Бугунги ўзбек киносида маҳоратли актёр Улуғбек Қодировнинг ўзига хос ўрни бор, десак янглишмаймиз.У бош қаҳрамонлар ролини ижро этган фильмлар томошабинлар орасида муҳаббат қозониб, эътибор топди. "Сўғдиёна" газетаси актёрнинг онаси Фарида Қодировани суҳбатга тортди.
— Фарида опа, боланг ўнта бўлса ўрни, қирқта бўлса, қилиғи бўлак, дейишган. Улуғбек кенжа фарзанд сифатида анча эрка бўлганми?
— (кулимсираб) Ҳатто, ҳозир ҳам ўзига яраша эркалиги бор. Баъзан ўзини ёш боладек тутади, унга қулоқ солишимизни, айтганини қилишимизни истайди. Айтганларини бажармасак, «Оиламизда мен энг кичкинаман-ку», дея хафа бўлиб қолади.
— Бироқ унинг кўз қарашларидан қатъиятлилиги, жиддийлиги сезилиб туради. Фарзандларингизнинг ҳаммаси дадил, бир ишни бошласа, охирига етказадиган инсонлар экан. Фарзанд тарбиясида нимага кўпроқ аҳамият бергансизлар?
— Билмасам... Раҳматли турмуш ўртоғим Носир ака билан эрталабдан кечгача давлат ишида банд бўлганмиз. Болаларимга мана бу ишларни қилиб қўйинглар, деб ҳар куни топшириқ бериб кетардим. Ишдан қайтганимда, албатта, топшириқларимни қай даражада бажарганларини сўраб-суриштирардим. «Саодат», «Крестьянка» каби нашрларни керакли саҳифасини очиқ қолдирардим. Ўша мақолаларни ўқиб-ўрганишарди. Аллоҳга шукр, уч қизим ҳам борган жойида ҳеч нарсадан қоқилмай, оилаларига сингиб кетишди. Болалар тарбиясида ўта юмшоқ табиатли бўлиш ҳам нотўғри, шунинг учун керакли пайтда жазолаганмиз.
— Бу жазо усули нимадан иборат?
— Айтилган ишларни кўнглимдагидек бажаришмаса, улар билан гаплашмай қўярдим. Очиғини айтсам, шу одатим ҳозир ҳам бор. Индамай қўйсам, фарзандларим билишадики, мен нимадандир хафаман. Шунақа пайтда дарров ёнимга келиб, «Опа, нимадан норозисиз, қаерда хато қилдик?» деб дарров узр сўрашади.
— Оилавий қарорлар чиқаришда кўпроқ кимнинг фикрига таянасиз?
— Улуғбек билан кўпроқ маслаҳатлашаман. Албатта, ўз фикримни билдираман. Иккаламизникини бирлаштириб, охирги қарорга келамиз. Айни дамда унақа катта муаммолар йўқ, шунинг учун муҳим қарорлар чиқаришга ҳам тўғри келмаяпти. Кичик ишлар ўз-ўзидан ечимини топиб кетяпти.
— Қачон охирги марта Улуғбек билан баҳслашгансиз?
— Ҳеч қачон жиддий баҳслашмаганмиз. Улуғбек жуда камгап, унга ёқмайдиган бирор гап айтсам, индамай қўя қолади. «Сиз нотўғри гапиряпсиз, мен ҳақман» деб ўтирмайди. Кўнглимни оғритмаслик учун ўша пайтда «Хўп» дейди, лекин орадан вақт ўтганидан кейин шу ишни бажармаганини эшитиб қолишим мумкин. Жуда жаҳли чиқса, кўчага чиқиб бир айланиб келади.
— Ўғлингиз иштирок этган барча фильмларнинг тақдимотига борганмисиз?
— Бирорта тақдимотни қолдирмаганман. Кино, бу — нафақат ёрқин манзара, унда режиссёрнинг буйруқлари, кадр ортидагиларнинг тинимсиз меҳнати ётади. Шунингдек, у актёр ва актрисаларнинг маҳорати орқали яратилган ҳаёт ҳақидаги гўзал ҳикоя. Кино — яна миш-мишлар олами. Чунки баъзан ҳақиқатга тўғри келмайдиган сўзларни ҳам эшитиб қоламан. Ўғлимнинг илк дебюти «Академия» фильми, охиргиси эса «Арслон изидан» картинаси бўлди.
— Дарвоқе, «Арслон изидан» фильмида нима сизни таъсирлантирди?
— Азиз Раметовнинг қаҳрамони учун анча ташвишландим. Назаримда, бунақа фильм ўзбек киносида аввал яратилмаган. Улуғбекка роль таклиф этишгандаёқ иккинчи пландаги роль эканини айтишган. У Азиз Раметов билан дўстлиги учун бу фильмда суратга тушишга розилик билдирди.
— Бугунги кунда Улуғбек энг қиммат гонорар тўланадиган актёрлар сирасидан. Кино санъати унинг учун нима: машҳурликми ёки даромад манбаи?
