир оёққа турганда муддати чўзилган солиқлар, кредитлар ва ресурс тўловлари бирданига талаб қилинса, иқтисодий аҳвол яна қай даражада бўлади?
Биринчи савол, албатта, энг муҳим омил бўлиб, бугунги кунда унга жавоб бериш қийин ва фақат умид билан чекланиб қоламиз. Лекин бошқа саволларга ойдинлик киритиш мақсадида бир неча бизнес вакиллари билан ўтказган суҳбатларимизда, ҳатто карантин шароитида ишга туширилиши мумкин бўлган бир неча резервлар борлиги маълум бўлди. Шулар ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.
Биринчидан, халқ хўжалигига ўта керакли бўлган ва бугунги кунда давлатнинг божхона ҳудудида тўпланиб қолган ноистеъмол молларни турли импорт солиқлари (акциз ва қўшилган қиймат солиғи) ва божхона тўловларисиз, корхона раҳбарларининг кафолати эвазига эркин алмашув режимига киритишга рухсат бериш.
Бугунги кунда ана шундай муҳим чора истеъмол моллари, яъни озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотлари учун татбиқ қилинган. Тадбиркорларнинг умумий фикрича, ана шу қарорни бошқа ноистеъмол маҳсулотлар учун ҳам мустасносиз киритиш жуда катта ижобий амалий аҳамиятга эга бўлар эди. Дастлабки ҳисобларимиз бўйича, гап Ўзбекистон божхона ҳудудига кириб келган, 0,5-0,6 млрд АҚШ доллари миқдорига тенг бўлган маҳсулотлар ҳақида кетяпти. Агар ана шу импорт қилинаётган маҳсулотлар ички бозорда ўртача 50 фоиз устама қиймат яратади деб тасаввур қилсак, бу 1-2 ой ичида 0,75-0,9 млрд АҚШ долларига тенг айланма маблағлари деганидир.
Иккинчидан, кичик ва ўрта корхоналарга ўзлари асосий амалий операцияларини бажараётган банклар орқали 3-5 йиллик фоиз асосида 18 ойга мўлжалланган айланма маблағларини ойлик маошлар ва ишлаб чиқаришни тиклаш мақсадларига ишлатиш шарти билан марказлаштирилган кредитлар бериш. Бизда «Ҳар бир оила тадбиркор», «Ёш тадбиркор», «Обод маҳалла» дастурлари асосида марказлаштирилган кредит ресурсларини тақсимлаш ва ўзлаштириш тажрибаси бор.
Ана шу тажрибани бу ўринда ҳам кенгроқ қўлласа бўлади, баъзи ўзгаришлар билан. Бундай кредитлар бугунги шароитдан келиб чиққан ҳолда банклар томонидан тегишли гаров, имкони бўлмаганда эса, сифати паст бўлган гаровлар эвазига ҳам (бланк кредити) берилиши мақсадга мувофиқ. Банклар бу тарзда кредитларнинг пулли, муддатли ва мақсадлиликка бўлган талабларини бузмайдилар ва иложи борича ўз таваккалчилигини ҳимоя қиладилар.
Лекин, албатта, бу ҳол банкларда берилган кредитларнинг сифати пастлигига олиб келади ва Марказий банк томонидан гаровга олинадиган мол-мулк рўйхатини ва уларни баҳолаш механизмини, шубҳали кредитларга бўлган резерв талабларини қайта кўриб чиқишини тақозо қилади. Бундай сиёсат марказлаштирилган махсус маблағлар ҳисобига, Марказий банк ташаббуси ва назорати остида амалга оширилиши ҳамда ажратилган маблағлар тижорат банклари рўйхати ва мижозлари талабига мос равишда амалга оширилиши керак.
Тижорат банклари ўз ихтиёрлари билан рухсат берилган тақдирда ҳам, бундай таваккалчиликка бормайдилар. Бу жараёнга банкнинг энг ишончли ва узоқ муддат мижози бўлган корхоналар вакилларидан жамоатчилик назорати жалб этилса, аминмизки турли нохуш коррупция ҳоллари кескин камаяди.
Учинчидан, айланма маблағларини тўлдириш учун олинган кредитлар ҳисобига корхоналар ойлик маошларини тўласалар, ижтимоий жамғарма фондига ажратмалар ва индивидуал даромад солиғи тўловлари муддати кредит тўла қопланувига қадар кечиктирилиши мақсадга мувофиқ.
Қисқа қилиб айтганда, давлатнинг бевосита иқтисодий ёрдами бугунги кунда кимга берилиши керак: аҳолигами ёки корхоналарга деган саволга, биз корхоналарга деб жавоб берамиз. Чунки ҳар бир ҳужжатга корхона раҳбари ва таъсисчилари имзо чекади, демакки жавобгарлик ва белгиланган мақсадга эришиш даражаси анча юқори бўлади. Қолаверса, ҳар бир таъсисчи фақатгина бир кунини эмас, балки камида 2-3 йиллик фаолиятини ўйлаб иш тутади.
Албатта, бу кўрсатилган таклифлар барча жабҳалар ва муаммоларни қамраб олмайди. Лекин тадбиркорларга нисбатан ишонч ва бизнес муҳитини соғломлаштиришда энг кичик ва муҳим қадамлар деб қаралади.
Абдулла Абдукадиров
Иқтисодий таҳлилчи
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Иқтисодий таҳлилчи
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар