92
13 йил “запрет”да бўлган ва ташқи кўриниши тубдан ўзгарган Озода Нурсаидова 50 ёшда (фото)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Озода Нурсаидова бу йил 50 ёшни қарши олди. 1994 йилдан буён катта саҳнада ижод қилаётган ижодкор кўплаб қийинчиликларни бошдан кечирган. У тенги санъаткорларнинг кўпчилиги ижоддан чекинган, аммо Озода Нурсаидованинг бундай нияти йўқ. У аввалгидан-да, ғайрат билан ижод қилмоқда. YouTube тармоғида энг кўп кўриладиган қўшиқ ва клипларни суратга олмоқда. Хуллас, ижодкор ҳақида кўпроқ маълумотларни олмоқчи бўлсангиз, ушбу мақолани ўқинг.
Фото: Instagram / @ozodaofficial
“Кўнглимда бир кемтик бор”
Озода Нурсаидова 1974 йилнинг 9 октябрь куни Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида дунёга келган. Хонанданинг отаси Парпи Нурсаидов подполковник бўлиб, узоқ йиллар ички ишлар соҳасида фаолият юритган. Онаси эса автобазада диспетчер бўлиб ишлаган. Хонанда журналист Сардор Комиловга берган интервьюсида ҳаётидаги кемтик жиҳатлар ҳақида айтиб ўтган.
Фото: Facebook / @Ozoda
— Ҳаёт йўллари ҳар доим ҳам текис бўлмайди. Кимдир онанинг, яна кимдир отанинг меҳрига тўймай улғаяркан. Болалигидан инсон бу ҳақида ўйлаб, барибир кўнглида кемтик борлигини ҳис қилиб яшар экан. Менда ҳам шундай кемтик бор. Болалигимда жуда кам гапирадиган, ўнта саволга битта жавоб берадиган қиз эдим. Ўзим ва хаёлларим билан банд бўлиб юрардим. Ичимдагиларни бошқалар билан бўлишгим келмасди, дейди хонанда Озода Нурсаидова.
“Қулоғимдан наушник тушмасди”
“Асл санъат насл суради”, деган гап бор. Хўш, Озода Нурсаидованинг яқинлари орасида санъаткорлар бўлганми?
Фото: Facebook / @Ozoda
— Оиламизда санъаткорлар бўлмаган, фақатгина онам хоразмча рақс тушишни ёқтирарди. У пайтлари плейерлар бўларди. Қулоғимга наушникни тиқиб, плейерда мусиқа эшитишни яхши кўрардим. Қулоғимдан наушник тушмасди. Фақатгина ўғил болалар билан футбол ўйнашни ёқтирганимни ҳисобга олмаса, атрофдагиларга эътибор бермасдим. Инсон эшитиб ҳам жуда кўп нарсаларни ўрганади. Фаттоҳхон Мамадалиев, Расулқори Мамадалиев ва ҳинд рагаларини эшитишни ёқтирардим, дейди хонанда.
“Овозинг ноёб дейишганди”
Бугунги кунда асосан эстрада йўналишида қўшиқлар куйлайдиган ижодкор мақом хонандаси бўлишни орзу қилган. Аммо қандайдир сабаблар унинг мақом эмас, эстрада хонандаси бўлишига туртки бўлган.
Фото: Facebook / @Ozoda
— Консерваторияга ўқишга кирганимда “Овозинг метосапрано экан. Бундай овоз жуда ноёб ҳисобланади”, дейишган. Яъни бу авжига чиққанда тембри бузилиб кетмайдиган кам учрайдиган овоз ҳисобланади.
“Мақом қўшиқларни ижро этишинг керак”, деб кўп айтишарди. Тўрт йил давомида мумтоз қўшиқларни ўрганиб, ижро этдим, аммо ўзим ҳам нималарнидир яратгим келаверарди. Яъни менда фақат ижрочилик эмас, ижодкорлик хоҳиши кучлироқ эди. Эстрада йўналишида ижодни бошлаганимдан кейин кўп устозларим ранжишди. Аммо мен соф эстрада йўналишида ижод қилмайман. Қўшиқларимда бир нечта йўналишлар, хусусан, мақомнинг ҳам айрим жиҳатлари бор, дейди хонанда Озода Нурсаидова.
