10:10 / 21.06.2021
2 558

«Жамики одам боласи бир вужуддир». Эронлик илк судья хонимнинг Нобель маърузаси


Фото: Google Photos
Инсон ҳуқуқлари, биродарлик, тенглик ва адолат инсониятнинг оғриқли саволи. Гарчи замонавий дунёда яшаб, илм-фанда илгарилаётган бўлсак-да, инсонга ва унинг эркига муносабат борасида нуқсонларимиз кўп. Аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимоячиси, ҳокимият кирдикорларини минбарларда туриб фош этган эронлик ҳуқуқшунос аёл, ўлка тарихидаги илк судья, жамоат фаоли Ширин Эбади 2003 йили Нобель мукофоти тақдирлаш маросимида нутқ сўзлаб, дунё аҳлини зулмни тўхтатишга, инсонпарварликка чақирганди. Орадан 18 йил ўтса-да, Ширин хонимнинг нутқи долзарблигича, инсон ҳуқуқлари ҳамон ечилмаган муаммолигича қолмоқда. «Дарё» тарихда из қолдирган, тамаддунга ҳисса қўшган Нобель мукофоти совриндорларининг маърузаларини тақдим этади.

Меҳрибон ва буюк Аллоҳ номи ила
Бугун менинг овозим ушбу баланд минбарда жаранглаб, дунё аҳлига етиб бораётганидан беҳад мамнунман. Ушбу улкан шарафни менга Нобель қўмитаси туҳфа этди. Алфред Нобелнинг руҳи шод бўлсин ва унинг йўлидан бораётган жамики издошларини қутлайман.
Бу йил Нобель мукофоти Ўрта Шарқ мусулмон ўлкасидаги эронлик бир аёлга насиб этди.

Шубҳасиз, мени танлашгани, нафақат Эронда, балки бутун ўлкада ҳақ-ҳуқуқ, йиллар бўйи улардан тортиб олинган адолат учун курашаётган аёлларни ҳам илҳомлантиради, Эрондаги кўплаб ожизаларнинг ўзига ишончини мустаҳкамлайди. Аёллар ҳар қайси мамлакат аҳолисининг ярмини ташкил этади. Уларга эътиборнинг ҳаминқадарлиги, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётда фаол иштирок этишларини тақиқлаш, аслида, ҳар бир жамият аҳолисини ўз имкониятларининг ярмидан маҳрум қилиш билан баробардир. Патриархал маданият ва аёлларга қарши дискриминация, айниқса, Исломий давлатларда кўп учрайди ва бу абадий давом этмайди.

Ҳурматли Нобель қўмитаси аъзолари!
Хабарингиз бор, ушбу мукофотнинг шарафи, нуфузи Эрон ва минтақа халқларининг гуманитар ва чинакам саъй-ҳаракатларига ижобий, кенг таъсир кўрсатади. Ушбу неъмат ҳурликни севгувчи ва тинчликни кўзловчи ҳар қайси кишини – у хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин – бағрига боса олади.

Бугун Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганига 55 йил тўлади. Декларация инсон қадр-қиммати, тенглик, жамики одам боласининг ҳақ-ҳуқуқларини танитишдан бошланади. Озодлик, адолат, тинчлик куйчиси бўлиб ўртага чиқади. Дунёга инсон эркинлиги, фикрлар ҳурлигини ҳимоя қиламан, қўрқув ва қашшоқликдан асрайман деб ваъда беради.

Афсуски, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг бу йилги ҳисоботи олдинги йилларда бўлгани каби Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси муаллифларининг инсониятни идеалистик дунёсидан узоқлаштирадиган фалокат авж олганини сўзлайди. 2002 йили қарийб 1,2 миллион киши ўта қашшоқ шароитда, кунига бир доллардан кам даромад топиб яшарди. 50 дан ортиқ мамлакат уруш ёки табиий фалокатлар гирдобида қолган. ОИТС шу пайтгача 22 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлди, 13 миллион болажон етимга айланди.

