22:33 / 01.09.2021
3 848

Олий суд Иброҳимбек қўрбошини оқлади. «Лақайлик Робин Гуд» тарихи

Олий суд Иброҳимбек қўрбошини оқлади. «Лақайлик Робин Гуд» тарихи
Иброҳимбек қўрбоши
1931 йил август ойида истиқлол курашчиси, «босмачилар» ҳаракатининг энг машҳур етакчиси Иброҳимбек Чақабоев совет ҳукумати душмани сифатида большевиклар томонидан отиб ташланди. Орадан 90 йил ўтгач, Ўзбекистон Республикаси Олий суди уни оқлади. Ушбу мақолада «Лақайдан чиққан Робин Гуд», «Лақайлик Наполеон» лақабини олган қўрбоши ҳақидаги маълумотларни умумлаштиришга, унинг ҳаёти ва фаолиятига назар солишга ҳаракат қиламиз.

Дала қўмондони, қўрбоши Иброҳимбек совет тарихига «босмачилар ҳаракати»нинг энг машҳур етакчиси сифатида кирган. У ўтган асрнинг 30-йилларида совет ҳукуматига қарши қуролли кураш олиб борган.

Кўп йиллар давомида у совет киносининг энг асосий «золим»ларидан ва совет адабиётининг антиқаҳрамонларидан бири - «босмачи» сифатида гавдаланган. Баъзилар учун у муросасиз душман бўлса, бошқалар учун истиқлол курашчиси тимсоли эди.

Иброҳимбек йиллар давомида совет ҳукуматига қарши курашди. Сўнгра, қаршилик кўрсатиш ва урушни давом эттириш бефойда эканини тушуниб, таслим бўлди. Ҳибсга олинди ва отиб ташланди. Орадан 90 йил ўтгач суд томонидан оқланди.

Иброҳимбек лашкарлари (фото РИА-Новости)
Курашнинг бошланиши
Иброҳимбек 1889 йилда Бухоро амирлиги таркибига кирувчи Душанбе шаҳри яқинидаги Кўктош қишлоғида туғилган. Унинг отаси Чақабой ўзбекларнинг лақай уруғига мансуб, ўз қишлоғининг оқсоқоли, баъзи маълумотларга кўра, Бухоро армиясида тўқсабо (полковник) ёки амирлик амалдорларидан эди.

Иброҳимбек 1,5 йил давомида мадрасада ўқийди. Ўзининг тан олишича, ўқишни бироз билади, аммо ёзишни ўргана олмайди.
1920 йили Туркистонда совет ҳукумати ўрнатилади. Бухоро амири Саид Олимхон тахтни ташлаб, Афғонистонга қочади.

Янги ҳукумат маъмурий бинолар йўқлиги туфайли мадрасалар, масжидлар ва бошқа жамоат жойларини эгаллай бошлайди. Аҳолининг ғамлаб қўйган озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаги армия эҳтиёжлари баҳонасида тортиб олинади. Уй-жойлар ва бошқа бостирмаларнинг ёғоч қисмлари бузиб олиниб, ўтин сифатида ишлатилади. Қаршилик қилишга уринганлар сургун ёки қатл этилади.

Оқибатда, 1921 йил баҳорида Шарқий Бухорода (Ҳисор, Қўрғонтепа, Кўлоб, Қоратегин, ҳозирги марказий ва жанубий Тожикистон) маҳаллий қабила бошлиқлари ва диний уламолар раҳнамолигида қизил армия ва совет ҳукуматига қарши қўзғолон бошланади. Исён етакчилари барча қабила ва қавмларни душманга қарши курашиб, ватанни озод қилишга, истиқлол байроғи остида бирлашишга, Саид Олимхонни тахтга қайтариб, амирликни тиклашга чақиришади.

Лақай уруғи вакиллари ҳам Иброҳимбекнинг қайнотаси Абдуқаюм Парвоначи бошчилигида қўзғолончиларга қўшилиб, инқилобчилар ва совет ҳукуматига қарши курашни бошлайди. Аммо тез орада қўмондон бетоб бўлиб қолади. Қайнотасининг ўрнини эса ёш Иброҳимбек эгаллайди.

