Мисрнинг машҳур сайёҳлик шаҳри — Шарм-аш-Шайхда оғир йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Натижада Ғазо бўйича халқаро музокараларда иштирок этаётган Қатар делегациясининг уч нафар аъзоси ҳалок бўлди, деб хабар берди “El Fagr” нашри.
Маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар Қатар Бош вазирига ҳамроҳлик қилаётган протокол хизмати ходимлари бўлган. Улар — Абдуллоҳ ибн Ғаним Ал-Хаярин, Ҳасан Ал-Жобир ва Сауд бин Тамер Ал-Тан экани маълум қилинди.
ЙТҲ оқибатида яна уч киши оғир тан жароҳатлари олган ва улар Шарм-аш-Шайх халқаро шифохонасининг жонлантириш бўлимига жойлаштирилган. Маҳаллий журналист Амр Адиб MBC Egypt телеканалидаги “Аль-Хекая” дастурида ҳодиса шаҳардан тахминан 50 километр узоқликда рўй берганини маълум қилди.
Бу фожеа Қатар, Миср ва АҚШ иштирокидаги муҳим дипломатик музокаралар авжида содир бўлди. Қатар томони анъанавий равишда Ғазо бўйича тинчлик жараёнида воситачи сифатида қатнашиб келади.
Октябрь ойи бошида Доҳа делегацияси Миср ва АҚШ билан биргаликда ҲАМАС билан музокараларни бошлаган эди. Қатар ҲАМАСнинг АҚШ орқали ишлаб чиқилган тинчлик режасига розилик билдиришини ижобий қадам сифатида баҳолаган.
9 октябрь куни Мисрнинг Шарм-аш-Шайх шаҳрида Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш ҳамда гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишув имзоланганди. Бу жараёнда Қатар фаол дипломатик воситачи сифатида қатнашган эди.
Шу тариқа, Шарм-аш-Шайхдаги фожеа нафақат инсон ҳаётини йўқотди, балки минтақадаги нозик дипломатик жараёнларга ҳам соя солди. Қатар расмийлари воқеа бўйича расмий баёнот тайёрлаётгани маълум қилинди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!