date

Фабио Каннаваро: “Биз Уругвайдан қўрқмаймиз, бу синов — имконият”

Фабио Каннаваро: “Биз Уругвайдан қўрқмаймиз, бу синов — имконият”

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Уругвайга қарши ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида жамоанинг тайёргарлиги ва кутилмалар ҳақида фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу баҳс терма жамоа учун жаҳон миқёсидаги синов бўлади.

«Аввало, ташриф буюрган барчага миннатдорлик билдираман. Биз кеча Малайзияга етиб келдик, тикланиш машғулотларини ўтказдик ва энди барча диққатни Уругвайга қарши учрашувга қаратдик.

Бу аввалги баҳслардан фарқ қиладиган ўйин бўлади — чунки биз дунёдаги энг кучли жамоалардан бири ва энг тажрибали мураббийлардан бири — Марсело Бьелсага қарши майдонга чиқамиз. Олдимизда осон эмас, лекин бизни қўрқув эмас, мотивация бошқаради. Ўз ўйинимизни кўрсатиш, ҳар бир дақиқада рақобат қилиш ниятимиз бор», — деди Каннаваро.

Мураббийнинг таъкидлашича, ўртоқлик ўйини бўлишига қарамай, жамоа майдонда барча кучини сарфлайди:
«Бундай учрашувлар ўз имкониятимизни намоён этиш учун муҳим. Тўпни кўпроқ назорат қилишга ҳаракат қиламиз — рақибга имконият бериш мумкин эмас. Жаҳон чемпионатида биз шундай жамоаларга қарши ўйнаймиз, шунинг учун ҳар бир синов биз учун муҳим тажриба».

Каннаваро танқидларга ҳам тўхталиб ўтди:
«Спортда танқид доимо бўлади. Лекин муҳим жиҳат — натижа ҳақида ўйлаш ва биргаликда ҳаракат қилиш. Ўртоқлик баҳслари — бу имконият, чунки мундиалда вақт кам бўлади. Шу сабаб баъзи футболчиларни ортиқча чарчатмасликка қарор қилдик».

Фабио Каннаваро, шунингдек, жамоа учун режалар ҳақида ҳам маълумот берди:
«Жаҳон чемпионатигача ҳали 8 ой бор. Бу вақт ичида биз ҳар бир футболчини кузатамиз ва таркибни янада мустаҳкамлаймиз. Ҳозирги босқичда энг муҳими — бирдамлик ва ишонч».

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Уругвай ўртасидаги баҳс 13 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 17:45 да бўлиб ўтади.

Бу баҳс Каннаваро учун жамоанинг руҳий тайёргарлигини баҳолаш, футболчилар учун эса ўзини халқаро даражада синаб кўриш имконияти бўлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Фабио Каннаваро: “Биз Уругвайдан қўрқмаймиз, бу синов — имконият”