05:09 / 26.06.2023
215

Урушлар қандай бошланади? Ўтган йилнинг энг шов-шувли филми ҳақида

«Инишерин баншилари» филми 2022 йилнинг энг шов-шувли филми бўлди ва тўққизта номинация бўйича «Оскар»га даъвогарлик қилди. Кино бирорта «Оскар» ҳайкалчасини қўлга кирита олмаган бўлса-да, мухлислар унинг энг яхши сценарий, режиссёрлик иши ва энг яхши актёр номинациясида ғолиб бўлишига умид қилишганди.

Филм келиб чиқишига кўра ирландиялик бўлган режиссёр Мартин Макдонаҳнинг тўртинчи бадиий филми саналади. Макдонаҳ асли сценарист сифатида танилган. Эътиборни тортадиган жиҳат ҳам филмнинг пухта сценарийсидир.

Филм нега бу қадар шов-шув қўзғади?

Филм шу кунгача сиз кўрган киноларнинг одатий мотивидан тубдан фарқ қилади: узоқ йил оролда бирга дўст бўлиб яшаган икки одамнинг дўстлиги ногоҳон тугайди. Биринчиси (Колм) дўстликка нуқта қўяди. Иккинчиси эса (Патрик) бунинг сабабини ҳеч тушуна олмайди ва шунчаки дўсти аразлаб олган деб кечирим сўрайверади. Дўстидан садо чиқавермагач, хира пашшадек ёпишади. Бунга жавоб сифатида Колм агар унга собиқ дўст яна бир оғиз гапирса, ўз бармоқларини кесиб ташлашини айтиб таҳдид қилади ва филм якунида у 5 бармоқсиз қолади. Кинодаги асосий сюжет мана шу. Лекин мана шу бир қарашда зерикарли кўринадиган воқеалар ортида нима ётибди? Бунинг учун кинодаги ҳар бир детални алоҳида майдалаб кўриб чиқишга тўғри келади.

Филм воқеалари Инишерин оролида бўлиб ўтади. Инишерин тўқима ном бўлиб, Ирландиянинг бир оролига нисбатан қўлланган. Филмда кўрсатилган давр – 1923 йил. Ирландияда фуқаролар уруши давом этаётган палла. Орол кичкина ва унда саноқли одам яшайди. Банши сўзи ҳам ирланд (келт) мифологиясидан олинган. Ўлим хабарчиси бўлган аёл маъносига эга.

Мана шу кичик оролда Колм ва Патрик узоқ йиллар дўст бўлиб келишган. Улар соатлаб суҳбат қуришади, Патрик кундузлари эшак ва сигирларини ўтлатади, кеч киргач бутун орол аҳолиси маҳаллий пабга йиғилиб, вақтичоғлик қилади. Ҳар иккиси-да уйланмаган, ёлғиз. Оролдагиларнинг деярли барчаси оила қурмаган. Патрикнинг синглиси ҳам бор, у ҳам оиласиз, қолган қаҳрамонлардан фарқли равишда оролдаги ҳеч ким билан гаплашмайди, вақтини китоб ўқиб ўтказади. Патрик ўзининг эшагига, Колм эса итига ғамхўрлик қилади. Улар суҳбатлашадиган мавзулар бири ҳам эшак гўнги ҳақида.

Филм Колмнинг Патрик билан ортиқ гаплашишни истамаслигидан бошланади. Колм энди бу суҳбатларни маъносиз деб топади ва ҳаётида тайинли, маъноли иш қилмоқчи. Патрик эса ҳеч вақони тушунмайди. Колм Патрик билан икки соат унинг эшагининг гўнги ҳақида суҳбатлашиш маъносиз эканини қанчалик айтмасин, Патрик ҳайронлигича қолаверади. «Хўп, Колм, сен маъноли нима иш қилмоқчисан? Мен мусиқа ёзаман, чунки мусиқа абадийдир». Бу Колмнинг Патрикка жавоби эди.

Патрик энди ўзидан шубҳалана бошлайди, демак, мен билан суҳбатлашиб бўлмаса, мен аҳмоқманми? Синглиси, оролдагилар унинг аҳмоқ эмас, аксинча, самимий эканини айтишади. Аммо Патрикнинг ўзига шубҳаси ортаверади, ҳатто полициячи уни урганда, йиғлаб ҳам олади. Ўзига шубҳаси ортганидан бадтар ғазабга минади. Колм унинг кўкрагидан итариб, бошқалар билан қуюқ муносабатда эканини қабул қилолмайди. Бу «самимий» қаҳрамон Колм билан дўстлашган мусиқачини оролдан кетказиш учун «сенинг отанг ўлибди» деб ёлғон уюштиради. Ва буни бориб ҳатто Колмнинг ўзига айтади.

