23:05 / 26.10.2020
2 747

Ўзбекистонда гўшт нархининг қимматлашишига сабаб бўлаётган омиллар санаб ўтилди

Ўзбекистонда гўшт нархининг қимматлашишига сабаб бўлаётган омиллар санаб ўтилди
Ўзбекистонда гўшт маҳсулотларининг қимматлашишига ем-хашак хом ашёси нархининг ошиши, қорамол импортининг қисқариши, шунингдек, карантин енгиллаштирилгани ва умумий овқатланиш масканларининг қайта иш бошлагани ортидан талабнинг ортиб кетгани сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг сентябрь ойида кузатилган инфляция даражасига оид маълумотларида келтирилган.

Эслатиб ўтамиз, Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, сентябрь ойида тухум (6,5 фоиз), гўшт, товуқ гўшти, балиқ (3,8 фоиз) ва мева-сабзавотлар (3 фоиз) нархида сезиларли даражада ўсиш кузатилган. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев гўшт, тухум, ўсимлик ёғи ва шакар нархининг кескин ошиши аҳоли орасида норозилик келтириб чиқарганини таъкидлаганди. Шундан сўнг қиммат гўшт (лаҳм) бозорлар ва йирик супермаркетлар пештахтасидан йўқолиб қолган, аммо жамоатчиликнинг гўшт нархига бўлган норозилиги ўзгармади.

Вазирлик маълумотларига кўра, сентябрь ойидаги инфляцион динамика таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, нархлар ўсишининг асосий сабаби озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсишининг конюнктураси бўлиб, бу ўз навбатида гўшт ва ёғ-мой маҳсулотлари, нон маҳсулотлари ва тухум нархларининг қимматлашиши, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотлари нархининг мавсумий ошиши билан изоҳланади.

Юқорида санаб ўтилган маҳсулот гуруҳларидан, биринчи навбатда, гўшт нархи ўсишининг асосий сабаблари қуйидагилардир:
  • ем-хашак базаси учун хом ашё, хусусан, пахта хом ашёси, пўстлоқ ва ем аралашмаси захираларининг мавсумий камайиши. Бу ўз навбатида, мазкур маҳсулотларнинг биржа нархларининг мос равишда 17, 21 ва 27 фоизга ошишига олиб келган;
  • Қозоғистон томонидан экспорт чекловлари туфайли қорамол импортининг қисқариши. Мисол учун, 2020 йилнинг 8 ойлик натижасига кўра, мамлакатда 25 минг бош йирик ва 12,5 минг бош майда қорамол импорт қилинган. 2019 йилнинг 8 ойлик натижаларига кўра, мазкур кўрсаткичлар мос равишда 146 минг ва 258 минг бош қорамолни ташкил қилган;
  • 2020 йилнинг август ойи ўрталарида карантин чекловлари олиб ташланганидан сўнг фаолиятини тиклаган умумий овқатланиш корхоналарининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабининг ошиши. Шу билан бирга, 2020 йил январь—сентябрь ойларида Ўзбекистонда 1840 минг тонна (тирик вазнда) гўшт ишлаб чиқарилган (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 фоизга кўпроқ). Бундан ташқари, 2020 йил январь—сентябрь ойларида 14 минг тонна мол гўшти ва 20 минг тонна товуқ гўшти импорт қилинган.

Таъкидланишича, сентябрь ойида истеъмол нархлари индекси ойлик 1,4 фоизни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даврида мазкур кўрсаткич 1,3 фоизга тенг бўлган.

«2020 йил бошидан буён озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси 7,5 фоиз (2019 йилнинг шу даврида – 8,5 фоиз) даражасида ва йиллик ҳисобда – 17,7 фоиз даражасида шаклланди», — дейилади вазирлик маълумотида.

Қайд этилишича, гўшт маҳсулотларининг нархи сентябрда 3,8 фоизга (умумий кўрсаткичдаги улуши – 0,39 ф.б.) ўсган. Хусусан, қўй гўшти — 5,7 фоизга, мол гўшти — 5–5,4 фоиз оралиғида, қийма — 4,2 фоизга, колбаса — 1,8–1,9 фоиз оралиғида, балиқ ва балиқ консервалари ўртача 0,5 фоизга, парранда гўшти ва гўшт маҳсулотлари — 0,3 фоизга қимматлашди. Бундан ташқари, ёғ ва мойлар нархи ўртача 2,3 фоизга кўтарилган.

«Тухум нархи ўртача 6,5 фоизга қимматлашиб, умумий ИНИнинг 0,06 ф.б.га кўтарилишини таъминлади. Ички бозорда тухум нархининг ошишига парранда озуқаси нархларининг 10 фоизга кўтарилиши (жумладан, буғдой нархининг 23 фоизга, маккажўхори – 28 фоизга, соя озуқаси – 20 фоизга) ва уларга бўлган талабнинг мавсумий ортиши, ҳамда кўплаб паррандачилик хўжаликларидаги товуқлар янгиланиши (1,8 миллион товуқ) билан боғлиқ бўлди», — дейилади маълумотномада.

Юқоридаги омиллардан ва дунё ҳамда Ўзбекистондаги гўшт нархларининг ҳамоҳанг ҳаракатидан келиб чиқиб, гўшт маҳсулотлари нархининг ўсиши нафақат ташқи омиллар, балки ички бозорлардаги тартибга солиниш механизмларининг самарасизлиги туфайли юзага келган дейиш мумкин.

«Бу ўз навбатида ишлаб чиқариш даражасининг камтарона ўсишига қарамасдан, гўшт маҳсулотларини етказиб беришнинг етарли даражасини таъминлаш учун озуқа базасининг ривожланмаганлиги билан боғлиқ», — дейилади вазирлик хабарида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда гўшт нархининг қимматлашишига сабаб бўлаётган омиллар санаб ўтилди