“Ливерпуль” клуби Испания гранди “Реал” таркибида тўп сураётган бразилиялик ҳужумчи Родригонинг агентлари билан шахсий шартнома борасида музокаралар ўтказгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Трансфер ҳақидаги маълумотни халқаро футбол ОАВлари кенг ёритмоқда.
Маълумотларга кўра, 24 ёшли маҳоратли форвард инглиз клуби таклиф қилган шартлар тўпламини маъқуллаган. Бу эса келишувни амалга ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Аввалроқ Родриго хизматларига “Тоттенхэм”, “Арсенал”, “Челси” ва “Бавария” каби Европанинг етакчи клублари ҳам жиддий қизиқиш билдиргани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шундай бўлса-да, мадридликлар ҳужумчини қўлдан чиқаришга шошилмаяпти ва унинг трансфери учун камида 100 миллион евро (тахминан 1,3 трлн сўм) миқдорида компенсация кутишаётгани таъкидланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Родриго 2024/25 йилги мавсумда барча мусобақаларда 54 та учрашувда майдонга тушган, шу давр мобайнида 14 та гол киритиб, 11 та ассистга ҳам муаллифлик қилган. Бу натижалар ҳужумчининг юқори даражадаги барқарор ўйин намойиш этаётганини кўрсатиб турибди. “Ливерпуль” эса янги мавсум арафасида шундай кўп қиррали футболчи орқали ҳужум чизиғини янада мустаҳкамлашни мақсад қилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!