date

ФТБ собиқ директори Жеймс Комига қарши оғир айблов қўйилди

ФТБ собиқ директори Жеймс Комига қарши оғир айблов қўйилди

Россиянинг 2016 йилдаги АҚШ президентлик сайловларига аралашувини ўрганган тергов жараёнининг асосий фигуранти ҳисобланган Федерал тергов бюросининг собиқ раҳбари Жеймс Коми янгидан судга тортилиши мумкин. Унга нисбатан ёлғон гувоҳлик бериш ва адолатни тўсиш каби жиддий айбловлар қўйилди. Бу ҳақда 26 сентябрь куни Американинг нуфузли ABC News телеканали хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, АҚШнинг Виржиния штати Шарқий округи федерал прокуратураси Комини 2020 йилда Сенатнинг суд қўмитаси олдидаги чиқишида ФТБнинг Доналд Трамп сайловолди штаби билан Россия ўртасидаги эҳтимолий алоқаларга доир тергов ҳақида асоссиз ва ёлғон маълумот берганликда айбламоқда. Айбловнинг барча тафсилотлари ошкор қилинмаган бўлса-да, ҳуқуқшунослар собиқ амалдор беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.

Комининг ўзи эса ўзини мутлақ айбсиз деб ҳисоблаб, бу ҳолатни сиёсий интиқом деб баҳолади. Унинг таъкидлашича, айбловлар ортида президент Доналд Трампнинг шахсий қасоси ётибди. «Мен ва оилам Трампга қарши позицияда туришнинг ҳар доим нархи бўлишини биламиз. Бироқ биз тиз чўкиб яшашни ҳеч қачон қабул қилмаймиз. Ҳеч ким ҳам бундай ҳолатда юксак қадр-қимматини йўқотиб яшаши шарт эмас», деди Коми. Шу билан бирга, у федерал суд тизимининг холис ва адолатли қарор чиқаради, деган умидини билдирди.

Эътиборли жиҳати шундаки, Комига қарши айбловлар Виржиния прокуратурасидаги кескин ўзгаришлардан сўнг қўйилди. Трамп аввалроқ федерал прокурор Эрик Сибертни лавозимидан озод этганди. Манбаларга кўра, Сиберт Сенатдаги кўрсатмалардан келиб чиқиб, Комига жиноий иш қўзғатиш учун етарли асос топмаган. Шунингдек, унинг ўрнига Трамп Оқ уйдаги ишончли ёрдамчиси ва собиқ адвокати Линдси Ҳаллиганни тайинлади.

Мутасаддилар бу жараён АҚШ сиёсий саҳнасида яна катта тортишувларга сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Чунки Коми — фақатгина ФТБнинг собиқ раҳбари эмас, балки Трамп маъмурияти давридаги энг катта можаролардан бири — Россия сайловга аралашуви иши билан боғлиқ асосий шахслардан бири сифатида ҳам тарихда қолган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » ФТБ собиқ директори Жеймс Комига қарши оғир айблов қўйилди