Айнан унинг бошчилигида лақайликлар қўзғолончиларнинг етакчи гуруҳига айланиб олишади. Иброҳимбек Вахш дарёси қирғоғи, Душанба атрофи ва Ҳисордаги жангларда ғалаба қозониб, моҳир қўмондон сифатида обрў орттиради. Унинг раҳбарлигида Қоратегин, Дарвоза, Балжувон, Кўлоб ва Жиликўлда совет ҳукумати бартараф қилинади.

Қизил армия аскарлари (Фото: Георгий Зельма / РИА Новости )
Душанба воқеалари
1921 йилда Иброҳимбек Душанбени қамал қилади. Шаҳарни қизил армиянинг 7-ўқчи полки таркибидаги 2та гарнизон жангчилари ҳимоя қилишаётганди.

Узоқ вақт давом этган қамал совет аскарлари силласини қуритиб, очлик, турли касалликлар, сув ва дори етишмовчилигини келтириб чиқаради. Натижада, Бухоро Халқ Республикаси Марказий ижроқўми раиси Усмон Хўжаев ва РСФСР консули Нагорний Душанбега етиб келиб, Иброҳимбек билан сулҳ тузишга мажбур бўлишади.

Қизил армия жангчилари Душанбени зудлик билан тарк этишади. Қўрбоши эса амалда Шарқий Бухоронинг тўлақонли ҳокимига айланади.

Аммо бу қарор нотўғри эканини қўрбоши тез орада билиб олади. Шу йил куз ойларида қизил армия катта куч тўплаб Шарқий Бухорога қайтади ва қўзғолончиларни тор-мор этади. Иброҳимбек жангчилари билан Афғонистонга чекинишга мажбур бўлади.

Бухоро Халқ Республикаси харитаси. Қизил чизиқлар билан Шарқий Бухоро ажратиб кўрсатилган.
Анвар Пошонинг келиши ва у билан зиддият
Бухоро амири Саид Олимхон Афғонистон пойтахти Кобулда қўним топган бўлса-да, Иброҳимбек билан доимий алоқа ўрнатиб, уни қўллаб-қувватлаб турган. 1922 йили у қўрбошига кўмак бериш мақсадида туркиялик машҳур ҳарбий қўмондон Анвар Пошони Шарқий Бухорога юборади.

Бироқ, Анвар Пошонинг озодлик ҳаракатини бирлаштириб, унга ўзи раҳбарлик қилишга уриниши Иброҳимбекка ёқмайди. Туркиялик қўмондон қисқа муддат давомида бир қанча ғалабага эришган бўлса-да, қўрбоши уни қўллаб-қувватлашдан бош тортади. Август ойида Анвар Пошо қизил армияга қарши жангдаги мағлубиятда аскарларининг катта қисмидан ажралиб, Афғонистонга чекинаётганида ҳалок бўлади.

Афғонистонга кўчиб ўтиш
1922 йилда Иброҳимбек лашкарлари билан Афғонистонга, Хонобод қишлоғига кўчиб ўтади. У Ҳисорда қўрбошилар қурултойини ўтказиб, уларнинг етакчисига айланиб олади.

Иброҳимбекнинг кўп сонли жангчилари оилалари билан Афғонистон шимолига, Алиобод, Толуқон, Хонобод, Чордара ва Оқтепага ўрнашиб олишади. Қўрбоши бу жойларни ўз лашкарларининг таъминот базасига айлантириб, совет ҳукуматига қарши мунтазам ҳужум уюштиришда таянч нуқтаси сифатида фойдаланади.

1924-1925 йилларда Иброҳимбек Шарқий Бухорога янги юришларни уюштирган бўлса-да, муваффақият қозона олмайди. 1926 йил ёзида қизил армия томонидан тор-мор этилиб, яна Афғонистонга чекинади.