— Ҳар иккиси ҳам эмас. Даромад қиламан деб, санъатга кирмаган. Актёрлик — унинг виждони амри. Болалик чоғларидан санъаткор бўламан, дея ният қиларди. Биз қаршилик кўрсатганимизда ҳам ўз йўлидан чекинмади. Айни кунда эса унинг эришган муваффақиятларидан фақат қувонаман ва Яратгандан доим эл меҳрига сазовор бўлишини, янада яхшироқ роллар ижро этишини, маҳорати чархланишини сўрайман.
— Бошқаларга ўхшамайдиган қайси жиҳатларини санаб ўта оласиз?
— У бирор нарса тўғрисида фикр билдиришни сўрашса, дарров ҳукм чиқармайди, етти ўлчаб, бир кесади. Опаларини жуда ҳурматлайди, байрамларда табриклашни канда қилмайди. Ёзда оилавий ҳордиқ чиқаришимиз учун шарт-шароит яратиб беради. Ҳаётидаги энг яхши кун туғилган куни деб билади ва шу куни яқинлари келишини кутади. Тўғри, буни билдирмасликка ҳаракат қилади-ю, аммо эрталаб турганида «Бугун қизлар келишадими?» деб сўраб қўяди. Куни кеча оила даврасида 34 ёшини нишонладик.
— Санъаткорлар ташқи кўринишларига ҳам анча эътиборли бўлиши керак. У нималар қилади?
— Спорт залига боришни канда қилмайди. Қўл жанги билан жиддий шуғулланади. Гавдаси барваста бўлгани учун семириб кетмасликка интилади. У бу жиҳатдан қайнонамларга, яъни бувисига ўхшаган. Айни дамда нон тановул қилмаяпти. Ҳамма ош еб ўтирса, у салат ейди. «Барон» фильми суратга олинаётганда режиссёр Рустам Саъдиев семирмасликни сўраса, Абдувоҳид Ғаниев «Ака»даги образи учун бироз семиришни тайинларди. Иккала картина бир пайтда олингани сабаб анча қийналгани ёдимда.
— Ижодкор кимдандир мақтов, кимдандир танқид эшитади. Улуғбек ҳақида эшитган мақтов ва танқидларингиз сизни таъсирлантирадими?
— Албатта, таъсирлантиради. Лекин шу пайтгача бирор жойга бориб, «Улуғбек Қодировниннг онасиман», демаганман. Кимдир таниб қолса ҳам, фақат мақташганига, роллари ҳақида яхши сўзлар айтишганига, фалон образи яхши чиқибди, дейишганига гувоҳ бўлганман. Ўйнаган ролларидан ўзига яқини «Паноҳ» ва «Жазо»даги қаҳрамонлари деб биламан. Улардаги босиқлик, опасига ачиниб қараши, яъни меҳрибонлиги аслига жуда ўхшайди.
— Сиздаги қайси фазилатлар ўғлингизнинг феълида кўзга ташланади?
— Камгаплиги. Одамларга жуда тез қўшилиб кетиши эса отасидан ўтган. Қўшниларимизнинг тўй ва турли тадбирларида дарров хизматга шай бўлиб, оғирларини енгил қилишга интилади.
— Бир пайтлар дўсти Фаррух Соипов билан тадбиркор сифатида иш олиб бормоқчи бўлганди...
— Тадбиркорлик мен учун эмас, деди.
— Айни кунда у дубляжда ҳам фаолият юритяпти. Томошабинлар унинг овози барча фильмлардаги қаҳрамонларга ҳам тушмаётгани ҳақида гапиришганини эшитдим.
— Улуғбек дубляжга маҳорати чархланиши учун, ўрганиш учун боряпти. Барча санъаткорларнинг овози ҳаммага бирдек ёқавермаслиги табиий. Дарвоқе, ҳамма қўшиқчиларнинг овозини ҳам ширали демаймиз-ку, тўғрими? Дубляж ҳам шунга ўхшаш. Шу кунларда «Муҳаббат мангу» сериалига Раул, Педро, Ботейло образларига овоз берган. Бу образларга унинг овози тушган деган фикрдаман. Сериални Улуғбек овоз бергани учун эмас, балки сюжети қизиқарлилиги, томошабоплиги учун бирор қисмини ҳам қолдирмасдан кўриб боряпман ва жуда кўпчиликдан илиқ фикрларни эшитяпман. Айтганча, шу фильмда овоз берган Гавҳар Зокированинг маҳоратига қойил қоламан. Улуғбек ўзбек сериали «Саодат»да ҳам бош қаҳрамонлардан бири терговчи образини гавдалантирди... Назаримда, бироз бўшроқ, қаттиққўл терговчи эмас. Балки бу режиссёрларнинг талабидир.
— Ушбу сериалда мени Зарина Низомиддиновани ўқитувчи қиёфасида қабул қилолмадим. Шоҳида Узоқова ҳам ўта тушкунликка тушган аёл образини жуда бўрттириб юборганлар. Албатта, булар оддий томошабин сифатидаги мулоҳазаларим. Тинимсиз съёмкалар, дубляж, турли тадбирларда иштирок этиш... Оиласига қандай вақт ажратяпти?