Икки йил аввал айрим давлатлар 11 сентябрь воқеалари ва халқаро терроризмга қарши курашни баҳона қилиб, инсон ҳуқуқларининг умумбашарий тамойиллари ва қонунларини буздилар. БМТ Бош Ассамблеясининг 2002 йил 18 декабрдаги 57/219, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2003 йил 20 январдаги 1456 ва 2003 йил 25 апрелдаги БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг 2003/68-сонли қарорида давлатлар терроризмга қарши кураш бўйича барча чоралар – халқаро ҳуқуқ, хусусан, халқаро инсон ҳуқуқлари ва гуманитар қонунлар борасида ўзларининг бор мажбуриятларини бажаришни таъминлаши кераклигини таъкидладилар.

Бироқ адолатли суд қарорини қийинлаштирадиган, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини чеклайдиган махсус органлар, фавқулодда судларнинг қоидалари терроризмга қарши уруш ниқоби остида оқланди ва қонунийлаштирилди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари сони, инсон ҳуқуқларига алоқадор халқаро қонунлар нафақат, маданий боғлиқлик важи билан бузилганда, яна ушбу принциплар ғарб демократик ўлкаларида, бошқачароқ айтганда, ўзларини БМТ Хартияси ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг устунлари, кодификаторлари бўлган давлатларида бузилганида ортади.

Бу чинакам қобиқки, бир неча ой давомида юзлаб инсонлар Гуантанамода ҳарбийлар билан тўқнашувда Женева конвенцияси, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва БМТнинг Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда кўзда тутилган ҳуқуқларсиз қамоққа тиқилди.

Бундан ташқари, сўнгги бир неча йил ичида, хусусан, сўнгги ойларда халқаро фуқаролик жамиятидаги миллионлаб фуқароларни қизиқтирган саволлар қуйидагича: нима учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг баъзи қарорлари ва резолюциялари мажбурий, аммо, кенгашнинг айрим қарорлари ўта кучсиз? Нега ўтган 35 йил ичида Фаластин ҳудудларини Исроил давлати томонидан босиб олинишининг қоралангани тўғрисида БМТнинг ўнлаб қарорлари зудлик билан амалга оширилмади, лекин сўнгги 12 йил ичида Ироқ давлати ва халқи Хавфсизлик Кенгашининг тавсияси ва иккинчи марта БМТ Хавфсизлик Кенгашининг норозилигига қарамай, ҳарбий ҳужум, иқтисодий санкциялар ва охири, ҳарбий оккупация сўроғи остида қолди?

Хонимлар ва жаноблар, келинг, туғилиб ўсган мамлакатим, ўлкам, маданиятим ва эътиқодим ҳақида сўзлаб берсам.
Мен эронликман. Буюк Кирнинг авлодиман. Бундан 2500 йил олдин куч-қудратга тўла ҳокимият тепасида турган император: «...агар улар хоҳламаса, у улар устидан ҳукмронлик қилмайди» деган эди. У яна бирор кимсанинг дини, эътиқодини ўзгартиришга мажбур қилмасликка, бани башарнинг озодлигини асрашга ваъда берган. Буюк Кир низомномаси энг муҳим ҳужжатлар сирасига киради. Бу инсон ҳуқуқларининг илк шакли сифатида ўрганилиши шарт.

Мен мусулмонман. Муқаддас китоб Қуръонда ислом Пайғамбарининг сўзлари келтирилган: «Сен ўз имонингга, мен ўз динимга ишонаман». Бундай илоҳий китоб бошқа пайғамбарларга ҳам нозил қилиниб, ер юзидаги инсонларнинг ҳуқуқини адолат-ла сақлашга чақирган. Эрон цивилизацияси ва маданиятига Исломнинг кириб келиши гуманитаризм, бошқалар ҳаёти, ишончи, эътиқодини ҳурмат қилиш, бағрикенглик, муросайи мадорани тарғиб қилиш, зулм, хунрезлик ва урушдан қочиш тушунчалари орасига сингиб кетган. Эрон адабиёти намояндалари, айниқса, Гностик адабиёт вакиллари – Ҳофиз, Мавлоно (Ғарбда Румий номи билан машҳур), Аттордан Саъдий, Санои, Носир Хусрав, Низомийгача – инсоният маданияти посбонлари бўлишган. Уларнинг мурожаати Саъдийнинг қуйидаги байтида намоён:
«Бани одам аъзойи якдигарад,
Ки дар офариниш за як гавҳаранд.
Чу узве ба дард оварад рўзгор,
Дигар узвҳоро намонанд қарор».
(Жамики одам боласи ягона вужуддир. Улар яратилишдан гавҳарга ўхшайдилар. Агар тана аъзоларидан бирига дард тегиб, хасталанса, бошқа аъзолар ҳам омон қолмайди – Ч.Н)