Афғонистон ҳукумати билан зиддиятлар
Афғонистон амири Муҳаммад Нодиршоҳ Иброҳимбек лашкарларининг шимолий ҳудудларда қўним топишини мамлакат яхлитлигига таҳдид сифатида кўрган. Бу бежиз эмас эди.

Совет разведкаси маълумотига кўра, Иброҳимбек Афғонистон шимоли-шарқида мустақил ўзбек-тожик давлатини тузиб, Саид Олимхонни тахтга кўтариш режасини тузган. Буни амалга ошириш мақсадида 1930 йили Қатоғон ва Бадахшон вилоятларида шоҳга қарши халқ қўзғолонларини бошлаган.

Бу воқеалар ва совет ҳукумати дипломатияси Нодиршоҳни кутилмаган қарорга мажбурлайди. 1930 йил ёзида у қизил армия мамлакатнинг шимолий ҳудудларига кириб, қўрбошига қарши юриш қилишига рози бўлади.

Оқибатда Яков Мелькумов қўмондонлигидаги совет жангчилари Афғонистонга кириб, босмачиларнинг таянч базаларини яксон қилади. Иброҳимбек эса тоғли ҳудудларга қочиб, яширинишга мажбур бўлади.

Қўрбошининг тирик қолганидан ғазабланган Нодиршоҳ 1930 йил кузида унинг ортидан ўз армиясини юборади. Ҳарбий ҳаракатлар кенг миқёсда ўтказилса-да, маҳаллий ҳукуматга самара бермайди. Тоғли ҳудудларда ўзини сувдаги балиқдек ҳис қиладиган қўрбоши лашкарлари нафақат омон қолишган, балки тез орада аввалги мавқеини тиклаб олишган.

Қизил армия афғон юришида
Икки фронтдаги жанглар
Иброҳимбек афғонистонлик ўзбеклар ва тожиклар кўмагида қисқа вақт ичида 2,5 минг кишилик янги лашкар тўплайди. Эрон ва Афғонистон ҳудудидаги қўрбошиларни бирлаштиришга уринади. Шунингдек, СССР ҳудудига бостириб киришга кўп марта ҳаракат қилади. Аммо, бир вақтнинг ўзида Нодиршоҳ томонидан унга қарши юборилган пуштун жангчилари билан тўхтовсиз курашишга мажбур бўлади.

Ҳарбий юришларда маҳоратини тоблаган Иброҳимбек пуштунларга осонликча қақшатқич зарбалар беради. Қисқа вақт ичида шоҳ армияси 3 мингдан ортиқ жангчисидан айрилади, қўрбоши Рустак, Чоҳи-об, Толуқон, Имом-Соҳиб қишлоқларига ўз ноибларини тайинлайди.

Нодиршоҳ жангларда мағлуб бўлгач, қўрбошини тинчитиш учун Саид Олимхонни ишга солиб ҳам кўрган. Собиқ амир Иброҳимбекка қуролни ташлаб, Кобулга етиб келишни таклиф этган. Эвазига шимолий вилоят ҳокимлигини ваъда қилган.

Иброҳимбек бу таклифни ҳақорат ва тузоқ деб қабул қилади. Қабиладошлари ва иттифоқдош туркман қўрбошилари билан маслаҳат қилиб, таклифни рад этган.

Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон (фото С. М. Прокудин-Горский)
Қўрбошининг кучсизланиши
Афғон армиясининг кетма-кет мағлубиятлари ортидан Нодиршоҳ Англиядан ёрдам сўрайди. Инглизлар «Афғон Робин Гуди»ни бартараф қилиш учун Кобулга катта миқдорда молиявий маблағ ажратиб, қурол-яроғ билан таъминлашади. Армия пуштун ва ҳазор қабилалари жангчилари билан кучайтирилади.

Афғон ҳарбийлари совет ҳукумати таъқибидан қочиб, шимолий ҳудудларга ўрнашиб олган, Иброҳимбекдан паноҳ топган ўзбек, тожик ва туркманларга қарши қирғин бошлайди. Қишлоқлар вайрон қилинади, уйлар таланади. Оқибатда, мамлакат шимоли (ўзбек, тожик, туркманлар, Қатоғон ва Бадахшон вилоятлари) ва жануби (асосан пуштунлар) ўртасида миллатчилик руҳидаги зиддият кучаяди.

