14:45 / 08.02.2021
2 461

Судлар фаолиятига оид янги қонунлар амалда

Судлар фаолиятига оид янги қонунлар амалда
Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судьялик касбига тайёрлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш, суд тизимини малакали ва ҳалол пок кадрлар билан тўлдириш, суд органларининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада ошириш бўйича давлат раҳбарининг ташаббуси билан изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6127-сонли Фармони, одил судловга бўлган ишончни оширишга қаратилган яна бир муҳим ҳужжат бўлди десак адашмаган бўламиз.

Сўнги тўрт йил ичида суд-ҳуқуқ соҳасида бир қанча қонун ва қарорлар қабул қилинди, ўз навбатида қабул қилинган бу ҳужжатлар, судларга мурожаат қилаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, қонунийликни таъминлаш, одил судловни амалга оширишга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 11 декабрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2020 йил 19 декабрда маъқулланган Ўзбекистон Республикасининг “Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Суд қарорларини қайта кўриш институтининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, шунингдек, суд қарорларини қайта кўриш институтининг такомиллаштирилиши муносабати билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс, Иқтисодий ва Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонунларнинг 2021 йил 12 январда давлат раҳюари томонидан имзоланиши суд-ҳуқуқ тизимида янги даврни бошлаб берди.

Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини яратди.

Давлатимиз раҳбари томонидан “бир суд - бир инстанция” тамойилининг илгари сурилиши суд қарорларини қайта кўриш тизимида йиллар давомида тўпланиб келинган муаммоларнинг ҳал қилинишига айни муддао бўлиб, ушбу тизимни тубдан кўриб чиқишга асос солди, жумладан, халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими яратилди.

Аввалги қонунчилик бўйича тўрт босқичли суд инстанциялари, яъни биринчи, апелляция, кассация ва назорат инстанциялари фаолият юритиб келаётган эди, амалга киритилган янги Қонун бўйича уч босқичли суд тизими қуйидагича ташкил этилди:
  • биринчи инстанция – туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича вилоят судлари;
  • апелляция инстанцияси – вилоят даражасидаги судлар;
  • кассация инстанцияси – Ўзбекистон Республикаси Олий суди.

Қонунга киритилган ўзгартиришга асосан, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирозига сабаб бўлаётган назорат инстанцияси тўлиқ бекор қилинди.

Сарсонгарчиликларни бартарф этиш ва фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида киритилаётган ўзгартиришларга асосан, вилоят ва унга тенглаштирилган жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича ҳамда иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилди, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди.

Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилди, шу сабабли туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилди, бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинди.

Қонунни ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида, вилоят суди томонидан биринчи инстанцияда кўрилган суд ишлари юзасидан берилган шикоятларни шу суднинг ўзи томонидан юқори инстанция суди сифатида кўрилиши амалиётига барҳам берилди, натижада шикоят қилиш институтининг самарадорлиги ошмоқда, вилоят судлари (улар биринчи инстанцияда мураккаб ишларни ҳам кўради) асосан апелляция суди сифатида ихтисослашгач, уларнинг маъсулияти кучайтирилиб, суд қарорларининг сифатига эътибор қаратилмоқда ва биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар ўз вақтида бартараф қилинади.

Назорат тартибида кўриб чиқиш институтининг тугатилиши ва кассация тартибида иш юритиш учинчи инстанция суди сифатида белгиланиши натижасида суд қарорларнининг қонунийлиги, асослиги ва адолатлилиги бевосита ундан норози томоннинг тўғридан-тўғри берган шикояти асосида кўрилишига эришилади.

Қонунга киритилтган ўзгартиришга асосан, жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция судининг ҳукми, ажрими ва қарори устидан апелляция тартибида шикоят бериш муддати 10 кундан 20 кунга, фуқаролик, маъмурий (маъмурий ва оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар) ҳамда иқтисодий ишлар бўйича биринчи инстанция судининг қарорлари устидан апелляция тартибида шикоят бериш муддатлари 20 кундан 1 ойга узайтирилди, кассация тартибида шикоят бериш муддати эса 6 ойдан 1 йилга ўзгартирилди.

Суд қарорларининг қайта кўриш масаласидаги халқаро стандартлар талабларини процессуал қонунчиликка имплементация қилиниши, суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича халқаро рейтингларда мамлакатимиз нуфузи ошишига хизмат қилади.

Жиноят ишлари бўйича
Навбаҳор туман судининг раиси
А.Н.Ибодов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Судлар фаолиятига оид янги қонунлар амалда