Эронликлар юз йилдан бери анъана ва замонавий қараш ўртасидаги адоқсиз низо устида тортишиб келадилар. Қадимги анъаналарга эргашиб, айримлар дунёни аждодлари кўзи билан кўришга, муаммоларни уларнинг назари билан ҳал этишга уринишди ва ҳамон шу йўлда. Лекин бошқалар тарихий ва маданий ўтмиш, дин ва эътиқодга ҳурматни сақлаб, цивилизация, ривожланиш ва тамаддун карвонининг орқа оёғи бўлмай, тараққиёт билан бақамти юришга интиляптилар. Айниқса, охирги йиллари эронликлар жамоат манфаатларини ҳимоя қилишни ўзларининг ҳуқуқи деб билишни ва тақдирларига ўзлари хўжайин бўлишни кўрсата олишди.

Ушбу исён фақатгина Эронда эмас, балки кўпгина мусулмон давлатларида ҳам кўтарилди. Демократия ва инсон ҳуқуқлари баҳонаси остида айрим мусулмонлар ислом муаллимлари ва исломий жамиятларнинг анъанавий қурилиши билан чиқиша олмайдилар. Улар деспотик ҳукуматларни оқлашди ва шу зайл давом этишмоқда. Аслида анъанавий, патриархал ва патерналистик усуллардан фойдаланган ҳолда ўз ҳуқуқларини биладиган халқ устидан ҳукмронлик қилиш осон эмас.

Ислом пайғамбарига «Иқро!» деган сўз билан бошланган диндир. Қуръони карим қалам ва унда ёзилганлари билан қасам ичади. Бундай мужда ва насиҳат тафаккур, билим, донолик, фикр эркинлиги ва маданий плюрализмга зид бўлиши мумкин эмас.

Фуқаролик ҳуқуқи соҳасида ёки ижтимоий, сиёсий ва маданий адолат бобида бўлсин, исломий давлатлардаги аёлларнинг камситилиши илдизлари Ислом динида эмас, балки ушбу жамиятлардаги ҳукмрон эркаклар тутумидан келиб чиқади.

Бу тутум на ҳурликка, на демократияга тоқат қилади. У шунчаки эркаклар ва аёллар ҳуқуқлари тенглиги, аёлларнинг эркак (ота, эр, ака-укалар) мурувватидан озодлигига ишонмайди. Чунки бу ўша тутум қоровуллари, бошқарувчиларининг тарихий ва анъанавий қарашларига рахна солиши мумкин.

Цивилизациялар тўқнашуви ҳақидаги ғояни илгари сурганлар ёки ушбу минтақага уруш, ҳарбий аралашувни буюрган ва ўз ҳаракатларини оқлаш учун жанубнинг ижтимоий, маданий, иқтисодий ва сиёсий сустлигини дастак қилганларга айтиш керакки, сиз инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонунларни, шу жумладан, халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини универсал, умумий деб ҳисобласангиз ва парламент демократиясининг бошқа сиёсий тизимларга нисбатан устуворлиги, қонунпарварлигига ишонган бўлсангиз, у ҳолда сиз фақат ўз хавфсизлигингиз ва фаровонлигингиз, худбинлигингиз, бошқаларни менсимаслигингиз ҳақида ўйлай олмайсиз. Жанубий ўлкаларнинг сиёсий мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, инсон ҳуқуқлари ва демократиядан баҳраманд бўлишлари учун БМТ янги воситалар ва ғояларни излаб топишни келажакдаги ўзгариш, халқаро муносабатлардан-да олдинга – биринчи ўринга қўйиши шарт.