“Кетма”нинг кутилмаган омади
Фото: Instagram / @ozodaofficial
Озода Нурсаидова 1999 йили Ўзбекистон давлат консерваториясини тамомлайди. 2000 йили яратилган “Кетма” қўшиғи унга чинакамига омад келтиради. Ундан кейин яратилган “Асрасин” ва “Энди мен кетаман” номли қўшиқлари ҳам хонанданинг машҳурликка эришишига сабаб бўлади. 2001 йили ўтказилган “Тарона” тақдимотида у “Йилнинг энг яхши қўшиғи” номинациясида ғолибликни қўлга киритади.
“Уруш чиқариш кимгадир керак бўлди”
Хонанда “Инсон қадри” лойиҳаси учун берган интервьюсида ташкилотчиларнинг ўйин қурбони бўлгани ва унинг тўлови хонандага оғир келгани ҳақида сўзлаб берган.
Фото: Скрин
— Биринчи тақиққа 2003 йили учраганман. Ўша йили “Халқлар дўстлиги” санъат саройида 13 кунлик концерт бергандим. Орадан бир ой ўтиб “Озода сени юқорига чақиришяпти. Тушунтириш хати ёзаркансан”, дейишди аммо сабабини очиқлашмади. Айни ўша кунлари Сурхондарё бўйлаб ўтказиладиган концерт дастурига йўл олишим керак эди. Учрашув қолдирилиб, сафарга отландим. Аммо ўшанда жуда қизиқ ва тушунарсиз ҳолат бўлди — ташкилотчилар ўйин қилишди. Шўрчи туманидаги концерт аъло даражада ўтди. Аммо бизга келишилган пулни беришгани йўқ. “Биз Тошкентга қайтамиз”, деганимизда “Йўқ, Термизга ҳам боринг, концерт бошланмасидан аввал иккита концертнинг пулини берамиз”, дейишди.
Стадионда концерт тайёргарликлар бошланган, одамлар тўпланган, жамоамдаги йигитлар ҳам ҳозирлик кўришаётганди. Стадион ёнида тамаддихона бор экан, мен ўша ерга келиб ташкилотчиларни кута бошладим. Афсуски, улар келмади, пул бериш тугул қўнғироқ ҳам қилишмади. Кейин стадионда катта жанжал бўлди. Кейин билсам аслида концерт эмас, ана шу жанжал керак экан. Амаллаб Тошкентга қайтиб келдим. “Сиз сабаб Сурхондарёда катта жанжал чиқди”, дейишди. Эмишки, мен концертга бормаганман ва бундан халқ ғазабланган экан. “Аммо мен ўша ерда бир неча соат кутдим-ку, ташкилотчилар келмади”, деган гапимни ҳеч ким эшитмади, дейди хонанда Озода Нурсаидова.
“Запрет”да қолишимга интервью сабаб бўлди
Афсуски, хонанда ижодининг энг гуллаган вақтида бирдан саҳналарда кўринмай қолди. Кейинчалик бунинг сабаби очиқланди. Хонанда 13 йил мобайнида ижодий тақиқлар сабаб омма эътиборидан четда бўлишга мажбур бўлди.
Фото: Instagram / @ozodaofficial
— 13 йиллик ҳаётим “запрет” билан ўтди. Санъаткор учун “запрет” деган тушунча жуда оғир эди. Ҳамкасбларимиз ҳам биз билан сўрашмай қўйган кунлар бўлганди.