Патрик ўз ҳаётидан рози. Унга ҳаётидаги ҳамма нарса маъқул. Кичкина оролда яшаш ҳам, эшак ва сигир ўтлатиш ҳам, ҳаётининг шу зайл ўтиб кетаётгани ҳам. Ҳатто ўзининг мана шу аҳмоқлиги ҳам. У бирор нарса устида жиддий бош қотириб кўрмаган. Бўшанглиги, довдирлиги устида ҳам. Ҳаётида маъно йўқлигини ҳеч ўйлаб кўрмаган. Дўсти томонидан инкор этилиш – энди унга кўп нарсаларни ўйлаб кўришга мажбурий туртки беради. Патрик ўзгаришга мажбур бўлган бўлса, Колм «мен ўзим ўзгардим» дейди. Айнан ўзгаргани учун ҳам у Патрик билан ортиқ дўст бўлмоқчи эмас. Сабаби – ўз ўлими ҳақида ўйлаб кўрди, ўлими яқинлашар экан, ҳаётда ҳеч бир иш қилмаган деб топди ўзини ва энди бу ҳолни ўзгартирмоқчи, ҳеч бўлмаса, мусиқа ёзиб қолдирмоқчи. У ҳамма нарса ўткинчилигига ишонади, аммо бу ҳаётда санъат – мусиқа ва поэзия кабилар мангу деб ўйлай бошлади.

Колм бу кечинмаларида қанчалик самимий эди? Ўзгаришга ҳақи бор эди, бироқ ўзи ҳам бу ўзгариш нималигини англаб етмаганди. У ҳаётидан Патрикни қувиши – ҳеч нарсани ўзгартирмаслигини биларди, тайинли мусиқа ярата олмаслигини ҳам. Ўзини бу оролда ҳаммадан кўп тушуна олади деб билгани Патрикнинг синглисига бу ҳақда айтади. «Бармоқсиз қандай мусиқа чаласан, Колм?» Муаммо ҳам шунда, бармоғи бор ёки йўқлигидан қатъи назар, у ўзи истаган мусиқани ярата олмаслигини билади. Аммо Колмга бошқа нарса керак – прогресс ва жараён. Бу оролда ҳаёт мутлақо тинч, кунлар суғур куни каби йиллар давомида бир хил, зерикарли, нурсиз ва кулранг, ҳеч қандай янгилик ё воқеа содир бўлмайди, ўлим хабаридан ташқари албатта. Чунки баъзида бу оролда ҳам куни битганлар ўлиб туради. Икки дўст орасидаги зиддият оролдаги энг катта янгилик бўлади, ҳамма шу ҳақида гапириши мумкин энди. Иккисининг ҳаётига ҳам бу ҳол ўзгариш олиб келади. Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Галатепага қайтиш» қиссасида қаҳрамоннинг маъносиз ҳаётига аза маъно бергани каби, бу конфликт икки дўст ҳаётига маъно ва ўзгариш, силжиш ва прогресс олиб келади.

Энг қизиғи, асосий воқелик филм якунида бошланади – уруш. Ҳа, кинонинг асосий мавзуси – уруш. Айнан шунинг учун ҳам бу кино катта шов-шувларга сабаб бўлиб турибди.

Колм хира пашша ва ҳеч нарсани тушунмайдиган аҳмоқ дўстидан бутунлай ва тезроқ қутулиш учун унга таҳдид қилади: мабодо бир сўз айтадиган бўлса, Колм бармоғини кесиб ташлайди. Аввалига Патрик бунга ишонмайди. Аммо пабда иккиси тўқнаш келган бир тунда маст Патрик Колмга келиб ичидагиларни тўкади, ғазабини сочади. Бунга жавобан Колм «сен ҳеч қачон бу қадар қизиқ, жозибали бўлмагансан» деб айтади. Буни айтишга айтадию, эртаси куни бир бармоғини кесиб, Патрикнинг эшигига отиб кетади. Патрик эса бармоқни авайлаб, қутига жойлаб қўяди. Шунда ҳам Патрик Колмни тинч қўйиши кераклигини тушуниб етмайди, гуноҳини ювиш, муносабатни тиклаш учун йўл излайверади.

Патрик бу оролчада ҳаётини бошқача тарзда давом эттириш мумкинлигини тушуниб етар даражада онгли эмас, англаб етса ҳам, бунга журъати етмайди. Ўша тунда пабда бўлган яна бир таниши унга Колм айтган гапларни такрорлайди (ҳеч қачон ўша тундагидек жозибали бўлмагани ҳақидаги). Патрик маст эди, ўша кечадаги суҳбатни эслолмасди, аммо унга бу ҳақда сўзлаган Доминик Патрикка маслаҳат беради: балки Колмга нисбатан муносабатда ёндашувни ўзгартириш керакдир, кўпроқ унга қизиқ нарсаларни айтиши керакдир, масалан, мусиқа ҳақида гаплашиши, ўзини шалвираган, довдир эмас, мағрур тутиши керакдир.

Патрик дарҳол шундай қилишга киришади, у бунинг тўғри-нотўғрилиги ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайди. Колмнинг уйига безбетларча бостириб киради, яратаётган мусиқаси ҳақида гаплашади, бирга пабга бориб, пиво ичишни таклиф қилади. Колм Патрикни пабга юбориб, ортидан боришни ваъда қилади. Аммо амалда бошқа иш қилади – қолган тўрт бармоғини ҳам кесиб ташлаб, яна Патрикнинг уйи олдига ташлаб келади. Бу орада Патрикнинг синглиси оролдан жўнаб кетиш, янги ҳаёт бошлашдек жасоратни амалга оширади. Синглисини кузатиб қайтган Патрик энг севимли эшаги бармоқ чайнаб нобуд бўлганини кўради. Бу воқеалар энди Патрикка мудҳиш таъсир қила бошлайди. Синглиси кетди, эшаги ўлди, бирдан бир суҳбатдоши Доминик ҳам ўзини сувга ташлаб, ҳалок бўлди. Буларнинг бари бир кечада содир бўлди. Устига устак Колм у билан ҳеч қачон гаплашмайди ва жаҳл қилиб беш бармоғини ҳам кесиб ташлади. Шу пайтгача самимий ниқобидаги Патрик энди кескин ўзгаради. У уруш бошлайди. Колмнинг олдига бориб, эшаги ўлганини айтади. Бунинг учун Колм узр сўраб, ана энди ҳаммаси тугагани, у бармоқларидан, Патрик эшагидан жудо бўлиши ҳаммасига нуқта қўйганидан гапиради. Аммо Патрик бунга энди рози эмас, Колмнинг уйини ёқмоқчи. Унинг уруши энди бошланди. Колм уйнинг ичида бўлса, янада яхши, чунки то томонлардан бири ўлмас экан, бу урушга нуқта қўйилмайди. Яхшиси, ўзининг баншилар ҳақидаги ноёб мусиқасини ёзиб тугатган Колм уйнинг ичида бўлсин ва ёнғинда ҳозир ўла қолсин.

Патрик уйга ўт қўяди, уйнинг ичидаги Колм шундай ўлим топишга ҳали рози эмас, у ўз уйи ёнишини оролдаги сув бўйига келиб томоша қилиб ўтиради. Патрик унинг олдига келади, кераксиз суҳбат кечади, кейин иккига айрилиб кетадилар, аммо Патрикнинг илтижоли нигоҳида югуриб келиб, Колмни қучиш, ундан дўст бўлишни ялиниб сўрашдек ўтинч бор. У урушни бошлади, аммо энди нима қилишини билмайди. Одамларнинг ҳаммаси яхши аслида, яхши одамлар ҳаммага яхши бўлишини исташади, фақат битта томони бор – фақат ўзларига яхши бўлишини, фақат ўзлари бор жойда яхши бўлишини хоҳлайди. Агар яқинларига, жон дўстларига уларсиз ҳам яхшилигини билса, бунга тоқат қилолмайди, айни шу нуқтада унинг яхшилиги тугайди. Худди Патрик билан бўлгани каби. У ўзини яхши, самимий одам деб биларди, ҳатто оролдаги энг яхши. Ва бундан доим фахрланарди. Аммо дўстига ва қолганларга усиз ҳам яхшилигини билгач, синглиси усиз ҳам яшаб кета олишини, дўсти ундан кўра мусиқачи танишлари олдида ўзини яхшироқ ҳис қилиши билгач, бунга чидолмади. У ҳақиқатни қабул қилишни истамади. У бу қадар кучли, ҳеч кимга боғланмай яшай оладиган даражада онгли ва эркин одам эмас эди.

