Хонанда Миржалол Неъматов ижрога қўйган икки шеър муаллифнинг розилигисиз айтилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот берди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамияти аъзоси Фарҳод Муминов ўзининг “Қўшни қиз” ҳамда “Мен турганда” номли шеърлари ижрочи томонидан рухсатсиз ижро этилгани ҳақида Адлия вазирлигига мурожаат қилган.
Ўрганиш жараёнида ҳақиқатдан ҳам мазкур шеърлар муаллиф розилигисиз ижро этилгани аниқланган. Шу сабабли, Миржалол Неъматовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177 прим 1-моддаси асосида баённома расмийлаштирилиб, иш судга юборилган.
Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди қарорига кўра, ижрочи айбдор деб топилиб, у жарима тўлаш билан жазоланди.
Мутахассислар таъкидлашича, ҳар қандай ижрочи асарни оммага етказишдан аввал муаллифнинг розилигини олиши шарт, акс ҳолда бу муаллифлик ҳуқуқини бузиш сифатида баҳоланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!