“Бу савол аёл кишининг дилини оғритади”. Манзура ёлғизликдан зериккани, ёш кўриниши сабаби ҳақида
Хонанда Манзура журналист Жасур Ҳамроевга берган интервьюсида мухлисларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб берди. Қуйида хонанданинг шахсий ҳаёти, айни пайтдаги ўйлари ҳамда ногирон мушукни парвариш қилишга нима мажбур қилаётгани ҳақидаги саволларга жавоблари келтирилади.
— Сизни санъатда нима ушлаб турибди?
— Мен мусиқачиман. Болалигимдан мусиқа билан шуғулланаман. Успенский номидаги мактабни тамомлаганман. Бундан ташқари мен профессионал пианиночиман. Пианинодан ҳам бемалол консерватория ва ихтисослашган мактабларда дарс беришим мумкин. Аллоҳ менга шу соҳани касб қилиб берган, шуни орқасидан ризқ топяпман. Айнан сабаби шу бўлса керак.
— Ёлғизликдан чарчамадингизми?
— Бунақа саволларни охирги пайтда менга жуда кўп беришади. Бу савол аёл кишининг дилини жуда оғритади. Лекин мен кўникиб кетдим. Ёлғизликдан ҳамма зерикса керак. Мен ҳам оддий аёлман, албатта ёлғизликдан зерикаман. Лекин бу қазойи қадар. Аллоҳ берган тақдир. Шу қазойи қадарни мен қабул қилиб, шукр қилиб яшашим керак. Чунки биз билмаймиз, Аллоҳ бизни қандайдир мусибат, мушкулотлардан асраётгандир, куйдирги турмуш ўртоқ, куйдирги фарзанддан асраётгандир. Шу учун ҳаётдан баҳра олиб, шукр қилиб яшашим керак.
— Балки сиз сева олмагандирсиз? Ёки сизни севишмадими?
— Бўлиши мумкин. Лекин барибир бу масалада балки деган нарса йўқ. Ҳамма нарса Аллоҳнинг изни билан бўлади. Мен яхши инсон бўлса, албатта турмушга чиқаман.
— Эрингизни боқишга тайёрмисиз? Агар шундай вазият бўлиб қолса? Сиз уни севиб қолдингиз, лекин унинг касби, ҳунари йўқ.
— Ёшим 40 дан ошди. У 5 ёшида эркатой бўлиши мумкин ёки 15, 20 ёшида бўлиши мумкин. Лекин менинг тенгдошим 40 ёшли ёки 35 ёшли бўлса, у нимаси билан менга қизиқ бўлади? Ҳусни биланми? У ўзининг амаллари билан менга қизиқ бўлади. Масалан, менга сахий инсонлар ёқади. Майли, у Африкага бориб қудуқ қазиб, сув чиқарсин, меҳрибонлик уйларига ёрдам берсин. Ўзининг меҳнати билан тиришиб, топсин, онаси ва яқинларига ёрдам берсин. Халқимизга нафи тегадиган инсон бўлсин. Қуруқ тана, чирой кимга керак? Эркак киши аёл кишига қалқон бўлиши керак. Менга Instagram’да ҳам ‘Камбағал болага тегармидингиз?’, дейишади. Йўқ, десам салбий изоҳлар келади. Лекин бизнинг аждодларимиз қандай инсонлар бўлган, тарихга бир назар ташланг. Уларнинг ҳеч бири аёлига “Бор, сен кўчага чиқиб пул топиб кел, мен уйда ўтираман”, демаган.
— Ўзингизни кучли инсон деб биласизми?
— Ота-онамни йўқотганимдан кейин ҳеч нарсага қизиқишим қолмади, депрессияга тушиб қолдим. Бир уйда тўрт киши яшардик. Ота-онам, опам ва мен. Тасаввур қилинг, тўрт ой ичида иккита инсон вафот этди.
Отам раҳматли Янги йил байрами дастурхонига қўйиладиган оливье салати ва норин таомини яхши кўрарди. Дастурхон тузаб, оила даврасида телевизор кўришни яхши кўрардик. 2018 йилнинг ёзида ота-онамдан кетма-кет айрилдик ва Янги йил дастурхонида Нигина опам билан ёлғиз ўтирибмиз. Бу ҳолат инсон руҳиятига жуда қаттиқ таъсир этар экан. Ҳатто шундай кунлар ҳам бўлдики, уйни таъмирлатиш керак бўлганида шу ишни ҳам қилишни истамадик. Чунки уйнинг ҳар бурчагидан ота-онамнинг юз-кўзлари кўринарди. Уйдаги ҳар бир нарса улар билан боғлиқ хотираларни эслатарди.
Бу гапларни нега гапиряпман. Агар ҳозир сиз депрессияга тушган бўлсангиз, билингки сизнинг турмуш ўртоғингиз, фарзандларингиз бор. Агар турмуш ўртоғим ва фарзандларим бўлганида мен бу жараённи осонроқ ўтказармидим. Менинг оғир кунимда ёнимда фақат опам ва мушукчаларим бор эди.
— Айтишларича, ногирон мушукчани парвариш қилар экансиз?
— Ҳа, Facebook орқали кўчадан топиб олган ногирон мушукчани парваришлайман. Агар уни топшириб юборсам. Дарҳол эвтаназия қилишади. Кечаси юзини юзимга босиб, “Мени берворма” деб ялинаётгандек бўлади. Гимнастика қилсам, келиб гиламчага ётиб, ўз қилиқлари билан мени кулдиради.
— Манзура, доимо ёш кўринишингизнинг сабаби нима?
— Ёш кўринишимнинг биринчи сири — турмушга чиқмаганим. Фарзанд кўрмаганим, чунки биламан, фарзанд катта қилиш ҳам жуда машаққатли меҳнат. Шу нарса ҳам қаритворади. Менда бу неъмат ҳозирча йўқ. Худо хоҳласа бўлади. Кейин косметологга мунтазам бораман. “Ўзим шунақа чиройлиман”, десам ёлғон бўлади.