date

ЮНЕСКО раҳбари Ўзбекистонда «Дўстлик» ордени билан тақдирланди

ЮНЕСКО раҳбари Ўзбекистонда «Дўстлик» ордени билан тақдирланди
Самарқандда ўтказилган расмий тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле билан учрашув ўтказди. Суҳбат давомида кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва истиқболларни муҳокама қилиш асосий мавзу бўлди.

Мулоқот якунида Одри Азулега давлатнинг юксак мукофоти – «Дўстлик» ордени топширилди. Мазкур мукофот илмий, таълим ва маданий соҳаларда алоқаларни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари, шунингдек, Ўзбекистон халқининг бой тарихий ва маданий меросини халқаро миқёсда тарғиб қилишдаги шахсий ҳиссаси учун топширилди.

Суҳбат чоғида Одри Азуле Самарқандда ўтказилаётган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини ташкил этганлик учун миннатдорлик билдирди. У ушбу тадбирнинг тарихий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиб, сўнгги 40 йилда ташкилотнинг бош форуми илк бор Париждаги бош қароргоҳдан ташқарида ўтаётганини қайд этди.

Конференцияга кўрсатилган тайёргарлик даражаси ва кенг қамровли дастур юқори баҳоланди. Сессия дастури муҳим ҳамкорликни акс эттирувчи қатор тадбирларни ўз ичига олади.

Улар орасида Тошкентда ЮНЕСКОнинг Минтақавий мактабгача таълим марказининг очилиши, сунъий интеллект этикаси бўйича тадқиқотлар учун Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро мукофот топширилиш маросими, шунингдек, Самарқанднинг 3000 йиллигига бағишланган махсус тадбир ўрин олган. Бундан ташқари, музей иши, сунъий интеллектни ривожлантириш ва гендер тенгликни таъминлаш масалаларига бағишланган соҳага оид форумлар ўтказилиши режалаштирилган.

Томонлар сўнгги йилларда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги муносабатларда эришилган сезиларли ютуқларни қониқиш билан қайд этдилар. Ҳамкорликда йирик халқаро конференциялар ташкил этилди, нуфузли халқаро мукофот таъсис этилди.

Шунингдек, мамлакатнинг янги объектлари ва маданий анъаналар элементлари Жаҳон мероси рўйхати ҳамда Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилиши муҳим натижалардан бўлди. Учрашув якунида устувор йўналишларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлик тасдиқланди.

2001 йилда ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига «Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси» сифатида киритилган Самарқанд яқинда расмий равишда «қариди». Янги археологик топилмалар ва фанлараро тадқиқотлар асосида шаҳарнинг ёши 2750 йилдан 3000 йилга қайта кўриб чиқилди ва бу 2025 йил июл ойида Самарқанд вилояти халқ депутатлари кенгаши қарори билан расман тасдиқланди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ЮНЕСКО раҳбари Ўзбекистонда «Дўстлик» ордени билан тақдирланди