2016 йилда кўпчилик санъаткорларнинг “запрети” ечилди-да, меники қолиб кетди. Мен нимага бунақа, деб ўйлардим. Кейин эсимга тушди, 2013 йилда мен бир интервью бергандим. Яккасарой туманида тураман. Яккасарой туман ҳокимлигидан одам келди. “Озода опа, уйингизни бузамиз”, деб бульдозер олиб келди. Бу 2013 йилдаги гаплар. “Запрет”да, умидсизликда сиқилиб юрган пайтларим. Ўшанда эмоцияларга берилиб интервью берганман. 2016 йилда ҳамма “запрет”дан чиқиб, мен қолиб кетганимга ўша интервью сабаб бўлса керак, деб ўйладим, деган хонанда Озода Нурсаидова.
“Уйингизни бузамиз”
Хонанда Озода Нурсаидова “Миллий” телеканалининг “Зарб” кўрсатувига берган интервьюсида уйда ўтирган вақтда мутасаддилар бульдозер билан уйини бузишга келгани, бу ҳолатдан сўнг стрессга тушгани, 250-300 миллион сўм моддий зарар кўргани, “ваҳшийларча” уйини бузишгани ҳақида гапирди.
Фото: Instagram / @ozodaofficial
— Бу мавзу ҳаётимдаги энг оғир дамларни эслатадиган, оғриқли мавзулардан бири ҳисобланади. 2007 йилда бир корхонанинг бўш ерини сотиб олганман. Тўғрироғи, уйимни қурган компания эгалари менга шу таклифни берган. Бозор нархида пулини тўлаб, шу ерни сотиб олдим — 2,5 сотих ер эди. Сотиб олиб ҳамма нарсани ҳужжатлаштирдим. Орадан олти йил ўтиб, 2013 йилда уйимда ўтирган вақтимда ҳокимиятда ишлайдиганлар бульдозер билан келди, ер-жой билан боғлиқ суд бўлган экан — хабарим йўқ эди.
Уйимга бульдозер билан келиб, бузамиз дейишди, огоҳлантиришмади. Уйингизни бузишимиз керак, суд бўлган, прокуратура кадастрни бекор қилган, дейишди. Бекор қилингани ҳақида хабарим йўқ эди, биринчи маълумотни ўша пайтда олдим. Шунда ўша пайт ҳокимликнинг ҳуқуқшуноси менга бошқа бир фамилияларни айтди ва шуларнинг буйруғи бор деди. Суддан ёки ҳокимликдан бирор-бир даъвогар менга бу ҳақда айтмаган, дейди хонанда.
“Озода” бизнеси узоққа боргани йўқ
Фото: Instagram / @ozodaofficial
“Запрет”да бўлиш инсон руҳиятига, шу билан бирга саломатлигига ҳам жиддий таъсир этади. У стресслар сабаб катта вазн тўплагани ҳам кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганди. Аммо 2015 йил кўринмай қолган Озода Нурсаидова янги кўриниш ва ўзгача стилда кўриниш берди. Ўшанда у энди нафақат хонанда, балки тадбиркорлик билан ҳам шуғулланаётганини маълум қилганди. Ўша йиллари “Озода” номли парфюм ишлаб чиқаришни бошлаганди. Аммо атторлик бизнеси узоққа боргани йўқ.
“Тўрт тилни мукаммал биламан”
Ўз рэпертуарини бир қанча чет тилидаги қўшиқлар билан ҳам бойитган хонанда Озода Нурсаидова тўртта тилда бемалол гаплашади.
Фото: Instagram / @ozodaofficial
— Авваллари тил ўрганишга қизиқишим кучли эди. Иштиёқ, қунт ва ҳаракатим сабаб рус, инглиз, турк ҳамда форс тилларида таржимонсиз гаплашадиган бўлдим. Араб тилини эса қисман биламан. Лекин бу тилни ҳам пухта ўрганиш мақсадим йўқ эмас. Вақт жиҳатидан муаммо бўлмаганида француз тилини ўрганардим, деди Озода Нурсаидова.