2003 йили Нобель қўмитасининг Тинчлик бўйича мукофоти билан тақдирланарканман, илк эронлик ва мусулмон давлатлари орасида бу мукофотга ноил бўлган биринчи муслима аёл эканим, нафақат, ўзимни, яна миллионлаб эронлик хотин-қизларни илҳомлантирди. Ушбу рағбат исломий давлатлар аҳолисини саъй-ғайрат, кучимиз-у курашимиз, ҳаммаси инсон ҳуқуқларини юзага қалқитиш, мазлум ўлкаларда демократияни тиклаш, уларни қўллаб-қувватлаш, ҳамма тенг, бирдам бўлган халқаро фуқаролик жамиятига асос солишда кўмакчи бўлади деб умид қилади.
Бу мукофот бутун Эрон аҳлиники. Бу мусулмон давлатлари ва инсон ҳуқуқлари, демократияни барпо этаётган Жануб фуқароларига тегишли.

Хонимлар ва жаноблар!
Сўзимнинг бошида ҳуррият, адолат ва тинчлик ҳимоячиси сифатида инсон ҳуқуқларидан гап очдим. Инсон ҳуқуқлари мавжуд қонунларда намоён бўлмаса ёки давлатлар томонидан кучга кирмаса, у ҳолда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг муқаддимасида айтилганидек, одамларга «зулм ва зулмга қарши исён» уюштиришдан бошқа илож қолмайди. Қадр-қиммати тепкиланган инсон, ҳуқуқларидан маҳрум қилинган инсон, очликка мубтало этилган инсон, хўрлаб калтакланган инсон, уруш ва касалликдан тинкаси қуриган инсон, талон-торож қилинган инсон бирор давлат ва аллақандай мақомда туриб бузилган, йўқотган ҳуқуқларини ҳеч қанақасига тиклай олмайди.

Агар XXI аср муттасил зулмдан халос бўлишни истаса, террористик ҳаракатлар, уруш ва ХХ аср – инсониятнинг энг кўп балога дучор бўлган асри – тажрибасини бошдан ўтказишни, такрорлашни хоҳламаса, одамзод учун ҳуқуқларини қайтариш, ирқи, жинси, келиб чиқиши, миллати ёки ижтимоий аҳволини ўз ўрнига қўйиб қўйишдан бошқа чора йўқ.
Ўша кунни кутиб қоламан.
Беҳад миннатдорлик ила Ширин Эбади.

Маълумот учун: 
Эроннинг Ҳамадон шаҳрида туғилган Ширин Эбади тарихга ўлканинг илк аёл судьяси бўлиб кирди. Нотариус отасининг адолатпарварлиги, 1948 йили касб-корда ўсиш учун Теҳронга оилавий кўчиб кетилгани Эбадининг бир умрлик йўлини – ҳақ-ҳуқуқ курашчиси бўлишини белгилаб беради. Бироқ 1979 йили Эрондаги инқилоб ва ички низолар Ширин хонимнинг фаолиятига нуқта қўяди, «аёллар бундай иш учун ўта ҳиссиётчандирлар» деган баҳона билан алоҳида қонун ёзилиб, эронлик хотин-қизларнинг юридик соҳада ишлаши қатъиян ман этилади.
Курашдан тўхтамаган, аёллар ва болалар, умуман, атрофидагиларга ёрдам беришдан тинмаган Ширин Эбади «тилининг аччиқлиги», танқидга усталиги, давлат раҳбарлари ва уларнинг ҳокимиятидаги камчиликларни аямай фош этгани учун 2000 йили қамоққа олинади. Лекин тез орада озод этилади.

Ширин Эбади инсоннинг асосий ҳуқуқлари, айниқса, болалар ва аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича тинмай курашиб келмоқда. Бу муаммоларни диққат марказига қўйиш учун алоҳида ташкилот очиб, Эроннинг мерос ва ажрим ҳуқуқи бўйича ўзгартиришлар қилинишини сўраб, китоблар ёзди. 2003 йили берилган Тинчлик бўйича Нобель мукофоти ва медалини Эрон ҳукумати 2009 йили олиб қўйди.

Инглиз тилидан Чарос Низомиддинова таржимаси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Жамики одам боласи бир вужуддир». Эронлик илк судья хонимнинг Нобель маърузаси