11:11 / 04.11.2021
2 069

Ис гази: фалокатми, фожиами?

Ис гази: фалокатми, фожиами?
...Очиғини айтишим керак, бу мавзуда ёзишни мутлақо истамаган бўлардим. Жуда изтиробли, қайғули. Аммо... Ўз тақдирига эътиборсиз бўлган инсонларни ҳушёрликка, огоҳликка чорлаш касбимиз тақозоси, ёзмасликнинг иложи йўқ.

“Эҳтиёт – ярим ҳаёт” дейди доно халқимиз. Ҳаёт инсонга берилган шундай бир улуғ неъматки, уни мазмунли ўтказиш, соғликка, тинчликка алоҳида эътибор қаратиш, бир олам бебаҳо бойликка ҳам топиб бўлмайдиган ушбу бетакрор ҳаётни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб яшаш, умримизга умр қўшишини таъкидлаб ўтирмасак ҳам бўлади.

Замонавий илм-фан тобора юксалиб бораётган айни замонда, юртимизнинг узоқ-яқин гўшаларида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари туфайли гулдек умрларнинг завол топаётгани кишини қайғуга солади. Албатта, бундай нохуш кўргуликларни тақдир экан-да, деб қўйиш ҳам мумкиндир. Не ажабки, бундай дейиш асло мумкин эмас. Чунки тақдири азалимизни яратган Аллоҳ таоло шу билан бирга, биз учун чексиз ақл-заковат ҳам ато этиб қўйган. Ҳар бир ишни оқилона фикрлаб, амалга оширган инсон фалокат ва ҳалокатлар гирдобида қолмаслиги ҳам тақдиримизнинг узвий бир бўлаги эканини унутмайлик.

Куз-қиш мавсуми келди дегунча, юрак ҳовучлаб қоламиз. Негаки ушбу паллада босма ОАВ ва электрон ОАВ саҳифаларида из газидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ маълумотлар чиққанида ҳар қандай бағритош инсоннинг ҳам кўнглини хира бўлади. Масаланинг яна бир томони, заҳарланиш ортидан келган ҳалокатларнинг 99,9 фоизи эҳтиётсизлик оқибатида содир бўлгани иддао қилинади. Бўлиши мумкин, бундай далиллардан ҳам кўз юммаган ҳолда, шуни ҳам таъкидлаш лозимки, таёқнинг иккита учи бўлади. Яъни, айтайлик масаланинг бир учи эҳтиётсизликка, бепарволикка бориб тақалса, иккини учи давлат ва жамоат ташкилотларининг лоқайдлигига бориб тақалади. Хўш, нега бундай деяпмиз? Чунки маҳалла қўмиталари, газ таъминотига алоқадор бўлган ташкилотлар олис-олис қишлоқларда ҳам етарли даражадаги шарт-шароитни яратиб қўйишса, ажаб эмаски статистик маълумотларда қайд этилаётган ис газидан заҳарланиш ҳолатлари йўқолиб кетса.

Бундан икки йилча аввал, хизмат сафари билан Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида бўлгандим. Мустақилликка эришган дастлабки йилларимизда, ушбу туманнинг кўпгина қишлоқ хонадонларига газ қувурлари ўтказилган. Таассуфки, нари борса бир-икки йил мазкур туман қишлоқлари аҳолиси “зангори олов” саховатидан баҳраманд бўлишган. Кейинчалик эса ушбу қувурларга йиллар давомида табиий газнинг ўзи тугул, ҳатто ҳиди ҳам бормай қўйган. Пирововардида, газ кута-кута кўзлари кўкарган аҳоли, ўша фалон пул эвазига ўрнатилган газ қувурларини ортиқча дахмаза, деб кесиб ташлашган.

Айрим “уддабурон”лар кесиб олиб тадбиркорларга сотиб юборишган. Хўш, шундай шароитда улар албатта, ўз маиший эҳтиёжлари учун кўмир, ўтин ёки таппидан фойдаланиши табиий ҳол эмасми? Шундай қилиб, хато ва камчиликларини ўз вақтида тузатилмаслиги оқибатида минглаб аҳоли азият чекмаяптими? Бундай ҳолат фақатгина битта вилоятнинг биргина туманида учраса, буни тушуниш мумкиндир. Аммо Ватанимизнинг қайси бурчагига борманг, айнан шундай кўнгилсиз ҳолатларга дуч келмай қолмайсиз.

Ижтимоий тармоқларда яқинда тарқалган, Ургут туманида юз берган ис газидан заҳарланиш фожиаси ҳаммамизнинг қалбимизни ларзага келтирди. Ҳамма айбни фуқарога тўнкашни касб қилиб олган мутасадди ташкилотлар бундай ҳолатларни билмайдими? Икки норасида гўдаги билан ёруғ жаҳонни тарк этган ургутлик бу оиланинг айби нима эди? Ахир улар ҳам иссиқ уйда яшаши керак эмасмиди? Шу каби кундалик ҳаётий эҳтиёж туфайли боласига иссиқ овқат қилиб беришни, улар совқотмаслиги учун уйини иситишни истаган аёл бошқа нима қиларди? Шу аёл ва бошқа барчамиз ҳам хонадонимизда “зангори олов” порлаб тургани ҳолда, уйни иситиш учун кўмир, таппи ёқармидик? Йўқ албатта.

Ургут туман ФВВ бўлими ходими фалокат печ мўрисини тозамаслик оқибатида келиб чиққан, деб оддийгина изоҳ бермоқда, мазкур фалокат юзасидан савол берган мухбирга. Бу билан энди нима ўзгаради. Бундан кўра, иситиш мавсуми бошланишидан олдин тегишли ташкилотлар (уларнинг ўзидан ҳам номи кўп, қай бирини айтишни ҳам билмайсан, киши) кабинетларида ғўдайиб ўтирмасдан уйма-уй кириб, эҳтиёт чораларини кўриш, ёнғин чиқмаслигининг олдини олиш мақсадидаги тадбирларни амалга оширишганида, балки кўплаб фалокатларнинг олди олинармиди?!

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси берган маълумотларга кўра, биргина ўтган 2019-2020 йилларда, тегишли тартибда 31 ва 70 та мана шундай ис газидан заҳарланиш ҳолатлари содир бўлган. Уларда 80 дан ортиқ киши жароҳат олган бўлса, 140 нафари бевақт вафот этган. Энг ачинарлиси, улар орасида 1-3 ёшли гўдакларнинг ҳам борлигидир. Бундан ташқари, биргина оиланинг 3-4 нафар, яъни барча аъзоси нест-нобуд бўлганини айтишнинг ўзи қалбимизни қайғуга ботиради.

Аммо... Янги иситиш мавсуми яна бошланиб қолди. Она табиат саховати туфайли ҳозир юртимизда об-ҳаво бирмунча мўътадил, илиқ-иссиқ. Бироқ эрта барибир қиш қишлигини қилиши ҳам табиий ҳол. Шундай экан, аҳолидан ҳам кўра кўпроқ иситиш, газ таъминотига тегишли ташкилотлар, ёнғин хавфсизлиги ходимлари хавфсизлик чораларини кучайтиришларини, бу мақсаддаги тарғибот-ташвиқот ишларига панжа орасидан қарамасликларини истаб қолардик. Токи, статистик маълумотлар саҳифалари ис газидан заҳарланиш ҳолатларини қайд этишдек нохуш маълумотлар билан тўлиб-тошмасин. Шу ис гази балоси ортидан оилаларда жудоликлар бўлмасин.

Раҳмонқул Қодиралиев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ис гази: фалокатми, фожиами?