12:32 / 05.10.2017
8 067

"Фонограмма бекор қилинса 60% хонанда куйлашни йиғиштиради..."

"Фонограмма бекор қилинса 60% хонанда куйлашни йиғиштиради..."
Хонанда Муниса Ризаеванинг "Даракчи" газетасига берган интервьюсидан сўнг “Истиқлол” санъат саройи директори Исроил Ғуломов таҳририятга қўнғироқ қилди. Суҳбатда хонанда жонли ижрода концерт бериш учун “Истиқлол” санъат саройи­нинг техникаси талабга жавоб бермаслигини айтганди. Айнан шу борада Исроил Ғуломов ва саройнинг техникасига жавобгар мутахассис, овоз режиссёри Игорь Иосис билан "Даракчи" газетасининг журналисти суҳбат қуришга қарор қилдик.

Исроил Ғуломов: — Шу вақтгача бирорта хонанданинг техникадан шикоят қилганини эшитмаганман. Шу боис Мунисанинг фикрлари эътиборимни тортди. Қанча-қанча хорижлик хонандалар Игорь Иосис бошқарувидаги техникадан фойдаланади. Борди-ю, уларни техникамиз қониқтирмаганида, концерт беришдан бош тортган бўларди. Энг қийин концерт Алессандро Сафинаники бўлди, у 80 та созандаси билан келганди. Концерт жуда чиройли ўтди. 80 та созанданинг талабини қондирган Игорь, наҳот Мунисанинг 8 та созандасига келганда тиши ўтмаса. “Истиқлол”нинг саҳнасида тўйга боргандек, оғиз қимирлатиб кетиб бўлмайди. Мунисанинг ўзи жонли ижрода концерт беришга тайёр эмасдир. Рафет эл Романнинг жонли ижродаги концертида ўзингиз ҳам шу ерда эдингиз. Биттагина ўзбек хонандаси дуэт куйлаш учун саҳнага чиқди...

— Куйлай олдими?

И.Ғ.: — Шу саволни сизга бермоқчи эдим, уддабуронлик қилдингиз. Хонандаларимиз хафа бўлмасин-у, фонограммага ўрганиб ҳаммаси дангаса бўлиб қолган. Ҳатто фонограммани ҳам эплай олмаётганлари бор. Лекин тўйларда тўртта фонограммага оғзини очиб, фалон минг маблағ ишлаб, одамларни алдаяпти.

Игорь Иосис: — Жонли ижрода куйлаш ва мусиқа асбобини чалишни биладиганлардан шу вақтгача фақат раҳмат эшитганман. Хонанда нима истаётганини аниқ айтса, техника тарафлама барчасини ҳал қила оламиз.

— “Хорижлик санъаткорлар ўз техникаси ё овоз режиссёри билан келгани учунгина жонли ижродаги концерт зўр бўлади”, деган фикрларни қандай изоҳлайсиз?

И.И.: — Филипп Киркоров ва Андреа Бочеллигина ўз техникаси билан келди. Қолганлари “Истиқлол”нинг техникаси билан ишлаган. Агар хорижлик овоз режиссёрлари бизнинг техникада қойилмақом қилиб ишласа, унда нега ўзимизнинг хонандалар техникани муаммо қилишади?! Ваҳоланки, иккита санъаткордан бошқа барча хонандалар ҳатто фонограммасини тўғри ёздириб келолмайди, кейин айбни техникага юклашади. Хабарингиз бор, Алишер Навоий номидаги Давлат опера ва балет театри биноси атрофида икки кун “Оpen-air” тадбири ўтказилди. Театр директори “Биринчи ва иккинчи кунни солиштирса, ер билан осмончалик фарқ бўлди”, деди. Ваҳоланки, иккала кунда ҳам Игорь Иосиснинг техникаси ишлатилган. Фарқи шунда бўлдики, москвалик мутахассислар ўзини кўрсатолмади, менинг ходимларим эса талаб даражасида ишлашди. Одамларда “чет элдан келдими, демак ҳаммаси зўр бўлади”, деган фикр ўрнашиб қолган. Бу фикр ҳар доим ҳам ҳақиқатга яқин эмас.

И.Ғ.: — Игорь, сизга Юлдуз Усмонова ва Озодбек Назарбековдан бошқаси “райдер” берганини кўрмаганман. Нималар кераклиги ёзилган “райдер” бермайдиган хонандаларнинг техникани ёмонлашга қандай ҳаққи бор?

И.И.: — Кўпчилик хонандалар ҳатто “райдер” нималигини билишмайди. Концерт куни келишади-да, “вой, Игорь ака, менга барабан керак”, дейди. Мен сеҳргар эмасман-ку, бир зумда муаммо­сини ҳал қи­либ берадиган. Концертдан олдин келиб, нима кераклигини айтиш керак. Юлдуз Усмонова билан гаплашгандим, Мунисани ҳатто танимаслигини ва унинг номидан фикр билдиргани нотўғри эканини айтди.

