
Z авлод — яъни 1997–2010 йиллар оралиғида туғилганлар, олимлар таъбирича, инсоният тарихидаги энг бахтсиз авлодга айланмоқда. Гарвард ва Бэйлор университети тадқиқотчилари 22 та мамлакатда ўтказган кенг қамровли сўров натижасида ана шундай хулосага келишди, деб ёзади “Fortune” журнали.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, авваллари инсонлар ёшликда энг юқори бахт даражасини ҳис қилган, ўрта ёшда қониқиш пасайган, кейин қариликда яна ошган. Аммо бу “бахт эгри чизиғи” энди текис шаклга келган — Z авлод вакиллари қувонч ва умид ҳиссини анча эрта йўқотмоқда.
Олимлар маълумотларига кўра, 18–29 ёшдаги инсонлар орасида хавотир, руҳий тушкунлик, молиявий муаммолар ва ҳаётдаги маънони йўқотиш ҳолатлари кескин кўпайган. Уларнинг катта қисми ўзини ёлғиз, кераксиз ёки келажакдан қўрққан ҳолда ҳис қилмоқда.
“Бу жуда жиддий сигнал. Жамият ёшларнинг эмоционал фаровонлигига етарлича эътибор қаратмаяпти”, — дейди тадқиқот муаллифларидан бири, Гарвард Инсон тараққиёти дастури раҳбари Тайлер Вандервил.
Мутахассислар бу ҳолатни замонавий ҳаёт босими, иқтисодий ноаниқлик, сиёсий зиддиятлар ва доимий салбий ахборот оқими билан боғлашмоқда. Ҳатто респондентларнинг ярми ҳаётда мақсад сезмаслигини, қолган қисми эса доимий молиявий ташвишда яшашини таъкидлаган.
Олимлар фикрича, агар бу тенденция давом этса, инсоният “бахтли ёшлик” деган тушунчани қайтадан шакллантиришга мажбур бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 2025–2039 йиллар оралиғида туғилганлар Бета авлод сифатида таснифланади. Улардан аввал — 2010–2024 йилларда туғилган Альфа авлод ва ундан олдин 1997–2010 йилларда дунёга келган Z авлод, ҳамда 1981–1996 йилларда туғилган Y ёки Миллениаллар авлоди мавжуд.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!