date

Абдувоҳид Неъматов: “Уругвай кучли, лекин биз ҳам тайёрмиз”

Абдувоҳид Неъматов: “Уругвай кучли, лекин биз ҳам тайёрмиз”

Ўзбекистон миллий жамоаси дарвозабони Абдувоҳид Неъматов Уругвайга қарши кечадиган баҳс олдидан журналистлар саволларига жавоб берди. У жамоа кайфияти, тайёргарлик жараёни ва рақиб ҳақидаги фикрларини баҳам кўрди.

«Мураббийимиз таъкидлаганидек, тикланиш машғулотларини олиб боряпмиз. Эртанги ўйинга тайёрмиз, ҳар биримиз майдонда бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз», — деди Неъматов.

Дарвозабоннинг сўзларига кўра, Уругвай жаҳон футболида ўз ўрнига эга жамоа, аммо Ўзбекистон ҳам рақобатбардош ўйин кўрсатишга қодир.

«Уругвай катта тажрибага эга терма жамоа. Биз мураббийларимиз билан уларнинг ўйин услубини чуқур таҳлил қилдик. Ҳар қандай жамоанинг кучли ва кучсиз жиҳатлари бўлади. Биз асосий эътиборни ўз ўйинимизга қаратмоқчимиз, ўз услубимизда ҳаракат қиламиз», — деди у.

Неъматов, шунингдек, жамоа ичида ижобий руҳият ҳукм сураётганини, барча футболчилар ғалаба учун жон куйдираётганини таъкидлади.

«Ҳозирда жамоада яхши муҳит бор. Ҳар бир футболчи ғалаба ҳақида ўйлаяпти. Биз учун бу нафақат ўртоқлик, балки тажриба ва ривож имконияти ҳамдир», — дея қўшимча қилди дарвозабон.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Уругвай терма жамоалари ўртасидаги баҳс 13 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 17:45 да старт олади.

Бу беллашув терма жамоа учун жиддий синов бўлиши кутиляпти — Неъматов ва жамоадошлари ўз юртини шараф билан намоён этиш ниятида.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдувоҳид Неъматов: “Уругвай кучли, лекин биз ҳам тайёрмиз”