15:50 / 04.02.2021
2 190

"Йўлсозларни виждон билан қайтариб бўлмаяпти, жиноий жавобгарликдан ҳам қўрқмаяпти баъзилари"

"Йўлсозларни виждон билан қайтариб бўлмаяпти, жиноий жавобгарликдан ҳам қўрқмаяпти баъзилари"
Мирзо Улуғбек туман кенгаши депутати, ЎзМТДП аъзоси Жаҳонгир Зияев йўллардаги абгор ҳолатлар, соҳадаги коррупция ҳолатлари ҳақида ўз фикрларини билдириб, масъулларга таклиф билан чиқди.

«Маълумотларга қараганда, 2020 йилда 6 442,6 км.автомобиль йўли қайта қурилиб, таъмирланган, бунинг учун 5186,3 млрд.сўм сарфланибди. Бу рақам кичик рақам эмас. Агар ҳар бир тийинига хиёнат қилмаганида эди, йўлимиз бугунгидек абгор ҳолатга келмаган бўларди. Президентимиз таъкидлаганидек, «Ҳамма жойда коррупция, ҳамма жойда ўғрилик».

Транспорт прокуратураси ўтган йили фақат йўл ва кўприк қурилиши бўйича 40 га яқин жиноий иш қўзғатиб, 10 млрд. сўмдан ортиқ бюджет маблағ талон-торож қилинганини аниқлабди. Аниқланмагани қанча экан.

Ҳозир ҳамма жойда жамоатчилик назоратига куч бериляпти ва бу энг тўғри йўл. Йўл қурилишида ҳам ташқи назоратни кучайтириш лозим. Акс ҳолда «дунё андозалари даражасида»ги йўлларимизда бир йил ўтмай «яма»лар пайдо бўлаверади, жабрини эса одамлар тортаверади. Йўлсозларни эса виждон билан қайтариб бўлмаяпти, жиноий жавобгарликдан ҳам қўрқмаяпти, баъзилари.

Европанинг аксар давлатларида йўлсозлар кўчадаги носозлик ҳақида хабар берганларни рағбатлантирар экан. Чунки носозликдан бирон автомобиль зарар кўрадиган бўлса, масъул идора «отнинг калласидек» жаримага тортиларкан. Шунинг учун йўллар сифатли, ҳеч ким хиёнат қилмайди.

Бизда ҳам шундай назорат йўлга қўйилиши керак (бу ҳақда илгари ҳам ёзгандим). Агар бу ташаббус Автомобиль йўллари қўмитасининг ўзидан чиқса, ташкилот имижига ҳам яхши бўларди. Ижтимоий тармоқларда гап-сўзлар камаярди.

Мана, йўл қоидасини бузганлар, коррупция ҳақида хабар берганлар, савдо чекини оладиганлар, ҳатто пиёда юрганлар рағбатлантириляпти. Қўмита ўз-ўзини назорат қилиб, нафси хакалак отган шерикларини фош қилиб турса, талон-торожлик камаярмиди. Ахир соҳага бюджетдан чакана пул йўналтирилмаяпти. Бу йил 4 577,4 млрд.сўм маблағ ажратилар экан.

Бунинг учун эса ҳайдовчилар ҳам шафқат қилмай, йўлсозларни судга беришни одат қилиши лозим.

Фуқаролик кодексининг 57-боб, 985-моддасида ғайриқонуний ҳаракат туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек, юридик шахсга етказилган зарар, бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ қопланиши кўрсатилган.

Таклифим: Қонунчилик палатаси ушбу модда ва йўлсозлик билан боғлиқ қонун ҳужжатларига хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда ўзгаришлар киритилиши, айбдор томоннинг жавобгарлиги янада кучайтирилиши лозим. Шунингдек, бу билан боғлиқ суд жараёни ҳам лағмондек чўзилмаслиги керак. Акс ҳолда судма-суд югуришдан қочиб, яна «ўзбекчилик»ка бораверамиз» деб ёзади у.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "Йўлсозларни виждон билан қайтариб бўлмаяпти, жиноий жавобгарликдан ҳам қўрқмаяпти баъзилари"