00:23 / 15.11.2021
2 444

“Чўнтак адвокатлар” амалиёти барҳам топадими?

“Чўнтак адвокатлар” амалиёти барҳам топадими?
Фото: Fotolia
“Бепул юридик ёрдам тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди. Ушбу қонун қабул қилинса, амалиётда “чўнтак” адвокати тушунчаси ўз аҳамиятини йўқотиши мумкин.

Қонун лойиҳасида давлат ҳисобидан ажратиладиган адвокатлар терговчи ёки бошқа процесс иштирокчиси томонидан эмас, балки электрон тизим орқали автоматик танланиши назарда тутилмоқда. Бу эса адвокатларнинг терговчилар олдидаги тили қисиқлигига барҳам бериши аниқ. Шу билан ҳаммаси бахтли якун топадими?

“Чўнтак адвокати” ким?
Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 июндаги 137-сонли қарорига асосан қуйидаги ҳолларда адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатилгани учун ҳақ давлат ҳисобидан тўланади:
  • оиласида ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ялпи ойлик даромад меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 52,70 фоизи (433 минг сўм)дан ортиқ бўлмаган шахслар;
  • гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи ҳимоячидан воз кечиши билан боғлиқ процессуал ҳаракатда адвокат иштирок этиши ҳолларида, шунингдек, ЖПК 52-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ жиноят ишида ҳимоячининг қатнашиши мажбурий деб ҳисобланган ҳолларда.

Яъни, кам таъминланган, шунингдек вояга етмаган ёки ўзини ҳимоя қила олмайдиган даражадаги жисмоний нуқсонларга эга шахслар адвокат хизматидан воз кечган тақдирда, улар адвокат хизмати билан давлат ҳисобидан таъминланади.

Амалиётда мана шундай ҳолатларда терговчи ўзи истаган ва “гапга кирадиган” адвокатни келтиришга ҳаракат қилади. Чунки, бундай адвокатни фақат кўрсатилган қоғозга қўл қўйиб бериш орқали маълум миқдорда давлатдан ҳақ олиш қизиқтиради ва у учун ҳимояси остидаги шахсни ҳимоя қилиш заррача аҳамиятга эга бўлмайди. Борди-ю, адвокат актив ҳимоя қилишга киришадиган бўлса, бу терговчининг ишини қийинлаштиради ва кейинги сафар терговчи томонидан чақирилмаслик эҳтимоли пайдо бўлади.

Айнан мана шундай тоифа адвокатлар “чўнтак адвокат” деб аталади ва адвокатура тизимининг обрўсига доғ ҳисобланади.

“Чўнтак адвокат”лари қанча ҳақ олади?
“Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатиш бўйича харажатларни давлат ҳисобига ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра, адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатилгани учун тўлов ҳар бир кун учун БҲМнинг 50 фоизи (135 минг сўм) миқдорида амалга оширилади.

Амалиётда “чўнтак” адвокатлиги билан боғлиқ ўта ғайритабиий ва шармандали ҳолат ҳам кузатилган. Хусусан, 2019 йили Зангиота туманида бир адвокат бир кунда 162 одамга “хизмат кўрсатгани” аниқланган. Табиийки, 1 кунда шунча ишга улгуришнинг амалда имкони йўқ. Бундай ҳолатлар виждонсизлик билан пул қилиш ва сохтакашликдан бошқа нарса эмас.

Муаммо илдизига болта уриладими?
Мазкур оғриқли муаммо давлат ҳисобидан адвокат жалб этишда инсон омили мавжуд бўлиб келгани билан изоҳланади. Шу туфайли, бу жараёнда инсон омилини бартараф этиш муаммонинг ечими бўлиб хизмат қилиши кўп бор айтилган.

Яқинда Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, муҳокамага қўйилган “Бепул юридик ёрдам тўғрисида”ги қонун лойиҳасида давлат ҳисобидан адвокат жалб этишда адвокатни электрон тизим орқали автоматик тарзда танлайдиган механизм йўлга қўйилиши назарда тутилган.

