
Ҳозирги кунда, буюк қадриятларимизнинг мазмунини ўзида ифодаловчи миллий тилимизнинг бой имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда. Бу борада мамлакатимизда эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Айниқса, давлат тилининг халқаро миқёсда ҳам фаол мулоқот воситасига айланиб бораётгани эътиборлидир.
Хусусан, хорижий мамлакатлар раҳбарлари билан бўладиган учрашув ва суҳбатлар, музокаралар, тегишли ҳужжатларни имзолаш маросимларида, нуфузли саммитларда, расмий матбуот анжуманларида ўзбек тилининг ўрни ва аҳамияти ортиб бораётгани ҳаммамизга ғурур-ифтихор бағишлайди.
Шу борада ўзбек тилининг компьютер ва Интернет, аниқ фанлар, тиббиёт, иқтисодиёт каби махсус термин ва тушунчаларни талаб қиладиган соҳаларда ҳам кенг қўллана бошлагани унинг имкониятлари нечоғлиқ катта эканини кўрсатади.
Сиёсат ва унинг институтлари жамиятдаги тил имкониятларисиз ўз мақсадларини амалга оширолмайди. Айни вақтда, тилнинг ўзи ҳам сиёсатнинг у ёки бу тарздаги таъсирига учрайди. Маълумки, тил давлат томонидан алоҳида сиёсат ва режалаштириш объектига айланиб боради.
Адабиётларда “махсус сиёсий тил”, “сиёсатнинг функционал услуби”, “сиёсатнинг махсус луғат таркиби”, “махсус сиёсий лексика” сингари иборалар учрайди. Бизнинг назаримизда, “сиёсат тили” ва “сиёсий ибора” тушунчалари, биринчидан, синонимлар, иккинчидан, “махсус сиёсий тил” ва “сиёсатнинг функционал услуби” ибораларига нисбатан бирмунча умумийроқ тарзда намоён бўлади. Бинобарин, улар биз ўрганаётган феноменни имкон қадар тўла қамраб олади.
Эндиликда тилни жамият ва маданият контекстида қараш лозим. Бу ерда бир қатор тилларни ажратиб кўрсатиш мумкин. Бундай ўзгарувчан ҳолат жамият ва маданият мураккаб тузилмага эканлигидан келиб чиқади. Шунингдек, маданиятнинг ҳам турли соҳалари (фан, дин, санъат, сиёсат, ҳуқуқ ва ҳ.к.) мавжуд. Бундай соҳаларнинг ҳар бирида ўз тили шаклланади. Жамиятдаги бу ихтисослашган соҳалар билан бир қаторда кундалик ҳаётнинг унча қатъий белгиланмаган соҳаси ҳам мавжуд.
Унда “табиий тил” деб аталмиш тил, яъни кўплаб асрлар давомида шаклланган ва кишиларнинг кундалик ҳаёт фаолияти ва ўзаро муносабатлари воситаси бўлиб хизмат қилган фаолият шакли сифатида намоён бўлади. Ривожланган маданиятда бу тил иккита асосий, кўпинча аниқ чегараланмаган кўринишда мавжуд бўлади: 1) оддий халқ тили кўринишида; 2) адабий тил кўринишида. Табиий тил ихтисослашмагани учун функционал бўлмаган тил ҳисобланади.