— Ис­роил­ ака, суҳ­бат­га келишдан аввал айнан жонли ижрода концерт берадиган айрим хонандалар билан боғ­лан­дим. “Бор имкониятдан фойдаланиб, амаллаб ишласа бўлади”, дейишди.

— Охирги ўн йил ҳисобидан айтадиган бўлсам, жонли ижрода концерт бера оладиганлар бу — Юлдуз Усмонова, Ғуломжон Ёқубов, Ғиёс Бойтоев, Озодбек Назарбеков, Юлдуз Турдиева, мақом ансамбли. Қолган тўқсон фоиз хонандаларнинг ҳаммаси фонограммачи!

— Техника талабга жавоб берса, нега жонли ижрода куйлай оладиган ўзбек хонандалари ҳам фонограммада концерт беряпти?

И.Ғ.: — Сабаб жонини ко­йитмаслигида. Юлдуз Усмоновадек икки ойлаб “Истиқлол” санъат саройида репетиция қилишдан эринади, фонограмма бор-ку нима қилади ишлаб? Ҳатто Ғуломжон Ёқубов концерт дастуридаги кўп қў­шиқ­ларини фонограммада куйласа ҳам, бир ой репетиция қилади. Бирорта хонанда шу вақтгача олдимга репетиция учун жой сўраб келгани йўқ. Ҳатто айрим хонандалар концерти куни тушгача ҳам бўй кўрсатмайди. — Нега сиз “Жонли кон­церт бериш касбий вазифангиз, яратиб қў­йилган шароит­дан унумли фой­даланинг­лар!”, деб қат­ъий та­лаб қўй­­майсиз? “Истиқлол” санъат саройини фонограммачиларга бўшатиб бермаслик юзасидан қатъий чоралар белгилаш керакдир, балки?

И.Ғ.: — “Ис­тиқ­лол” санъат саройи концерт зални ижарага берадиган ташкилот, холос. Талабни Ўзбекистон Респуб­ликаси Маданият вазирлиги ва “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси қўйсин. Қолаверса, мен талаб қўйган хонанда жонли ижрода концерт қўя олмаса нима қилай?

— Кон­­­церт қў­йи­шига рух­сат берманг! Анча­дан бу­ён “Ис­тиқ­лол” санъат саройида исталган хонанда концерт дастурини тақдим этади. Концерт залнинг мавқеи тушиб кетмадими?

И.Ғ.: — Ҳақсиз, “Истиқлол” санъат саройи орзу даражасидаги концерт зал бўлиши керак. Масалан, Туркманистон фоно­г­раммадан воз кечганига анча бўлди. Фақат катта давлат тадбирларидагина фонограмма ишлатилади, холос. Агар бизда ҳам шундай меъёрий ҳужжат қабул қилинса, ғалвир сувдан кўтарилади ва олтмиш фоиз хонанда ўз-ўзидан куйламай қўяди. Ўн йил Бадиий жамоа­лар ижодий бирлашмасида раҳбар бўлиб ишлаганман, шу боис доим жонли ижро тарафдори бўлиб келганман. “Ўзбекконцерт”да қирқта Бадиий кенгаш аъзосидан ўтган хонандага концерт бериш учун рухсат берилади, ваколат уларнинг қўлида. Хонанда олдимга қўлида рухсатнома, гувоҳнома билан келади.

— “Истиқлол” санъат­ саройининг директори рухсатномани кўриб, саҳ­нани бўшатиб бериш­га маж­бур­ми? Балки Ўз­бе­кистон Рес­пуб­лика­си Маданият вазирлигидан қў­шимча ваколат сў­ра­шингиз керакдир?

И.Ғ.: — “Ўзбекконцерт”даги Бадиий кенгаш аъзоси бўлган бош режиссёримиз бу ҳақда доим гапиради. Хонандаларга ҳам доим “халқни алдаманг­лар”, дейман. Уларнинг баҳонаси эса битта — техника ёмон! Анна Нетребко Алишер Навоий номидаги Давлат опера ва балет театрида саккиз юзта томошабинга микрофонсиз концерт қўйганди. Масалан, Муниса Ризаева уч соат мик­рофонсиз куйлай оладими?

И.И.: — Бир хонанда маблағни тежаб, тўйларда ишлатиладиган саккизта колонкани олиб келиб, бир неча кун мухлисларга шармандаларча концертини тақдим этди. Олди қаторда ўтирган томошабинлар “овозинг эшитилмаяпти”, деб роса бақиришди, балкон ҳақида-ку гап бўлиши мумкин эмас. Ҳатто ҳар кунги концертидан кейин хонандага тез ёрдам чақиришарди.

