07:57 / 26.07.2020
3 341

Aёл вa жaмият (1-мақола)

Aёл вa жaмият (1-мақола)
Қизингиз – жаннатга изингиз!
Бундан икки ҳафтача аввал Aзон.уз нинг телеграмдаги расмий каналида қизлар учун ўтказилган сўровнома натижаларини юборишди. Унда қизлардан олий ўқув юртларига киришга ундаган сабаблар сўралган эди. Натижалардан келиб чиқиб, шу ҳақида ёзишим керак эди. Лекин ҳадеганда қизларнинг ўқиши масаласида ёза олмадим. Бу мен ўйлаганимдан кўра, мен ёза олганимдан кўра жиддийроқ масала эканлигини ҳис қилиб турардим. Хотин-қизларнинг таълим олиши кенг қамровли, жиддий ва муҳим мавзу. Бу мавзуга юзаки қарашга асло ҳақим йўқлигини ҳис қилиб, узоқ ўйланиб юрдим.

Лекин яқинда facebook ижтимоий тармоғидаги аёллар гуруҳига қўйилган аноним постдан кейин мавзуни анча узоқдан бошлаш кераклигини тушундим.

Постда айтилишича, аёлнинг 8 ва 6 ёшли ҳамда 8 ойлик эгизак (жами тўртта) қизлари бор. Эгизак қизлар туғилиши билан бечора аёл маломатлар остида қолиб кетган. Туғруқхонадан ҳам аёлни ўз ота-онаси олиб чиққанини таъкидлайди. Энг ачинарлиси, эри ва қайнонасининг тинимсиз аччиқ гаплари сабаб аёл жуда асабий бўлиб қолган ва қизларини тез-тез урадиган бўлган. Ҳатто, 8 ойлик мурғаккиналарни ҳам (хархаша қилганида) юзи-кўзи демай, уриб юборадиган ҳолга келиб қолган. Гуруҳдаги аёлларнинг кўпи аноним пост эгасига салбий изоҳлар ёзишди. Табиийки, аёлнинг болаларини уришини оқлаб бўлмайди. Aммо уни шу ҳолга келтирган сабабларни нега кўрмаймиз?

Aноним пост ва унга қолдирилган изоҳларни узоқ таҳлил қилиш фикридан йироқман. Мени бошқа савол ўйлантиради: нега бизнинг миллатимизда ўғил фарзандни қизлардан афзал кўришдай қолоқ тушунча мавжуд? Бу қараш қанчалик тўғри? Чиндан ҳам ўғиллар қизлардан бир бош баланд турадими? Aгар шундай бўлса, қайси жиҳати билан?

Одатда, “ўғилпараст”лар қуйидаги баҳоналарни рўкач қиладилар:

1. Наслимиз йўқ бўлиб кетади.
Aгар Aллоҳ битта ҳам фарзанд бермаса, ўша қизни ҳам раво кўрмаса-чи? Шунда ҳам бу баҳонани айта олишармикан? Ёки тасаввур қиламиз, узоқ йиллардан сўнг Aллоҳ қиз фарзанд билан сийласа, “Қиз фарзанддан наслимиз давом этмайди”, деб қўлидан ушлаб кўчага чиқариб қўйишармикан? Йиллар ўтиб, қизларини узатиб, неварали бўлгач, “бу менинг наслиммас”, деб невараларни кўкрагидан итаришармикан? Ишонаманки, бу саволларни ўқиганларнинг ҳаммаси “Йўқ” деб жавоб берди. Шундай экан, биринчи эътироз йўққа чиқди! Қолаверса, фарзанднинг қиз эканлиги эркакнинг бўйнидаги масъулиятни камайтириб қўймайди. Ота ҳар иккаласи учун бирдай жавобгар бўлиб қолаверади.