Жамиятнинг нисбатан мустақил соҳаларига хизмат кўрсатувчи тиллар ушбу соҳалар ичида яратилади ва шунинг учун ҳам ихтисослашган тиллар деб аталади. Албатта, бундай тил табиий тилсиз (биринчи навбатда, адабий тилсиз) кун кўролмайди. Бироқ табиий тил ҳам бу ерда ўзи қўлланилаётган тил соҳасига бўйсундирилган бўлади. Ихтисослашган тил махсус соҳа ва фаолиятга (касбга, машғулот турига ва ҳ.к.) хизмат кўрсатади, шунинг учун функционал тилдир.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳар қандай тил - функционал тил ҳам, функционал бўлмаган тил ҳам тузилмали ва функционал томонларга эга. Бинобарин, мазкур ҳолатда гап тилнинг функционал тизими тўғрисида эмас, балки бутун тилнинг функционаллиги тўғрисида бормоқда. Сиёсат тили ёки сиёсий тилнинг ўзига хослиги шундан иборатки, у сиёсатни амалга ошириш, сиёсий мақсадларга эришиш воситаси саналади. Шу жиҳати билан у юридик, илмий, фалсафий тиббиёт ва бошқа ҳар қандай функционал тилдан фарқ қилади. Бироқ сиёсат тили тилнинг барча қолган қисмлари, умумий тил луғат таркиби билан чамбарчас боғлиқдир.
Айни вақтда, сиёсат тили тиббиёт, техника ёки юристпруденция тилидек аниқ ажралиб турмайди. Шу аснода сиёсат тили ва умумий тил луғат таркиби ўртасида доимий ўзаро алмашув боради: сиёсий атамалар, сўзлар ва иборалар умумий тил луғат таркиби бойлигига айланади, аксинча, умумий тил луғат таркибидаги кўп сўзлар ва иборалар сиёсат тили таркибига ўтади. Шу тариқа, сиёсий атамалар у ёки бу даражада ўзининг терминологик хусусиятини йўқотади, умумий тил луғат таркибидаги сўзларга эса махсус (сиёсий) маънолар берилади.
Сиёсий тарғибот даражасидаги тил анча мавҳумдир. Бунинг сабаби у имкон қадар кенг аудиторияга мўлжалланганлигидир. Унда шиорлар алоҳида ўрин эгаллайди. Булар ўта функционал сўзлардир; булар фикрларни шакллантириш ва уларни ўзгартиш соҳасидаги оммабоп нутқнинг ажралмас қисмидир. Сўз ўз-ўзидан шиорга айланмайди. Масалан “демократия”, “тараққиёт”, “бирдамлик” каби сўзлар фан тилида шиор маъносида қўлланилмайди. Булар тушунчалар ҳисобланади. Шиорбоп сўзлар эса тушунчалар эмас, балки нутқ, сиёсий нутқ феноменидир. Шу аснода шиорбоп сўзларда уларнинг ахборот жиҳати иккинчи ўринга тушиб қолади ва ҳатто бутунлай сиқиб чиқарилиши ҳам мумкин. Натижада, уларнинг ўрнини эса функционал аҳамиятга эга бўлган мафкуравий жиҳатлар эгаллайди.
Хулоса қилиб айтганда, инсоннинг сиёсий маданияти унинг лисоний оламида муҳим ўринни эгаллайди. Яъни унинг сиёсий маданият даражаси қанчалик юқори бўлса, ўзининг бу борадаги фикр-мулоҳазаларини равон ва мантиқий изчилликда етказиб беради. Бу сиёсий ғоялар субъектнинг ўз фикрини аниқ тарзда етказиб бериш мақсадида тил структурасидан, айниқса, унинг лисоний қурилишидаги ўзгаришлардан самарали фойдалана олишида намоён бўлади.
Тилда сиёсий мақсад ва манфаатлар, дунёқараш, ҳис-туйғулар ўз аксини топади. Шунингдек, тил ҳар қайси миллатнинг ижтимоий-сиёсий тараққиётига мос тарзда ривожланиб боради. Яъни тил жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалда бўлиб, ижтимоий-сиёсий тараққиёт стратегиясини белгилашга хизмат қилади. Зеро, тил ҳалқнинг руҳияти, яшаш тарзи маҳсулидир. Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳар бир миллат ўз тилининг тараққиёти учун қайғуради, ривожланиш асосларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилади.
Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали Умумтаълим
фанлар кафедраси катта ўқитувчиси
Эшанова Мохира Юлдашбаевна
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ихтисослаштирилган филиали Умумтаълим
фанлар кафедраси катта ўқитувчиси
Эшанова Мохира Юлдашбаевна
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар