12:05 / 25.08.2020
1 765

Миллий вакцина яратиладими?

Миллий вакцина яратиладими?
Бугун дунё бир бўлиб, битта масала – коронавирусни тезроқ енгиш устида бош қотирмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг раҳбари Тедрос Адҳаном Гебрейесуснинг маълумотига кўра, бу касалликни бартараф этиш учун камида икки йил керак бўларкан.

Ундан сал аввалроқ, «Майкрософт» компанияси асосчиси, миллиардер Билл Гейтс ривожланган давлатлар бу дард билан 2021 йилнинг охиригача курашишини, ривожланмаганлари эса 2022 йилгача коронавирусдан қутулолмаслигини маълум қилди. Эсингизда бўлса, айнан шу Билл Гейтс бундан беш йил аввал пандемияни олдиндан башорат қилган. Демак, у бир гапни билмаса гапирмайди.

Биз ривожланган давлатлар тоифасига кирмаймиз. Демак, ҳозирча ўзимизни «пандемия эрта-индин тугайди» деб овутишимизга ҳожат йўқ. Биз ҳам яна салкам икки ярим йил коронавирус билан курашишимиз лозим бўлади. Ҳа, афсуски шундай! Ўзи олти ойда бўларимиз бўлди. Расмий маълумотларга кўра, 40 мингга яқин киши коронавирусга чалинди. 300 га яқин одам нобуд бўлди. Мамлакат миллиардлаб доллар миқдорида зарар кўрди. Минглаб оилалар доимий даромад манбаидан айрилди. Бу ҳали босиб ўтишимиз керак бўлган йўлнинг олтидан бир қисми холос.

Бугунги кундаги расмий маълумотларга кўра, ҳар куни ўртача 400-500 киши касалликка чалиняпти. 6-7 киши ҳаёт билан видолашяпти. Олдимизда салкам икки ярим йил бор. Агар кўрсаткичлар шу зайлда давом этаверса, 2022 йил охирига бориб, касалланган сони 500 минг кишига, қурбонлар 5000 кишига етади. ЭНГ КАМИДА. Чунки, бугун ҳақиқий манзара эълон қилинаётган рақамлардан анча фарқ қилишини, минглаб одамлар шифохонадан ташқарида, ўзи касалланиб, ўзи тузалаётганини яхши биламиз. Вафот этаётганлар сони ҳам расмий маълумотлардагидан фарқ қилади. Қолаверса, келгусида касаллик кўрсаткичлари фоиз ҳисобида янада кўпроқ бўлиши мумкин.

Нега бунча ваҳима қиляпсан, дейишга ошиқманг! Албатта эртага нима бўлиши Гебрейесус ёки Билл Гейтсдан кўра Яратганнинг ўзига яхшироқ маълум. Ҳар бир иш Унинг хоҳиш-иродаси билан амалга ошади. Қолаверса, «Болта тушгунча кунда дам олар» деган гап бор. Бу давр оралиғида тиббиётда ҳам бир қанча ўзгаришлар бўлиши, янги даволаш усуллари, янги дори-дармонлар жорий қилиниши, пандемия башорат қилинганидан эртароқ ҳам тугаши мумкин. Хуллас ҳар икки ҳолатни ҳам эътибордан қочирмаслик керак.

Ҳозир дунё аҳли умид кўзи билан қараётган яна бир восита бу коронавирусга қарши вакцинадир. Бугунга қадар 160 дан ортиқ компания вакцина ишлаб чиқаришга киришган. Уларнинг 30 дан ортиғи дастлабки босқичлардан ўтган. Россияда ишлаб чиқарилган «Спутник В» вакцинаси билан сентябрдан бошлаб аҳолини эмлаш бошланади.

Ҳозирда Япония, Франция, Буюк Британия, АҚШ, Италия сингари мамлакатлар ҳам ўз вакциналари устида иш олиб боришмоқда. Ҳатто қўшни Қозоғистон Республикасида ҳам QazCovid-in вакцинаси ишлаб чиқилган ва клиник синовдан олдинги босқичда турибди.

Яқинда ЖССТ раҳбари вакцина ишлаб чиқарилганидан кейин айирмачилика йўл қўймасликка, уни тенг тақсимлашга чақирди. Демакки, шундай хавф, андиша мавжудки, ташкилот раҳбари бу ҳақда оғиз очган.

Катта эҳтимол билан дунё мамлакатлари яна икки қутбга – вакцинаси бор ва вакцинасиз давлатларга ажралса ажабланмайман. Бир тоифа давлатлар ўз вакцинаси истаган бошқа бир давлатга сотиши, айирбошлаши, ёки қайсидир шартлар эвазига текинга бериши ҳам мумкин.

Иккинчи гуруҳдагилар «арзонроқ вакцинани кимдан олсак бўларкин? Ким бизга ёрдам қўлини чўзаркин?» деб жовдирабгина қараб ўтираверади. Хуллас бу ёғига яна сиёсий ва иқтисодий ўйинлар бошланиб кетса керак.

Биргина Хитой чиқараётган вакцинанинг бир дозаси 100 доллардан ошиққа баҳоланмоқда. Қолган вакциналар ҳам 20 доллардан 60-70 долларгача боради. Кўпгина мутахассислар асосан 18 ёшдан юқори аҳоли қатламини эмлаш лозимлигини айтишмоқда. Ўртача 50 доллар атрофида баҳоланган тақдирда ҳам, мамлакатимизда 20 миллион киши эмланадиган бўлса, бу бир миллиард долларга тушаркан. Пандемия сабаб иқтисодиёти тобора заифлашаётган мамлакат учун бу каттагина маблағ. Бироқ, қайсидир давлатлар ёки ширкатлар вакцина баҳона яхшигина пул ишлайди. Чунки, миллионлаб дозалар жуда катта даромаддан дарак бериб турибди. Эҳтимол вакцинанинг таннархи бир неча цент билан ўлчанар. Аммо, ажал билан муқаррар юзма-юз турган пайтда буни ким ҳам ўйлаб ўтирарди? (Бугунги қарийб сувтекин пенициллинни ҳам бир пайтлар олтин баҳосига сотишган.)

Биз ҳозирча иккинчи гуруҳда турибмиз. Яқинда бир мутахассис танишим суҳбат асносида айтиб қолди. Бир пайтлар Тошкентда ҳам айнан Москвадаги Гамалея марказидан қолишмайдиган иммунология институти фаолият кўрсатган, кейинчалик юртимизда бу соҳага эътибор сусайиб кетгани сабабли институт ҳам ёпилган, ундаги мутахассислар турли хорижий давлатларга, хусусан ана шу Гамалея марказига ҳам кетиб қолишган экан. Бу гап қанчалик ҳақиқатга яқин билмадим, аммо, чиндан ҳам юртимизнинг жуда кўп олим ва мутахассислари бир пайтлар тирикчилик илинжда ўзга юртларга бош олиб кетгани бор гап.

Акс ҳолда, бугун қайси мамлакатнинг вакцинаси бизга мос келаркин, деб атрофга умид билан кўз югуртирмаган бўлармидик? Албатта, кейинги йилларда илм-фан, техника ва технология, инновация соҳаларига эътибор кучайди. Чет эга кетган малакали мутахассисларни қайтариш ҳаракатлари бошланди. Аммо, коронавирус номард ғанимдек кутилмаганда ҳамла қилди. Кўп ишлар охирига етмасдан қолди.

Хуллас, шу юртнинг бир фуқароси сифатида мени ҳам бир савол қийнайверади. Биз ҳам ўз вакцинамизни ярата олмаймизми? Бошқаларнинг «раъйи»га қараб ўтирсак, то 2022 йилнинг охирига қадар қанча талофатлар кўраркинмиз, қанча қурбонлар бераркинмиз?

Очиғи, мен иммунолог ёки вирусолог эмасман. Вакцина яратиш қанчалик осон ёки қийин эканини ҳам етарли даражада билмайман. Лекин наҳотки бир пайтлар самолётдан тортиб тракторгача йирик техникаларни ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган мамлакатда жимжилоқдек келадиган вакцинани яратиш ва ишлаб чиқаришнинг имкони бўлмаса? Очиғи, агар ўзимизда халқаро андозаларга жавоб берадиган вакцина яратиладиган бўлса, кўнгилли сифатида дастлабки синовларда иштирок этган бўлардим...

Манба: Xabar.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)