“Ошқозонимнинг ярмини кесишга тўғри келган”
Хонанда 2015 йилда соғлиғидаги муаммолар сабаб озишга жиддий қарор қилган. У интервьюлардан бирида шундай деганди:
Фото: Instagram / @ozodaofficial
— Туркияда лапаротомия операциясидан ўтиб қайтдим. Анчадан бери қийнаётган профессионал касаллик (мураккаб қўшиқлар куйланаётганда босим қоринга тушади) бўлган қорин чуррасини операция қилдирдим. Бунда ошқозонимнинг ҳам ярмини кесишга тўғри келган. Бугунги кунда қатъий парҳез туфайли деярли оддий сув билан кун ўтказяпман.
Бугунги хонанда бир неча йил олдинги Озода Нурсаидовадан бутунлай фарқ қилади. Хонанданинг ташқи кўриниши 8 йил ичида катта ўзгаришларга учраган. Озода Нурсаидова ҳозирда соғлом овқатланишга амал қилади ҳамда фитнес билан мунтазам шуғулланади.
“Сўнгги дамларида онамнинг ёнида бўла олмадим”
Озода Нурсаидова журналист Сардор Комиловга берган интервьюсида санъатдаги ўзига нисбатан душманликлар, онасининг ўлимидан кейин англаган ҳақиқатлари ҳақида сўзлаб берди.
Фото: Instagram / @ozodaofficial
— Онамнинг ўлимидан кейин ўзимни йўқотиб қўйдим. Лекин яна саҳнага чиқдим. Чунки онам бу кунларни узоқ кутди. “Запрет”дан чиқишимга роса ҳаракат қилди. Шунинг учун ўзимни қўлга олишга мажбурман. Ҳозир менга ҳеч нарсанинг қизиғи қолмади. Ишонсангиз, кечаси ухлай олмайман. Ич-этимни еб, ўзимни айбдор деб ҳис қиламан. Сабаби онамни мен кўп қаритдим, менинг ташвишларим онамни касал қилди. Чунки қанақа нарсаларни бошдан кечирдик. Шоу-бизнес ҳаром нарса. Шунақанги виждонсиз ва диёнатсиз инсонлар бор. Мен ўзимни айбдор ҳис қиламан, чунки онам ҳам кўрди шу нарсаларни. Кетма-кет “запрет”лар — йўқ нарсага туҳматлар бўлди, дейди хонанда.
“Сўнгги манзилга кузатолмадим”
Хонанда онасининг сўнгги дамларида унинг ёнида бўлолмагани армон бўлиб қолгани, шунингдек, унинг ўлимида ўзини айбдор ҳис этиши ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
— Онамнинг мазаси бўлмай қолганида Андижонда тўйда эдим. Улар шаҳарда яшай олмасдилар — Тўйтепада турардилар. Ўшанда онамнинг мазаси йўқлиги ҳақида хабар келди. Синглим Нилуфар билан жияним Абдуллоҳ кетди. Мен эса йўлдан келганим учун бормадим. Чунки ҳар куни деярли “скорий” чақириларди. Ана шунақа вазият бўлса керак, деб ўйладим. Онамни олиб кетишаётганида инфаркт олганлар. Шифокор кислород улайман, деганида кислород йўқлиги маълум бўлган. Бутун Нурафшон шаҳридан кислород баллони топилмаган. Бектемирдан топиб олиб келишганида эса онам вафот этиб бўлганлар. Улар кўп асабийлашиш ортидан қандли диабет орттириб олгандилар. Қон босимлари ҳам ошиб турарди. Ўша куни қонларидаги қанд миқдори ҳам 21 га чиқиб кетган экан. Менга хабар келди, кейин бордим. Армоним бор: уларнинг сўнгги дамларида ёнларида бўла олмадим, мени деб касал бўлдилар.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Озода Нурсаидова, Санъаткор, Қўшиқ ва клиплар, Туғилган кун “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
Самарқандда вояга етмаган қизни зўрлаганликда гумонланиб 8 киши ушланди
Кўкрак бези саратони сабаблари, белгилари ҳамда уни даволаш