Афғон армиясининг мунтазам равишда маблағ, қурол-яроғ ва жангчилар билан таъминланиши ўз мевасини беради. 1931 йил март ойида Афғонистон мудофаа вазири Маҳмудхон Толуқон қишлоғи яқинида Иброҳимбекнинг катта гуруҳига қақшатқич зарба бериб, 315 жангчисини йўқ қилади. Қўрбоши эса Хонободни тарк этиб, чегарага чекинади. Хонободда марказий ҳокимият тикланади. Маҳмудхон қўрбошининг асирга тушган 35 жангчисини омма олдида қатл этади.

Иброҳимбек туркман қўрбошиси Қизил Оёқдан кўмак сўраб, лашкар тўплаб, зудлик билан Хонободга қайтишни режалаштиради. Бироқ, афғон ҳукумати билан махфий келишувга эришган Қизил Оёқ ёрдам беришни истамайди. Бу қарор Иброҳимбек ва Нодиршоҳ қарама-қаршилиги тақдирини узил-кесил ҳал этиб, қўрбошини ҳалокатга маҳкум қилади.

Афғон жангчилари (фото Regnum)
Сўнгги юриш
1931 йилнинг март ойи ўрталарига келиб, шоҳ армияси ва пуштун қабилалари Иброҳимбек лашкарларини бутун шимол бўйлаб таъқиб қилишади, ҳатто, нафас ростлаб олишга имкон беришмайди.

Уни қўллаб-қувватлаб турган маҳаллий аҳоли ҳам тўхтовсиз жанглардан чарчаб, ўзини четга олади. Ёлғиз қолган қўрбошининг куч ва имконияти ниҳоясига ета бошлайди.

Иброҳимбек шимолга, Амударё қирғоғига қайтишга мажбур бўлади. Унинг олдида икки йўл бор эди: дарёни кечиб ўтиб, совет ҳукуматига қарши курашни давом эттириш, аммо зарур пайтда Афғонистонга чекиниш имкониятидан маҳрум бўлиш ёки Афғонистонда қолиб, шоҳ ҳукуматига қарши маъносиз уруш олиб бориш.

Қўрбоши Каптарали қишлоғида лашкарларини тўплаб, маслаҳат қилади.

«Совет ҳудудига ўтамиз, у ёқда эса кўрамиз, агар аҳоли ёрдам берса, курашни давом эттирамиз. Агар ёрдам бермаса, таслим бўлиш ҳақида музокара ўтказамиз», дейди у (Иброҳимбек Чақабоевга нисбатан очилган №123469 жиноят иши, 36-саҳифа).

Қўрбошининг бу қарорини тушуниш мумкин, у хориждаги диндошлари билан қирпичоқ бўлиш учун эмас, балки ватан озодлиги йўлида курашга отланган аскар эди.

«Мени афғонлар эмас, большевиклар ўлдира қолсин», дейди у ва 1931 йил апрель ойида 1,5 мингга яқин жангчиси билан Шарқий Бухорога қайтади.

Иброҳимбекнинг муваффақиятга оз бўлса-да умиди бор эди. У сўнгги йилларда колхозлаштириш сиёсати оқибатида зарар кўрган ва совет ҳукуматига хусумати бор маҳаллий аҳолининг ёрдамини кутганди.

Бироқ, ундай бўлиб чиқмади. 1931 йил ёзига келиб, қизил армияга қарши кучлар тенг бўлмаган жангларда Иброҳимбек кўплаб одамларидан айрилади. Баъзи маълумотларга кўра, 1224 жангчиси ўлдирилган, 75 нафари асир олинган, 314 жангчи қуролини ташлаб, таслим бўлган.