— Албатта, вақт топади. Чунки кечқурунлари деярли ҳар доим уйда. Кечки таомни оила даврасида барчамиз жам бўлган ҳолда тановул қилишни ёқтиради. Ҳозир ёз, кунлар иссиқ бўлгани учун кечки пайт истироҳат боғларига чиқиб айланиб келишяпти. Оила фаровонлиги, тинчлиги учун нима зарур бўлса, эркак киши сифатида барчасини қилади. Рўзғорнинг камчиликларини тўлдириш эркак кишининг вазифаси деб билгани учун бозор-ўчарни тўлиқ ўз зиммасига олган. Менга ва рафиқасига оғир нарса кўтаришга рухсат бермайди.
— Келинингизга қайноналик қилиб, ишларидан камчилик топиб турасизми?
— (кулимсираб) Ёшингиз улғайгани сари келинингизга қайноналик қилгингиз ҳам келмай қоларкан. Қайнона ва келин бир-бирига кераклигини тушуниб етса, бир-бирини авайлай бошлайди. Ақлли қайнона ёшларга кўприк бўлади. Камчилик топганингиз сари ўзингиз ҳам қийналасиз. Шунинг учун, яхшиси, шу камчиликларни биргаликда бартараф этиш йўлларини излаш керак. Келин ҳам ўзга хонадоннинг эрка фарзанди, уйимизга ўрганиб кетгунича қўллашимиз керак деган фикрда бўлганман. Келиним Азизахон кўпчиликнинг олдида «Шундай яхши оилага турмушга чиқаман, ойижонимдай меҳрибон қайнонам бўлади деб ҳеч ўйламагандим», деди. Келинларим мени кўнглимдагидек иш қилишга интилишади. Шу кунгача талашиб тортишмадик, ҳамма ишни ўзлари бемалол уддалаяпти. Азизахоннинг қўли ширин, пазанда, уйларни саришта тутади, озода, болаларига меҳрибон. Нимадандир жаҳли чиқса ҳам билдирмайди. Ҳеч қачон қовоғини солиб юрмаган.
— Келинингиз ҳам хонанда эди. Ҳозир у ижодда танаффус қиляптими?
— Қизи Иймона уч ярим яшар, ўғли Амирбек эндигина бирга кирди. Санъатга қайтиши тўғрисида бирор сўз айтолмайман. Назаримда, оила қуришаётганида санъатни тарк этаман деган бўлса керак. Фарзанди бироз улғайса, ўқишини давом эттиради. Ҳозир Тошкент давлат педагогика университетидан академик таътилга чиққан.
— Улуғбекнинг актёрлик маҳоратини нечага баҳолайсиз?
— Ҳақиқий баҳони мутахассислар ва томошабинлар қўйишади. Мен она сифатида ўз фикримни билдираман, холос. Менга ҳар бир роли ёқади, экранда чиқишини пойлаб юраман. Фақат «Телба»даги ролини унчалик хушламайман, жуда бечораҳол инсонни гавдалантирган. Шу фильм тақдимотидан кейин «Кийимларини қаердан олгансизлар?» дея сўровчилар ҳам бўлган. «Жодугар»да яхши ўйнаган. «Жазо» ёқади. «Ўйин»ни минг бир ҳадик билан томоша қилганман. Режиссёр уйимизга бир неча марта келган, негадир Улуғбекнинг шу фильмда қатнашгиси йўқ эди. «Шу ролда фақат сизни кўряпман» деганидан кейингина рози бўлган.
— Охирги пайтларда Улуғбекда қандай ўзгаришлар кузатилди?
— Кўп китоб ўқий бошлади. Тоҳир Маликнинг асарларини мутолаа қилди. Айни кунда Навоий асарларининг 20 томлигини топиб беринг, деяпти. Рус мактабини битиргани учун авваллари рус адабиётидан ўқирди. Яқин-яқиндан ўзбек ёзувчиларининг китобларини мутолаа қилиб, кейин менга «Опа, жуда қизиқарли китоб экан, бир ўқиб кўринг», деб беряпти. Тўғриси, биринчи марта Тоҳир Маликнинг «Одамийлик сабоқлари» китобини кўтариб келганида роса ажаблангандим.
— Эркаклар бажарадиган юмушлар...
— Авваллари шунақа ишларни бироз эплолмасди. Ҳозир эса ҳаммасини уддалаяпти. Баъзан ўзим ҳам ҳайрон қоляпман. «Улуғбек, ростдан ҳам ўзинг дазмолни тузатдингми?» деб сўраганман. Аммо кийим дазмоллашни ёқтирмайди. Эрталаб туриб ҳар куни ошхонада қаҳва дамлаб олиши мумкин.
— Суҳбатимизни қандай сўзлар билан якунлашни истайсиз?
— Ҳар бир она каби мен ҳам ўғлимни бахтли-саодатли кўришни, эл назаридан қолмаслигини, кўпчиликнинг севимли актёри бўлишини, ёдда қоладиган образлар яратишини, хонадонимизнинг қувончи бўлиб юришини истайман.
Жамшид БЕК суҳбатлашди
Манба: darakchi.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади