22:50 / 03.03.2021
2 902

Ўзбекистонда янги давр тиббиётига асос солинмоқда

Ўзбекистонда янги давр тиббиётига асос солинмоқда
Сўнгги йилларда жамиятимизнинг барча соҳалари каби соғлиқни сақлаш тизимида ҳам бир қатор ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Бу жараёнда халқимизга кўрсатилаётган тиббий-профилактика, патронаж ёрдамини янада яхшилаш, тез ва шошилинч тиббий ёрдам ҳамда ихтисослашган тиббиёт сифатини ошириш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш, хусусий тиббиётни ривожлантириш борасида муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Соғлиқни сақлаш тизимига 2020 йил давлат бюджетидан жами 14,8 триллион сўм маблағ ажратилган эди. 2021 йилда мўлжалланган давлат бюджети параметрларида соғлиқни сақлаш соҳасига қарийб 20 триллион сўм ажратилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, илк бора онкогематология соҳасига қарийб 87,2 миллиард сўм ажратилмоқда. Шунингдек, тамаки савдосидан олинган акциз солиғининг 7 фоизи онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасига ўтказиб берилади.

БИРЛАМЧИ ТИББИЙ ХИЗМАТ
Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш мақсадида Президентнинг 2020 йил 13 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, умумий амалиёт шифокори мутахассиси оилавий шифокор этиб қайта номланади. Шунингдек, 2021 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокор пункти деб, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси эса оилавий поликлиника деб қайта номланиб фаолияти янги босқичга кўтарилади.

2021–2023 йилларда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларни ташкил этилади. Хусусан:
• 315 та оилавий шифокор пунктлари, шундан 2021 йилда – 100 та,
2022 йилда – 105 та ва 2023 йилда – 110 та;
• 52 та қишлоқда жойлашган оилавий поликлиникалар, шундан 2021 йилда – 17 та, 2022 йилда – 18 та ва 2023 йилда – 17 та;
• 33 та шаҳарда жойлашган оилавий поликлиникалар, шундан
2021 йилда – 7 та, 2022 йилда – 13 та ва 2023 йилда – 13 та ташкил этилади.

ХУСУСИЙ ТИББИЁТ
Бугунги кунда Ўзбекистонда хусусий тиббиёт муассасалар сони ҳам кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Бу тиббиёт соҳасида соғлом рақобатни юзага келтириб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада кўтарилиши, нархларнинг эса арзонлашишига замин яратади. Ушбу омиллар сабаб мамлакатимизда хусусий тиббиёт муассасаларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни пайтда мамлакатимизда хусусий тиббиёт муассасалари 6 107 тани ташкил этмоқда. Ушбу муассасалар тиббиёти ривожланган чет эл мамлакатлари инвестициялари жалб қилинган ҳолда жаҳон стандартларига мос равишда ташкил этилган. 2021 йил давомида 275 та янги шу каби муассасаларнинг бунёд этилиши ва 200 таси ўз фаолиятини кенгайтириши кутилмоқда.

Алоҳида қайд этиш керакки, коронавирус пандемияси даврида хусусий тиббиёт ташкилотлари аҳолининг коронавирус инфекциясидан фориғ бўлишида жонбозлик кўрсатди. Бугунги кунда 70 дан ортиқ хусусий тиббиёт ташкилотлари короновирус инфекцияси бўйича лаборатория хизматлари ва 25 дан ортиқ хусусий тиббиёт ташкилотлари диагностика ва даволаш билан шуғулланмоқдалар.

Хусусий тармоқни ривожлантиришда давлат хусусий шериклиги тизими энг самарадор усуллардан ҳисобланади. Шу боис ҳар бир соҳада давлат хусусий шериклиги асосида ташкил этилган объектлар сони йилдан йилга кўтарилиб бориляпти. 2020 йилда мамлакатимиздаги 300 дан ортиқ самарасиз фаолият юритаётган давлат тиббиёт муассасаларининг бўш бинолари ва ер участкалари рўйхати шакллантирилиб, бу ерларда давлат хусусий шериклиги лойиҳаларини амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Гемодиализ хизматлари бўйича лойиҳа концепцияси ишлаб чиқилиб, унинг биринчи босқичида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудларидаги 1100 нафар беморни диализ хизмати билан қамраб олиш кўзда тутилган. Бунда Хиндистоннинг “Нефроплюс” компанияси инвестор сифатида танлаб олинди. Юртимизнинг 3 та ҳудудида 4 та янги замонавий гемодиализ марказлари халқаро стандартларга мос равишда қурилиб, 2022 йилнинг февраль ойида ишга туширилади. Лойиҳанинг иккинчи босқичида мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ҳудди шу жараёнларни давом эттириш режалаштирилган.

Таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунгача вазирлик томонидан давлат-хусусий шериклик асосида 12 та лойиҳа имзоланди, улардан 2 таси бўйича фаолият йўлга қўйилди. Бугунги кунда тиббиёт йўналишида республика миқёсида амалга ошириладиган 14 та халқаро лойиҳа ҳамда 2 та йирик лойиҳа устида ишланмоқда.

ИХТИСОСЛАШГАН МАРКАЗЛАР
Бундан бир неча йиллар олдин кўпгина ноёб, мураккаб операцияларни ўтказиш учун беморлар турли хорижий мамлакатларга боришига тўғри келарди. Кейинги йилларда ихтисослашган тиббиётни ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар натижасида бундай амалиётлар, эндиликда ўзимизда мувафаққиятли амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2017-2019 йилларда ўнлаб марказлар, хусусан, онкология, нейрохирургия, травматология ва ортопедия, аллергология, нефрология ва буйрак трансплантацияси, неврология, наркология, болалар хирургияси йўналишларида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ташкил қилинди. Республика аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт марказларни сони 22 тага етказилди ва уларнинг ҳудудларда тегишли филиаллари фаолияти ҳам йўлга қўйилди.

Cўнгги йилларда академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида 200 дан ортиқ буйрак, 10 га яқин жигар, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида 100 дан ортиқ буйрак трансплантацияси операциялари ўтказилганлиги туфайли 300 нафарга яқин фуқароларимизнинг юқори технологик операциялар учун чет давлатлардаги клиникаларга чиқиши олди олинди ва беморларнинг маблағлари тежаб қолинди.

Бугунги кунда ихтисослаштирилган марказларнинг етук мутахассислари ҳудудларга хизмат сафарлари билан чиқиши, у ерда беморларни кўрикдан ўтказиши, ҳамкасблари учун маҳорат дарсларини ташкил қилиши ҳамда мураккаб жарроҳлик амалиётларини жойида ўтказишлари каби яхши анъана йўлга қўйилди. Натижада, ҳудудларда кўплаб беморлар сифатли ихтисослашган тиббий хизмат билан таъминланмоқда.

БУНЁДКОРЛИК ИШЛАРИ
Сўнгги тўрт йилда мамлакатимизнинг 1700 дан ортиқ даволаш муассасаларида 5,0 триллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, беморлар ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимлар учун муносиб шароитлар яратиш, зарур эҳтиёжларни таъминлаш мақсадида:
• 3 076 та даволаш-профилактика муассасасида иситиш тизими талаб даражасига келтирилди;
• 1 842 та муассасада ичимлик суви тармоқлари янгиланди;
• 1 044 та муассасада ҳамда 14 та тиббий ижтимоий муассасада жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Шу жумладан, 2020 йилги инвестиция дастури доирасида:
• 283 та тиббиёт объектларига 2,4 триллион сўм йўналтирилди,
• 61 та объектни қурилиш-таъмирлаш ишлари 2021 йилга ўтказилди.
• 223 та объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланди.
Президентимизнинг 2020 йил 28 декабрдаги қарорига асосан келгуси 2021 йилда 131 та тиббиёт муассасасини қурилиш-таъмирлаш ишларига 1,4 триллион сўм маблағ йўналтирилди.


ПАНДЕМИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ
Пандемия бошлангандан бери коронавирусга қарши курашиш учун ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини керакли тиббий ускуналар билан жиҳозлаш мақсадида умумий қиймати 85 049,3 минг АҚШ долларига тенг тиббиёт жиҳозлар билан таъминланди.

Жумладан, пандемия даврида тиббиёт муассасаларига: 3 та замонавий МСКТ; 56 та рентген; 2303 та функционал кроват;1 450 та СИПАП; 6037 та кислород концентратори; 1 850 та ИВЛ;150 та ПЗР; 1564 та кардиомонитор, Шу жумладан, бюджет ҳисобидан: 500 та ИВЛ; 300 та кислород концентратори; 10 та ПЗР аппарати ва бошқа жиҳозлар етказиб берилди. Мурувват ёрдами орқали: 1 512 та болалар СИПАПи; 300 та ИВЛ. Жами 2 507 та кислород концентратори ва бошқа қатор замонавий тиббий асбоб ускуналар етказиб берилди.

Шунингдек, коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга ихтисослашган махсус шифохона ва карантин мажмуалари ҳамда замонавий лабораторияларни бунёд этиш учун 965 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб, қисқа муддатда Тошкент шаҳри ва ҳудудларда, барча шароитларга эга бўлган қарийб 30 минг ўринли даволаш масканлари ташкил этилиб, улар зарур дори-дармон, ҳимоя, энг замонавий диагностика ва даволаш воситалари билан таъминланди.

Қайд этиш жоизки, пандемияга қарши курашиш учун 200 минг нафардан зиёд тиббиёт ходими, жумладан, 150 нафар чет эллик юқори малакали мутахассислар жалб қилинди. Келгуси йилда ҳам коронавирус пандемиясига қарши кураш ишлари учун 2021 йилги давлат бюджетидан 3 триллион сўмлик заҳира шакллантирилиб, ушбу маблағлар ҳисобидан аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари ҳам амалга оширилиши маълум қилинди.

КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ
Ижтимоий соҳанинг энг долзарб йўналишларидан бири бўлган тиббиёт тизимида малакали мутахассисларга доим талаб юқори бўлиб келган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларида 2020 йил бошида 103,2 минг шифокор штатидан жами 12 179 та (11,8 фоиз) вакант ўринлар мавжуд бўлиб, шундан: оилавий шифокор бўйича вакансиялар 2740 та (22,5 фоиз), тор мутахассисликлар 9439 тани (77,5 фоиз) ташкил килган.

2020 йил тиббиёт олий таълим муассасаларининг 3063 нафар бакалавриат босқичи битирувчиларининг магистратурада 15 фоизи ва клиник ординатурада 20 фоизи ўқишни давом эттириши мумкин бўлди. Шу туфайли 2020 йилда оилавий шифокор сифатида 1991 нафар (65 фоиз) бакалавриат битирувчисини ишга жойлаштириш ҳисобига мавжуд вакансия 72 фоизга қопланди. 541 нафар магистратура ва 2091 нафар клиник ординатура битирувчиларини ишга жойлаштириш ҳисобига тор доирадаги мутахассисларга бўлган вакансиядан 2632 таси (28 фоиз) қопланиди.

Таҳлилларга кўра, 2021 йилнинг сентябрь ойида:
• тиббиёт олий таълим муассасаларининг 3298 нафар бакалавриат битирувчиларидан 65 фоизи — 1625 нафари оилавий шифокор сифатида ишга жойлаштириш ҳисобига оилавий шифокорлар вакансияси 100 фоизга қопланиши кутилмокда.
• 827 нафар магистратура ва 1415 нафар клиник ординатура битирувчиларини (жами 2242 нафар) тор мутахассис сифатида ишга жойлаштириш ҳисобига эса тор доирадаги мутахассисларга бўлган вакансияларнинг 33 фоизиқопланиши кутилмоқда. Шу тариқа тиббиёт тизимидаги вакасия ўринлари яқин йилда тўлиқ қопланади.

ОНАЛАР ВА БОЛАЛАР СОҒЛИГИНИ САҚЛАШ
Шунингдек, ушбу даврда паралелл равишда тиббиёт соҳаси ислоҳотлари, замонавий тиббий иншоотларни бунёд этиш ишлари ҳам изчил давом эттирилди. Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ортириб, кўламини янада кенгайтириш мақсадида Чилонзор туманида қурилган Иккинчи перинатал маркази каби бир нечта тиббий марказлар бунёд этилди. Перинатал марказда илғор клиникалар тажрибаси асосида энг замонавий қулайликлар яратилган. Унинг биринчи қаватида кўп тармоқли поликлиника, юқори қаватларида беморлар хонаси ва умумий амалиёт хоналари, жумладан, чақалоқлар реанимация бўлими жойлашган. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 140 та беморни даволаш мумкин.

Шунингдек, пойтахтимизда замонавий тиббий технологиялар билан жиҳозланган Болалар миллий тиббиёт маркази қурилиб, ўз фаолиятини бошлади. Қиймати 130 миллион доллардан зиёд бўлган мазкур тиббиёт маркази Корея Республикаси иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик фонди (EDCF) иштирокида барпо этилди. Марказ таркибидаги поликлиника кунига 250 нафаргача бемор қабул қилиш имкониятига эга. Марказ магнит резонансли томография, мультиспирал компьютер томография, замонавий лаборатория ҳамда онкологик касалликларни бир неча йил олдин аниқлайдиган замонавий диагностика ускуналари билан жиҳозланган.

2020 йил 10 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланди. Қарорга биноан, болалар ва аёллар айрим дори воситалари билан бепул таъминланади:

2021 йил 1 июндан бошлаб:
• 6-23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни;
• 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар “A” витамини;
• 2-10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминланади.

2022 йил 1 июлдан бошлаб:
• ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3-15 ёшдаги болалар йод препарати;
• 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминланади.
Шунингдек, ҳомиладор ва туғруқдан кейинги даврдаги аёллар ҳамда 5 ёшгача болалари мавжуд оилаларга алоҳида патронаж ҳамшираси бириктириладиган бўлди.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган кенг миқёсдаги ислоҳотлар, янгиланишлар ва ўзгаришларнинг туб мазмун-моҳияти бевосита Ўзбекистон бу борада ўзининг замонавий тарихий ривожланишидаги янги босқичига қадам қўймоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда янги давр тиббиётига асос солинмоқда