Асирга олинган Иброҳимбек қизил аскарлар қуршовида
Асирлик ва қатл
1931 йил 23 июнь куни Кофарниҳон дарёсини кечиб ўтишда Иброҳимбекнинг ҳолдан тойган аскарлари қизил армиянинг Муқум Султонов бошчилигидаги махсус гуруҳи пистирмасига дуч келади. Қўрбоши жангда яраланиб, асирликка олинади. Уни қўлга олишда машҳур ўзбек генерали Собир Раҳимов ҳам иштирок этган ва кейинчалик қизил юлдуз ордени билан тақдирланган.

42 ёшли Иброҳимбек махсус соқчилар назоратида Тошкент шаҳрига олиб кетилади. 1931 йил 31 август куни совет ҳукумати душмани сифатида олий жазога – ўлимга маҳкум қилинади. Жазо зудлик билан амалга оширилиб, отиб ташланади.

Ҳибсга олинган Иброҳимбек Тошкентга жўнатилиш арафасида. (Сталинобод, ҳозирги Душанба, 1931 йил)
Суд ва реабилитация
2021 йил 25 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида мустабид совет даврида қатағон қилинган 115 нафар шахсни оқлаш юзасидан 6та жиноят иши қайта кўриб чиқилди.

Уларнинг орасида Иброҳимбек ва унинг 15 нафар издошига алоқадор иш ҳам бор эди. Олий суд мазкур жиноят иши суд томонидан кўриб чиқилмагани, жиноят ишида суд ҳукми ёки баённомаси мавжуд эмаслигини аниқлади ва Жиноят процессуал кодексининг 83-моддасига асосан Иброҳимбек ва у билан бирга отиб ташланган 15 нафар шахсни оқлаш ҳақида ҳукм чиқарди. Уларнинг исми-шарифи: Абдуқаюм Парвоначи Улаев, Эшон Исохон Мансурхонов, Алимардон Додҳоҳ Муҳамедов, Сулайман Салоҳиддинов, Кўр Ортиқ Аширов, Мулла Ниёз Парвоначи Ҳакимов, Мулла Аҳмадбей Саидов, Тошмат Хўжа Бердиев, Азим Марка Остонақулов, Қувганбек Шералиев, Шоҳасан Имонқулов, Мирзақаюм Черов, Қувган Кенжаев, Олот Полвон Элмирзаев, Эшон Полвон Баҳодирзода.

Иброҳимбек ким?
Иброҳимбекни катта ҳарбий-сиёсий ҳаракат етакчиси дейиш мушкул. У шунчаки «ижтимоий курашчи» эди. Қўрбоши ўзида қашшоқ, эзилган ва алданган аҳолининг эркинлик, қаҳрамонлик ва адолатга бўлган кўп асрлик интилишини мужассамлаштирган. Оммавий сафарбарлик тўлқини таъсирида кўтарилиб, деҳқонларча сусткашликка, итоаткорлик ва ҳаракатсизликка қарши чиққан.

Мустамлакачиларга қарши озодлик ҳаракати (совет талқинига кўра «босмачилик») Амударё қирғоқлари ва Ҳиндукуш этакларида «қизил инқилоб» оловини ўчира олди, гарчи ўз олдига бундай мақсадни қўймаган бўлса-да. Мана шу жиҳати билан жаҳон тарихида муҳим из қолдирди.

Аммо исёнчиларнинг Марказий Осиёни озод қилишга қўшган ҳиссаси амалда катта бўлмади. Бу ҳаракат озодлик ва мустақиллик каби қадриятларнинг борлигини кўрсата олди, бироқ бунга қандай эришишни билмас эди.

Иброҳимбек ва издошларининг оқланиши унинг шахси ва фаолиятини чуқурроқ ўрганиш учун тарихчиларга янги имкониятлар тақдим этишига шубҳаланмаса ҳам бўлади. Умид қиламизки, у ҳақдаги қиссага ҳали сўнгги нуқта қўйилмади.

Нурмуҳаммад Саид тайёрлади

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Олий суд Иброҳимбек қўрбошини оқлади. «Лақайлик Робин Гуд» тарихи