Таклиф этилаётган янгича тартибга кўра, давлат ҳисобидан молиялаштириладиган бепул юридик ёрдам фақат Иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатлар реестрига киритилган адвокатлар томонидан кўрсатилиши белгиланмоқда. Яъни исталган адвокат ихтиёрий равишда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Бепул юридик ёрдам маркази билан шартнома тузади ва Реестрга киритилади.

Ушбу тартиб ҳақида Адлия вазирлиги ходими Ёқутхон Юсупова қисқача тушунтириш берди.

Айтайлик, реестрга Тошкент шаҳри бўйича мингта адвокат кирган. Жиноят иши Чилонзор туманида тергов қилинаётган бўлса, биз ишлаб чиқаётган электрон тизим реестрдаги мингта адвокатдан тергов олиб борилаётган ҳудудга энг яқин жойда фаолият юритадиган маълум миқдордаги адвокатларга таклиф жўнатади. Таклифни энг биринчи бўлиб қабул қилган адвокат ишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади”, – дейди адлия ходими.

Унинг қўшимча қилишича, 2020 йилда адвокатлар томонидан жиноят ишлари бўйича тайинлов асосида 31 мингдан ортиқ юридик ёрдам кўрсатилган бўлиб, бунинг учун давлат ҳисобидан 18,2 млрд сўм маблағ ажратилган.

Хўп, давлат ҳисобидан адвокат жалб этишда инсон омилига чек қўйилар экан. Бироқ шу билан барча муаммолар ҳам ўз ечимини топадими? Автоматик тарзда танланган адвокатлар ҳам вақтдан ютиш ва тезроқ мўмай даромадга эга бўлиш мақсадида кўрсатилган ҳужжатга қўл қўйиб беришдай виждонсизликка йўл қўймаслигини ишонч билан айта оламизми?

Бу борада қонун қабул қилиниб, тизим тўлиқ ишга тушганидан маълум вақт ўтибгина аниқ хулосага келиш мумкин.

Бепул юридик ёрдам бошқа соҳаларда ҳам кўрсатилади
Қонун лойиҳасида бепул юридик ёрдам икки турга бўлинмоқда:
бирламчи бепул юридик ёрдам – юридик клиникалар ва бепул юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган ННТлар томонидан ҳуқуқий масалалар юзасидан оғзаки, ёзма ва электрон шаклда маслаҳат, тушунтириш ва ахборот бериш орқали кўрсатиладиган бепул юридик ёрдам.

иккиламчи бепул юридик ёрдам – жисмоний шахсларга фуқаролик, маъмурий, маъмурий ҳуқуқбузарлик ва жиноят ишлари бўйича адвокат иштирокини давлат ҳисобидан таъминлашга қаратилган, фақат махсус реестрга киритилган адвокатлар томонидан кўрсатиладиган бепул юридик ёрдам.
Яъни қонун лойиҳасида давлат ҳисобидан молиялаштириладиган юридик ёрдам иккиламчи бепул юридик ёрдам деб аталмоқда.

Амалдаги тартибга кўра, давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам фақат жиноят ишлари бўйича кўрсатилади. Таклиф этилаётган тартибга кўра, бундай ёрдамни фуқаролик, маъмурий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича ишларда ҳам кўрсатиш кўзда тутилмоқда.

Давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кимларга кўрсатилади?
Лойиҳада белгиланишича, иккиламчи бепул юридик ёрдам кам таъминланган ва руҳий ҳолати бузилган қуйидаги шахсларга кўрсатилади:
- фуқаролик ишлари бўйича даъвогар ва жавобгарга;
- маъмурий ишлар бўйича аризачига;
- маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича ҳуқуқбузар шахсга;
- жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки маҳкумга.

Шунингдек, иккиламчи бепул юридик ёрдам Жиноят процессуал кодексига мувофиқ жиноят ишида ҳимоячининг иштирок этиши шарт бўлган ҳолларда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига ҳам кўрсатилиши назарда тутилмоқда.

Маълумот учун, 2021 йилги давлат дастурида шу йилнинг 1 ноябрига қадар давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон танлаш тизимини жорий этиш белгиланганди. Белгиланган муддат тугади. Вақт эса ўтиб бормоқда.

Аббос Салайдинов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Чўнтак адвокатлар” амалиёти барҳам топадими?