date

Ўзбекистон вилоятлари орасида тўғридан тўғри парвозлар йўлга қўйилади

Ўзбекистон вилоятлари орасида тўғридан тўғри парвозлар йўлга қўйилади

Айни вақтда Ўзбекистоннинг йирик шаҳарлари орасида ҳаво қатновлари жуда чекланган ҳолда амалга ошмоқда. Масалан, Урганчдан Фарғонага ёки Самарқанддан Нукусга бевосита авиақатновлар мавжуд эмас, бу эса ички туризм ва сайёҳлар ҳаракати учун жиддий тўсиқ ҳисобланади. Ҳозирги пайтда фақат Тошкент орқали парвозлар йўлга қўйилгани маълум.

Туризм соҳасидаги имкониятларни кенгайтириш ва хорижий меҳмонлар оқимини кўпайтириш мақсадида мамлакат ҳудудлари орасида ҳам тўғридан тўғри авиақатновларни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақдаги фикрлар Стратегик ислоҳотлар агентлигида «Reformatics» консалтинг компанияси раҳбари Ника Гилаури билан бўлиб ўтган учрашувда илгари сурилди, деб хабар берди агентлик матбуот хизмати.

Маълумотларга кўра, мазкур компания билан ҳамкорликда Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга қаратилган 2040 йилгача мўлжалланган кенг қамровли стратегия ишлаб чиқилмоқда. Бу жараёнда экспертлар мамлакатдаги меҳмонхоналар ва туроператорлар ҳолатини, транспорт инфратузилмасини, виза сиёсати билан боғлиқ масалаларни, турли ҳудудларнинг сайёҳлик салоҳияти ҳамда хизмат кўрсатиш объектларини пухта ўрганишди.

«Ўтган йилнинг ўзида мамлакатимизга 10 миллиондан зиёд хорижий турист ташриф буюрди. Лекин тарихий ёдгорликлар, маданий мерос, гўзал табиат манзаралари ва гастрономик имкониятларга нисбатан бу рақам етарли эмас. Шу сабабли сайёҳлар сонини йиллик 20 миллион нафарга етказиш, юқори даромадли меҳмонларни жалб этиш асосий мақсад қилиб қўйилган», дейилади хабарда.

«Reformatics» мутахассислари бу йўлда бешта устувор йўналишни таклиф қилган: маданият ва тарихий меросни оммалаштириш, гастрономик туризмни ривожлантириш, люкс ва элита сайёҳат хизматларини кенгайтириш, кўнгилочар йўналишларни кўпайтириш ва инновацион туризм йўналишларини жорий этиш. Бу ўз навбатида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, янги туристик маҳсулотлар яратиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва самарали маркетинг орқали Ўзбекистонни халқаро майдонда янада кенг тарғиб қилишни талаб этади.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори таъкидлаганидек, туристларнинг мамлакатга келишига таъсир этувчи энг муҳим омиллардан бири транспорт соҳаси ҳисобланади. Халқаро рейсларни кўпайтириш билан бир қаторда, ҳудудлар орасида ҳам фақат пойтахт орқали эмас, балки тўғридан тўғри авиапарвозларни ташкил этиш зарурлигига алоҳида урғу берилди.

Шу мақсадда, «Reformatics» консалтинг компанияси мутахассислари ҳар бир ҳудудга ташриф буюриб, маҳаллий мутасаддилар билан биргаликда қўшимча имкониятларни ўрганишга келишиб олинди. Бу эса вилоятлар салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш ва мамлакат туризм стратегиясини амалий натижалар билан таъминлашга хизмат қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон вилоятлари орасида тўғридан тўғри парвозлар йўлга қўйилади