18:04 / 28.07.2020
2 768

Ҳабибулло Оқилов: «Плаквенил» билан 12 мингга яқин беморни тузатиб чиқариб юбордик

Ҳабибулло Оқилов: «Плаквенил» билан 12 мингга яқин беморни тузатиб чиқариб юбордик
Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори, Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулло Оқилов «Плаквенил» дори воситасининг ҳамон қўлланилаётганига изоҳ бериб ўтди.

Жумладан, аҳолидан келиб тушган «Поликлиникадан берилган дорилар орасида «C Витамин», «Азитромицин» ва хитой ёзувли коробкада «Плаквенил» беришди. «Плаквенил» дориси атрофида шунча гап-сўзлар, нима учун поликлиникалар ҳалигача уни тавсия қилишяпти ва беморларга беришяпти?», — деган саволга мутахассис қуйидагича жавоб берган:

«Дори воситаси борки, унинг атрофида гап-сўзлар бўлаверади. Ҳозирги кунда коронавирусга қарши ишлатилаётган дориларнинг барчаси атрофида гап-сўзлар бор. Лекин Ўзбекистоннинг ўз тажрибаси бор. Биз 12 мингга яқин коронавирусга чалинган беморларни айни шу дори воситаси ёрдамида тузатиб юбордик. Тизимли равишда чет эллик ҳамкасбларимиз билан маслаҳатлашиб, тажриба алмашиб турибмиз.

АҚШ, Бразилия, Ҳиндистон давлатларида даво протоколларида «Плаквенил» сақланиб турибди. Ўтган ҳафта бир гуруҳ туркиялик олимлар Ўзбекистонга ташриф буюрди. Сўралганда улар Туркияда амбулатор шароитда ҳам, стационарда ҳам «Плаквенил» даволаш стандартларида борлигини қайд этди.

Куни кеча Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Сеченов номли тиббиёт университети профессорлари билан ўтказилган видеоконференцияда ҳам муҳокама қилинган саволларнинг биттаси айни «Плаквенил» қўлланишига бағишланган эди. Россиялик олимлар коронавирус касаллигининг дастлабки кунларида қисқа курс билан «Плаквенил» бериш мақсадга мувофиқлигини қайд этди».

Эслатиб ўтамиз, 16 июль куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раҳбарлигида коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссиясининг йиғилишида уйида даволанаётган коронавирус беморларини бепул дори-дармонлар билан таъминлаш юзасидан қарор қабул қилиниб, уларга етказиб бериладиган дори-дармонлар рўйхати тасдиқланган. Ушбу рўйхатга «Гидроксихлорохин», «Азитромицин», «Парацетамол», «C Витамин» каби дори-дармонлар киритилган.

19 июлда эса Республика махсус комиссияси аъзоси, профессор Феруза Ҳамробоева ЖССТ самарасиз деб топган «Гидроксихлорохин» препарати Ўзбекистонда нега қўлланилаётганига изоҳ берган ва коронавирусга қарши курашда сезиларли ютуқларга эришган Хитой билан вебинарлар ўтказилаётгани, клиник протокол бир умрлик ҳужжат эмаслиги, у доим қайта кўриб чиқилишини айтганди.

Кейинчалик Ҳамробоеванинг ўзи «Тез ёрдам» кўрсатувида 13 июлда дори даволаш протоколидан олиб ташлангани, расмий протокол кўриб чиқилгани ва бепул тарқатилувчи тўртталик дори-дармон гуруҳи ичидаги «Гидроксихлорохин» даволаш протоколидан чиқарилганини билдирган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳабибулло Оқилов: «Плаквенил» билан 12 мингга яқин беморни тузатиб чиқариб юбордик