Тайланднинг Бангкок шаҳрида 30 июлдан 12 августга қадар ёшлар ва 22 ёшгача бўлган боксчилар ўртасидаги Осиё чемпионати қизғин паллага кирди, деб маълум қилди Ўзбекистон бокс федерацияси.
Айни пайтда, миллий терма жамоамиз таркибидаги 22 ёшгача бўлган боксчилар ҳам ўзларига бириктирилган вазн тоифаларида жадал ҳаракат бошлаган. Куннинг муҳим баҳслари қуйидагича белгиланган:
— 48 кг вазнда Робия Бахтиёрова Филиппин номидан рингга чиқадиган Офелиа Магно билан куч синашади.
— 51 кг вазн тоифасида Гулсевар Ганиевага Ҳиндистон боксчиси Девика Горпаде рақиб бўлади.
— 57 кг категорияда Хуморабону Мамажонова Қозоғистон вакили Виктория Баидуковага қарши баҳс олиб боради.
— 50 кгда Беҳруз Холдоров Ҳиндистонлик Вишванат Сурешга қарши рингга чиқади.
— 55 кг вазнда Самандар Олимов Қозоғистонлик Бексултан Боранбек билан тўқнашади.
— 60 кг тоифасида Шохрух Абдумаликов Непаллик Индра Сунар билан куч синашади.
— 65 кг вазнда Саят Илясов Хитой спортчиси Минг Ченга қарши баҳс олиб боради.
— 70 кг вазнда Муҳаммадазизбек Исмоилов Жанубий Корея вакили Гюбин Парк билан курашади.
Бугунги баҳсларда терма жамоамизнинг ҳар бир вакили катта тайёргарлик ва интизом билан рингга чиқишга бел боғлаган. Боксчиларимиз учун Осиё чемпионати нафақат спорт карьерасидаги навбатдаги босқич, балки миллий шарафни янада юксакка кўтариш учун қимматли имконият ҳамдир.
Мухлисларимиз эса ушбу мусобақада ёш спортчиларимизнинг фидойилиги, матонати ва ғалабага бўлган интилишини катта қизиқиш билан кузатмоқда. Янги чемпионлар сафи кенгайишини ва миллий боксимиз юксак натижалар қайд этишини интиқлик билан кутамиз.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!