Аслида воқеалардан бошқача хулоса чиқариб, ҳаётини бутунлай ўзгартириши, бу оролдан кетиши, мутлақ янги ва бошқа ҳаёт қуриши мумкин эди худди синглиси каби, аммо у бундай ҳаёт ўзи учун эмаслигини биларди. Шу сабаб урушни танлади ва урушни бошлади.

Кино уруш аллегориясими?

Катта баҳс қўзғаган савол ҳам шу. Чиндан бу кино урушни рамзлаштирганми? Рамзлаштирган бўлса, айнан қайси урушни, ҳозирги рус-украин урушиними ё 1923 йилги Ирландия фуқаролар урушиними? Биринчиси ҳақида кинода айнан айтилмаса ҳам, аммо рус-украин уруши ҳақида яхшироқ билганлар бемалол бунга ҳам боғлаш мумкинлигини тушунишади. Аммо Ирландиядаги фуқаролар уруши кинода айнан кўрсатилмай туриб, марказий ўринга олиб чиқилган. Филм қаҳрамонлари куннинг бирор қисмида оролнинг нариги томонидан ўқ овозларини эшитишади, хавотир олиб қараб қўйишади, қачон тугаркан бу уруш деб хаёл қилишади. Кинода оролдаги ягона полициячи тилидан оролнинг нариги қисмига кетиш, у ердаги қатлларда иштирок этиш, ўлаётган одамни кўриш орзуси янграйди. Яна у уруш ҳақида Колм билан гаплаша туриб, қизиқ гап айтади. Авваллари одамлар нимага қарши уришаётганини билишган, ҳамма бир томонда бўлган (бунда Ирландиянинг мустақиллик истаб Британия армиясига қарши уруши назарда тутилган), ҳозир эса ким кимга қарши уришаётгани ва нима учун уришаётгани номаълум.

Ирландиядаги мустақиллик учун кечган урушдан кейин Эркинлик шартномаси имзоланади. Шартномада Ирландия Британия таркибидаги эркин давлат бўлиши кўзда тутилганди. Аммо бунга фуқароларнинг кўп қисми қарши чиқди. Улар тўлиқ озодлик учун курашгандилар. Қолган ярмини эса шартнома қаноатлантирар эди. Айни шу ўринда келишмовчилик сабаб фуқаролар уруши келиб чиқади. Томонлар бир-бирини эшитишни истамас эди, нима учун урушаётгани ҳам номаълум эди, авваллари бир томонда туриб курашган одамлар энди бир-бирига қарши курашарди.

Бу худди Колм ва Патрикнинг муносабатига ўхшайди. Олдин иккаласи бирга эди, ҳаётни бир нуқтадан туриб кўрарди, бирдан бири иккинчисининг йўриғини, ҳаёт тарзи ва танловини аҳмоқона деб топди. Муносабат бузилди. Бу билан чекланмади. Бармоғини кесиб ташлади. Колмнинг агрессияси соғлом одамнинг иши эмас. Урушни Патрик бошлаган бўлса, у шунгача бўлган сабабларни ҳозирлаб берди. Энди бу уруш кимнингдир муқаррар ўлими билан якунланади, уруш бор жойда шубҳасиз ўлим бўлиши керак.

Шу сабабли бу оролда банши – ўлим хабарчиси бўлган ёқимсиз кампир изғиб юради, у ўлим хабарини етказишни интизорлик билан кутади. (Кинодаги кампир образи, Доминик, полициячи, руҳоний каби образларга атай тўхталмадимки, янги хулосалар туғилиши учун томошабин ҳукмига ҳавола қилдим).

Ирландия мустақиллиги муаммоси ҳалигача ҳал қилинмагани кинонинг долзарблигини оширади. Умуман, кино урушлар қандай бошланиши ҳақида ҳикоя қилади. У бизга кичкина кўринадиган одамлар феълидаги нуқсонларданми, ёки ҳаётдаги ўзгаришлардан қўрқиш ва бошқаларнинг танловини қабул қилолмасликданми, ёки бу чиндан ҳаётни силжитадиган, унга прогресс олиб келадиган табиий жараён деб қаралишиданми? Бу ҳақда ўйлаб кўриш, хулоса қилиш ўқувчига ҳавола.

Тилланисо Нурёғди


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Урушлар қандай бошланади? Ўтган йилнинг энг шов-шувли филми ҳақида