date

Ўзбекистонда муддати тугаётган озиқ-овқатга чегирмалар жорий этилади

Ўзбекистонда муддати тугаётган озиқ-овқатга чегирмалар жорий этилади

Ўзбекистонда аҳоли истеъмол маданиятини ошириш ва озиқ-овқат маҳсулотларидан оқилона фойдаланишга йўналтирилган янги ташаббус амалга оширилмоқда. Бу жараён “Оқилона истеъмол” (Save food) дастури доирасида белгилаб берилган чора-тадбирлар режаси асосида йўлга қўйилади.

Унга кўра, эндиликда мамлакатнинг йирик савдо марказлари ҳамда турли хил озиқ-овқат дўконларида истеъмол қилиш муддати яқинлашиб қолган маҳсулотлар учун алоҳида расталар ташкил этилади. Бу махсус бўлимлардаги товарларнинг нархи ҳар 10 кунда изчил равишда пасайтирилиб борилади. Шу орқали аҳоли арзон нархларда маҳсулот сотиб олиш имкониятига эга бўлса, дўконлар эса йўқотишларни камайтира олади.

Дастур доирасида нафақат савдо нуқталарида, балки маҳсулотнинг даладан харидор қўлига етиб келишигача бўлган ҳар бир босқичда етарлича назорат ўрнатилиши белгиланган. Хусусан, етиштирилган маҳсулотларни йиғиб олиш, саралаб чиқиш, ташиш, музлаткич омборларига жойлаштириш ва савдо нуқталарига етказиш жараёнлари махсус мониторинг остида бўлади. Бу эса озиқ-овқат маҳсулотларининг йўл-йўлакай йўқолиши ёки сифати ёмонлашишига барҳам беришга хизмат қилади.

Масъул идоралар таъкидлашича, бу каби ташаббус нафақат аҳолининг кундалик эҳтиёжларини арзон нархларда қондириш, балки мамлакатдаги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва исрофгарчиликка қарши самарали чора сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Мутахассислар фикрича, мазкур дастурнинг самараси кўп жиҳатдан аҳолининг фаол иштирокига боғлиқ. Агар харидорлар муддати тугаётган маҳсулотларни арзон нархларда сотиб олишни одат қилса, бу иқтисодий жиҳатдан нафақат уларга, балки бутун бозор тизимига ижобий таъсир кўрсатади.

Шу тариқа, “Оқилона истеъмол” дастури орқали Ўзбекистонда ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлган янги давр бошланмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда муддати тугаётган озиқ-овқатга чегирмалар жорий этилади