13:53 / 12.01.2021
3 615

"Истерия" - неврознинг бир турими?

"Истерия" - неврознинг бир турими?
“Истерия” сўзи – юнонча “hysteria” сўзидан олинган бўлиб, бачадон деган маънони англатади. Бу касаллик белгилари ҳақида қадимда кўп ёзилган ва истерияни авваллари бачадон функцияси билан боғлашган. Чунки уни асосан аёлларда кузатишган. Кейинчалик истерик бузилишлар эркакларда ҳам аниқланган бўлса-да, унинг аввалги номи сақланиб қолган. Истерия неврознинг бошқа турлари каби кенг тарқалган касаллик.

Истерик невроз асосан ёшлик даврида, кўпроқ аёлларда кузатилади. Айни пайтда унинг келиб чиқишида хулқ-атворнинг болаликдан истерик тарзда шаклланиши катта аҳамият касб этади.

Истерия қандай намоён бўлади?
Ортиқча таъсирланиш, ҳар нарсага ҳаддан ташқари эътибор бериш, мустақил фикрлай олмаслик, ортиқча ишонувчанлик, ранг-баранг ҳис-туйғуларга берилиш истерия учун жуда хос белгилардир. Улар руҳан ва жисмонан заиф кишилар ҳисобланади. Кўпчилик истерик беморлар феъл-атвори худди болалар феъл-атворига ўхшаб кетади. Бундай беморлар учун атрофдагилар диққатини ўзига жалб этиш жуда хос.

Истерик бузилишлар фақат неврозларда эмас, балки психопатияларда ҳам кузатилади. Истерик невроз симптомлари аксарият ҳолларда хилма-хил касалликлар аломатларини эслатади. Шу боис ҳам истерияни “катта муғамбир” деб аташади. Истерияда барча ички аъзолар касалликларини эслатувчи белгиларни кузатиш мумкин. Аслида уларда ички аъзолар касалликлари аниқланмайди.

Пуэрилизм – болалар хатти-ҳаракатини эслатувчи ҳолат бўлиб, катта ёшдагиларда кузатилади. Болаларга хос бўлган қилиқлар, боладек ингичка товуш чиқариб гапириш, кўзларни катта-катта қилиб очиш, киприкларни пирпиратиш, биров гапирганда оғзини очиб туриш пуэрилизм учун жуда хос. Бемор шу қилиғи билан бошқаларнинг диққатини ўзига жалб қилади.

Истерикларда ҳам тутқаноқ хуружи кузатиладими?
Истерик тутқаноқ хуружи ҳам кенг тарқалган белгилардан биридир. Истерияда кузатилувчи тутқаноқлар ҳар хил бўлади ва уларнинг эпилепсияда кузатиладиган ҳақиқий тутқаноқлардан фарқ қиладиган томони кўп. Истерик тутқаноқ ҳеч қачон бемор ёлғиз қолганда рўй бермайди, чунки унга доим томошабинлар керак. Талваса тутганда бемор бирдан ерга йиқилиб, мушаклари тортишади ва талпина бошлайди, лекин боши билан қаттиқ нарсаларга урилмайди. Бемор “тутқаноқ хуружи” пайтида ўзига қулай жой топиб, бирор жойига қаттиқ шикаст етказмасдан йиқилади. Хуруж пайтида ёй сингари эгилади – бунга истерик ёй деб аталади.

Бундай феъл-атвор кўпгина инжиқ ва эрка болаларга хос. Масалан, онаси янги ўйинчоқ олиб бермаганда, бола дўконда ерга йиқилиб, қўл ва оёқларини, гоҳо бошини ҳам полга уриб, қаттиқ чинқираб йиғлайди. Қўрқиб кетган она боласи сўраган ўйинчоқни олиб берса, бола шу заҳоти тинчланади. Бу одат кейинчалик вояга етганда ҳам намоён бўлиши мумкин.
Шунингдек, сохта фалажликлар, сезги бузилишлари, гиперкинезлар, тананинг қақшаб оғришлари каби белгилар ҳам кузатилади.

Даволаш қандай олиб борилиши керак?
Истерик беморларни даволашни ўта қисқа муддат ичида олиб бориш лозим. Даволаш муолажалари қанча кўп чўзилса, ижобий натижага эришиш шунча қийин бўлади. Бемор тўла тузалгандан сўнг ҳам оилавий ва бошқа можаролар оқибатида касаллик белгилари яна намоён бўлиб, шифокор қабулига келиши мумкин. Истерик беморлар врач ва табибларга энг кўп қатнайдиган беморлар сирасига киради. Тузалиб кетгандан сўнг ҳам бир оз вақт ўтгач, унда “Врач йўқлиги синдроми” ривожланиб, яна врач қабулига чопиб келади.

Бундай ҳолларда беморга қўлланган аввалги даволаш усулини ўзгартиришга тўғри келади. Агар сизда муваффақиятли даволаниб, раҳматлар айтиб кетган беморни бир неча ойдан сўнг бошқа бир врачнинг қабулида кўриб қолсангиз, асло хафа бўлманг. Чунки истерик беморлар врачларни ўзгартириб туришни хуш кўришади.

Зарифбой Ибодуллаевнинг
“Асаб ва руҳият” китобидан олинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "Истерия" - неврознинг бир турими?