17:55 / 21.10.2020
1 816

Янги Қонун билан қандай ўзгартишлар киритилмоқда?

Янги Қонун билан қандай ўзгартишлар киритилмоқда?
Фото: Сенат ахборот хизмати
Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида «Жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама марказида бўлди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар бермоқда.

Таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат тартибини сақлашнинг мутлақо янги механизмларини жорий этиш ҳамда аҳолида шахсий хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида тизимли ва самарали чора-тадбирлар амалга оширилди.

Фото: Сенат ахборот хизмати
Бироқ жамоат хавфсизлигини таъминлашда бир қатор салбий воқеаларнинг юз бераётгани, жумладан, бугунги кунда фуқаролар, айниқса, ёшлар орасида пичоқ ва бошқа совуқ қуролларни олиб юриш, ўзаро жанжал вақтида мазкур ашёлар билан қўрқитиш ёки уларни қўллаш каби ҳаракатлар кўплаб учрамоқда.

Таҳлилларга назар ташлайдиган бўлсак мазкур Қонунни қабул қилишнинг нечоғли аҳамиятли эканлигини англашимиз мумкин.

Мисол учун, 2017–2019 йилларда 10065 та совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган предмет, шундан 6835 таси, яъни 68 фоизи пичоқлар. 2020 йилнинг 6 ойида эса 14957 та совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган предмет, шундан 12762 таси ёки 85 фоизи пичоқ ва қолгани бошқа турдаги предметлар.

Мазкур предметларнинг 58 фоизи кўчада, 22 фоизи бозорларда, 24 фоизи таълим муассасаларида аниқланган. Бунинг оқибатида эса биргина 2020 йилнинг 8 ойида айнан ўткир тиғли предметлардан фойдаланган ҳолда 542 та жиноят содир этилган бўлса, шундан 168 таси ёки 31 фоизи қотиллик, 289 таси, яъни 53 фоизи оғир тан жароҳати етказиш каби салбий ҳолатлар юз беришига олиб келган.

Шу сабабли жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 104 ва 105-моддаларининг иккинчи қисмидаги бандлар ўзгартирилмоқда.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 14, 245, 287-моддалари тўлдирилиб, кодексга янги 1852 ва 1853-моддалари қўшилмоқда.

1852-модданинг биринчи қисмида фуқаролар томонидан жамоат жойларида, касбий фаолиятда, ёки спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни очиқ ҳолда (ғилофсиз) олиб юрганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима жазоси белгиланмоқда.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда, фуқаровий қуролни, совуқ қуролни ва совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларни жамоат жойларида олиб юрганлик учун ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима жазоси белгиланмоқда.

Шунингдек, 1853-модда билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли сифатида муомалада бўлиши тақиқланган ашёларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши тақиқланмоқда.

Бундан ташқари, «Қурол тўғрисида»ги Қонуннинг 3 ва 9-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Яъни совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёлар деганда жисмоний куч ишлатиш натижасида одамнинг соғлиги ва ҳаётига зарар етказиши ёки ўлимига олиб келиши мумкин бўлган хўжалик-маиший ва касбий мақсадларда, ишлаб чиқариш саноати ҳамда спорт фаолиятида фойдаланиладиган тиғли, кесувчан ва бошқа ашёлар, пичоқлар ва бошқа тиғли ашёлар, бейсбол биталари, софтбол ўйини учун биталар – чиллакларни назарда тутувчи тушунча киритилмоқда.

Шунингдек, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда, шу жумладан, шаҳар транспортида, шаҳар атрофига қатновчи, шаҳарлараро ва халқаро транспортда, жамоат жойларида, очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юришни тақиқловчи норма киритилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши натижасида мамлакатимизда совуқ қурол, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган бошқа ашёлар, шунингдек пичоқдан фойдаланган ҳолда содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг камайишига эришилади.

Сенаторлар томонидан мазкур Қонун маъқулланди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Янги Қонун билан қандай ўзгартишлар киритилмоқда?