00:15 / 17.09.2020
3 641

Дўстмисиз ёки...?

Дўстмисиз ёки...?
Фото: «Yandex»
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг турли бурчакларида содир бўлаётган ўзгаришлар, жумладан, улкан қурилишларнинг шиддат билан амалга оширилаётганлиги кимларгадир ёқмаяпти. Ўрни келган ҳар бир жойда, тирноқ остидан кир қидириб, бизнингча, ўзига хос тарзда, «қитмирлик» қилишдан улар ўзларини тийиб туриша олмаяпти. Ана шундай «ғамхўрлик»лардан бири яқинда «пойтахт тарихий қиёфасининг вайрон қилинаётганлиги» кўринишига эга бўлди.

Шу муносабат билан, аввало, ўз-ўзимга «пойтахт тарихий қиёфаси» деганда оппонентларим нималарни назарда тутаётган экан? — дея аниқлаштирувчи савол бердим. Жавобини ҳам, мухолифларим «ижод маҳсуллари»га назар ташлаб, сира қийналмасдан топдим. Мана уларнинг айримлари:

а) баланд-паст, беўхшов, ёзда иссиқ, қишда совуқ бўладиган, санитария-гигиена қоидаларига хилоф тарзда қурилган, пойтахт шаҳар ҳуснига сезиларли доғ бўлиб турган, хуллас, халқона айтадиган бўлсам, «шарти кетиб, парти қолган» уйлар;

б) уйдим-чуқур, тор, қоронғу, қинғир-қийшиқ қурилган, йўловчиларга ҳар қадамда турли ноқулайликлар туғдирадиган ва машинада юрагингизни ҳовучлаб юрадиган кўчалар;

в) энг муҳим чорраҳалардан бири яқинига ўрнатилган ва узундан-узун тирбандликларнинг вужудга келишига асосий сабаб бўлиб турган «самолёт макети» ва б.

Энди ўзингиз айтинг: агар мухолифларим назарда тутаётган «шаҳарнинг тарихий қиёфаси» ана шундай «хислат»ларга эга бўлса, улар нима қилиниши керак? Буларни хорижлик сайёҳлар келиб кўради, деб уларни очиқ осмон остидаги «музей»га айлантиришимиз керакми?! Наҳотки, мухолифларим Президентимизнинг «очиқ осмон остидаги музей» иборасини қандай мақсадда айтганларидан бехабар бўлишса?..

Эътибор беринг: ҳеч қачон нью-йоркликлар туристларни Гарлем томон етаклашмайди; мисрликлар ҳам биринчи навбатда меҳмонларга эътиборларини авлод-аждодларининг қандай уйларга яшаганига эмас, балки «пирамида (эҳром)»ларга қаратишларини сўрашади; Париж, Лондон, Венеция ва ҳ.к.ларда ҳам — худди шундай. Хуллас, бу жараёнда ҳар бир миллат ўзининг тарихий ютуқлари ёки бунёдкорлигини кўз-кўз қилишга интилади. Шундай бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади ҳам. Унда биз нега ўзгача йўл тутишимиз керак?!...

Борингки, «шаҳарнинг тарихий қиёфаси» деб «самолёт макети»ни сақлаб қолдик, дейлик. Унда Тошкентдек шаҳри азим камдан-кам пойтахт-шаҳарларда бўлган уч қаватли (!!!) ва замонавий барча қулайликларга эга бўлган ҳашаматли кўприкдан «ажралиб» қоларди. Ҳозирги кунда барча уни ихтиёрий равишда бориб кўраётган ва тасанно айтаётган бўлса, уларнинг «самолёт макети»ни кўришга мажбур бўлиб келганлари (45 йилдан буён Тошкентда яшайман. Бир пайтлар уйим шу томонда бўлган. Ҳар куни унинг олдидан камида икки марта ўтардим. Лекин «самолёт макети»ни ихтиёрий томоша қилишга келганларни бирор марта ҳам кўрмаганман) «макет» қолиб, унинг ён атрофидаги тирбандликлар ва шулар билан боғлиқ бўлган турли-туман «машмаша»ларни томоша қилишлари — турган гап. Нима дедингиз? Ёки мен ноҳақманми?...

Балки, шаҳар марказида «илон изи»дек ястаниб ётган ва ҳатто тажрибали «гадой ҳам топмас» уйлари бўлган Олмазор, Ўқчи, Хизматчи, Қоратош... кўчаларини ўзгаришсиз қолдириб, «очиқ осмон остидаги музей» яратиб ва бунинг натижасида, мухолифларим таъкидлаётганидек, «шаҳарнинг тарихий қиёфаси»ни сақлаб қолиб, сайёҳларни таклиф қилиш мақсадга мувофиқдир?! Бизнингча, ХХI асрда битта «ҳовлича»да 4-5 оила яшаётган, «кўчача»ларидан бадбўй ҳидли мағзава сувлари оқиб турган, қишда печкадан қора ва нафасни буғадиган тутунларнинг буралиб чиқишини кўришга ишқибоз бўлган сайёҳ топилмаса керак?!...

Ҳеч бўлмаса, Бешёғоч яқинида куни-кеча барпо этилган ва ишга тушган «Ҳумо» аренани бориб кўрганмисиз? Атрофини бир айланиб чиқиб, унга маҳлиё бўлганмисиз? Ҳар қандай сайёҳ кўришга у арзимайдими? Бу ерда олдин нима бор эди? Унинг теварак-атрофи қандай кўринишга эга бўлган экан? деган саволларни ўз-ўзига берган ва уларнинг ҳақиқий жавобига эга бўлган ҳар бир соғлом шахс «Пойтахтнинг тарихий қиёфаси вайрон қилинаяпти» эмас, балки, аксинча, «Пойтахтнинг тарихий қиёфаси обод қилинаяпти. Унда халқимизнинг бунёдкорлик фаолияти натижалари ўз аксини топмоқда», деган якуний хулосага келиши — мутлақо аниқ. Шуни ҳам англамаётган бўлсангиз, Сизга нисбатан Ўзбекистоннинг ғамхўр дўсти эканлигингизга катта шубҳам бор. Дўстмисиз ёки...?

Тоҳир МАЛИКОВ,
иқтисод фанлари доктори, профессор

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Дўстмисиз ёки...?