Tesla Мохаве чўлида улкан Суперчаргер станциясини очди

Tesla компанияси АҚШнинг Невада штатидаги Жан шаҳрида, Мохаве чўли ҳудудида янги йирик Суперчаргер тезкор қувватлаш станциясини ишга туширди. Ушбу мажмуа минтақадаги энг йирик қувватлаш пунктларидан бирига айланди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Янги майдон бир вақтнинг ўзида 64 та электромобилни қувватлаш имкониятига эга. Бу эса навбатларни сезиларли даражада қисқартириб, ҳайдовчилар учун қулайлик яратади. Жан шаҳри Лас-Вегас ва Калифорния ўртасидаги муҳим транспорт йўлаги ҳисоблангани боис, ушбу хаб яқин атрофдаги бошқа қувватлаш нуқталарига тушадиган юкламани камайтиради.
Суперчаргер тармоғини ривожлантириш Tesla компаниясининг асосий стратегик йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Бундай йирик станциялар узоқ масофага қатнайдиган электромобиллар учун асосий инфратузилмани шакллантиради ва АҚШ жануби-ғарбий йўналишидаги қамровни янада мустаҳкамлайди.
Ҳозирги кунда Tesla дунё бўйлаб 6 000 дан ортиқ локацияда 60 000 дан зиёд Суперчаргер қувватлаш нуқталарини ўрнатган. Компания, шунингдек, яқинда ўз станцияларида навбатларни бошқариш учун виртуал навбат функциясини ҳам жорий этган эди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!