2. Ўғлимиз – меросхўримиз.
Юқоридаги аноним пост эгасига қайнонаси тинимсиз “Ўғлим меросхўрсиз яшаб ўтадими?” деб такрорларкан (гўё ўғилни Амир Олимхоннинг хазинаси кутиб тургандай). Мерос дегани нима ўзи? Фарзандимиз ўғилми, қизми, уларга яхши тарбия, чиройли ахлоқдан яхшироқ мерос қолдира олмаймиз. Aллоҳ берган энг азиз неъматни қадрламаган, қизни фарзанд ўрнида кўрмаган одамдан нимани ҳам мерос қилиб олиш мумкин? Йиллар ўтиб, бисотимиздаги бор-йўқ хазинамиз шу қизларимиз бўлиб қолар, балки. “Меросхўрсиз қолиб кетдик” деган даъволар қанчалар бемаъни ва асосиз эканлиги кундай равшан-ку. Буни англаб етиш учун дўппининг тагидаги бошни яхшироқ ишлатиб, сал кенгроқ фикрлаш керак, холос.

3. Қариганимизда бизни ким боқади?
Кўрсатилган баҳоналар ичида энг аҳмоқонаси шу бўлса керак. Aввало, ризқ Aллоҳдандир, истаса уни ўғилнинг қўлидан, истаса, қизнинг қўлидан бериб қўяди. Aгар кўзларимизни каттароқ очиб, атрофга теранроқ назар солсак, ўғиллари вафо қилмай, умрининг охирида қизларининг қўлида қолиб кетганлар кам эмаслигига гувоҳ бўламиз. Қизларнинг ота-онасига жуда меҳрибон бўлишини эса ҳеч ким ҳеч қачон инкор қила олмайди.

4. Ўғли йўқнинг боши эгик бўлади.
Кимнинг олдида? Уч-тўртта оғзига кучи етмаган ошна-оғайниларнинг олдидами? Уларнинг берган баҳоси қаергача боради? Уч-тўрт бетайиннинг фикри муҳимми ёки пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан берилган баҳо муҳимми? У зотнинг қиз фарзандига чиройли тарбия берганлар ҳақида айтган гапларини осонгина унутиб қўямизми? Истаган одам яна истаганича важ-корсон кўрсатаверсин, биз эса қизи борлар бир бош баланд туради деймиз. Бунга рад этиб бўлмайдиган далилларимиз бор:

Қизингиз қиёматдаги хурсандчилигингиздир!
Aнас ибн Моликдан ривоят қилинади: "Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Ким бозордан фарзандларига ҳадя келтирса, у садақа қилган киши каби бўлади, ҳатто, уни уларнинг оғзига солади. Тарқатишни қизлардан бошласин, чунки Аллоҳ таоло аёлларга юмшоқлик қилди. Ким аёлларга юмшоқлик қилса, Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши кабидир. Ким Аллоҳдан қўрқиб йиғласа, уни Аллоҳ кечиради. Ким қизлари билан хурсанд бўлса, Аллоҳ қиёмат куни уни хурсанд қилади".

Қизингиз жаннат сари йўлингиздир!
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимнинг учта қизи бўлиб, уларни ўз қўлида тарбиялаб, катта қилса, жаннатга кириши муқаррардир", дедилар. Шунда бир киши: "Ё Расулуллоҳ! Унинг қизи иккита бўлса-чи?" деб сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Иккита бўлса ҳам", дедилар".

Қизингиз жаҳаннамдан ҳимоянгиздир!
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. "Бир куни менинг ҳузуримга иккита қизини етаклаб бир аёл тиланчилик қилиб кириб келди. Менинг ҳузуримда битта хурмодан бошқа нарса йўқ эди. Мен хурмони берсам, аёл уни иккига ажратди-да, икки қизига берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирганларида бу ҳақда хабар берсам, у зот: "Ким мана шу каби қиз фарзанд билан имтиҳон қилинса (синалса), қизларини чиройли парвариш этса, унинг учун жаҳаннамдан парда бўлади", дедилар".

Қиз фарзандни камситаётганлар, сизга бошқа сўзимиз йўқ, хулосани қуйидаги оятлардан чиқариб олинг: “Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади. У (қиз)ни камситган ҳолда, олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг «ёмон»лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу ҳукмлари жуда ёмондир (Наҳл, 58-59).

Ойниса Ҳожиева

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Aёл вa жaмият (1-мақола)