Ливерпул мухлислар норозилигидан сўнг чипталар нархи бўйича режани бекор қилди

Ливерпул клуби мухлислар кенгаши билан олиб борилган музокаралардан сўнг, чипталар нархини уч йил давомида ошириш бўйича аввал эълон қилинган стратегиядан воз кечди. Март ойида тақдим этилган дастлабки режа уч мавсум давомида инфляция даражасига қараб чипталар нархини босқичма-босқич оширишни назарда тутган эди, бироқ бу мухлислар гуруҳлари томонидан кескин танқид қилинди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Янги келишувга кўра, 2026-27 йилги мавсумда чипталар нархи атиги уч фоизга оширилади, 2027-28 йилги мавсумда эса нархлар музлатилади. Бу қарор яшаш қиймати ошиб бораётган бир пайтда мухлисларга маълум даражада енгиллик яратиш мақсадида қабул қилинди.
Шунингдек, клуб ёшлар ва маҳаллий мухлислар учун мўлжалланган чипталар нархини 9 фунт стерлинг миқдорида ўзгаришсиз қолдиришини тасдиқлади. Анфиелд Роад трибунаси қисмида ёшлар учун алоҳида сектор ташкил этилиши ҳам режалаштирилган.
Клуб раҳбарияти ва мухлислар кенгаши келгуси мавсумларда чипталар нархини оширмасликнинг муқобил йўлларини излашга келишиб олдилар. Томонлар келажак авлод учун стадионга кириш имкониятларини сақлаб қолиш ва молиявий барқарорликни таъминлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!