Бир ой ичида дунё талабларига жавоб берадиган янги техника олиб келинади. Агар шундан кейин ҳам “техника ёмон”, дейишса, айбни ўзларидан излаб кўришсин. Ҳақиқатда фонограммадан воз кечиш керак. Шунда санъаткор қўшиғини куйлайди, “хонандалар” ўз иши билан шуғулланади — кўчада бизнесини қилади.

— Исроил ака, “Истиқлол” санъат саройининг қўриқлаш хизмати ходимларининг вазифаси нимадан иборат?

— Улар фақат рухсат берилганларнигина сарой ҳудудига қўйишга ҳақли ва хавфсизликка жавобгар. Чилонзор тумани Ички ишлар бошқармаси билан шартнома тузганмиз. 21 та милиция ва 15 та ёнғин ўчирувчи ходим жалб қилинган.

— Ҳеч уларнинг ишини назорат қилганмисиз?

— Мана, кузатув камераси компьютеримга уланган, доим ёқиқ туради. Ҳатто мобиль телефонимга ҳам ўрнатиб олганман, ходимларни уйда ҳам кузатаман.

— Нега унда кўп ҳол­лар­да концерт залга кириш­га рухсат берилганлар, яъни рўй­хати­да­ги­лар­ни киргизмай, рўй­хат­да йўқлар ва таниш-билишчилик асосида киргизилади?

— Тан оламан, рўйхат йў­қо­либ қолган ҳолат бўлган. Сиз айтгандек ҳолатда дарров ўзимга мурожаат қилинг, жойи­да ҳал қиламан. Вазифасини суиистеъмол қилаётганлар билан шартномани бекор қилиб, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси билан ишлайман.

— Масалан, 29 август куни туркиялик машҳур хонанда Рафет эл Роман “Истиқлол” санъат саройида концерт берди. Рафет бей журналистларга концертдан сўнг интервью­ беришини маълум қилди. Бироқ, хонандага “Истиқлол” санъат саройи томонидан бириктирилган иккита ёш йигит салкам 1 соат таниш-билишлари, қариндош-уруғларини Рафетнинг олдига олиб кириб, расмга туширтирди. Журналистларга “четга ўтиб турларинг, асабимни бузмаларинг, “қора рўйхат”га қўшиб қўяман”, деган “илтифот”лар билан “эҳтиром” кўрсатишди. Ҳатто концерт залдан кўчага чиқариб ташлашди. Шахсан сизга қўнғироқ қилиб, вазият­ни айтганим ёдингиздами? Хориж санъаткорлари ташриф буюрганда ҳар гал шу ҳолатга дуч келамиз, уларга бириктирилган ходимларингиз жур­на­листларни меҳмоннинг ёнига йўлатмай, қариндош-уруғчилик қилишади. Наҳот чора кўришнинг иложи йўқ?

— Рафетни Тошкентга илк бор ташрифи эди. Уни ўзбек мух­лислари яхши кўради, расмга тушгиси келган-да. Ходимларим билан мажлис қилиб, бу борада алоҳида гаплашаман ҳали.

И.И.: — Ис­­­­роил, концерт масаласида музокара олиб борилаётганда матбуот анжуманининг ҳам вақтини аниқ белгилаб олсангиз, бундай ноқулай вазиятлар кузатилмайди.

— Хорижлик санъаткорлар ташриф буюрганида ҳар гал таржимон билан ҳам муаммо бўлади. Масалан, ўша куни Рафет эл Романнинг атрофига ҳамма журналистлар йиғилди-ю, бироқ унга бириктирилган Камилла исмли таржимон бемалол диванда ўтирибди. Қўлига саволлар варақасини тутқазсак, “саволлар қийин, таржима қилолмайман”, деди. Ахир шу таржимонга ҳақ тўланади-ку! Наҳотки, бундай жиддий масалаларга масъулият билан ёндашишнинг иложи йўқ?! Балки “Истиқлол” санъат са­ройида профессионал тар­жимонлар учун штат очиш ке­ракдир?


— У таржимон қизни танимайман, “Шарқ тароналари” Халқаро мусиқа фестивали жараёнида топиб, олиб келишган. Демак, у талабга жавоб берадиган таржимон эмас экан. Штат очишга эса ваколатим йўқ. Лекин концерт залимизда инг­лиз ва рус тилини биладиган ходимларимиз бор. Журналистлар ўзи билан таржимон олиб келиши ҳам мумкин.

— Рақ­қо­саларга аж­ра­тил­ган хо­нани таъмирлашнинг вақти келмадими?


— Вақти келган, томошабин ўтирадиган ўриндиқларни ҳам алмаштириш керак. Асли саройнинг ўзини капитал таъмирлаш лозим. Боиси “Истиқлол” санъат саройи қирқ йилдан буён таъмирланмаган. Раҳбар сифатида уч йилдан бери имкониятимиз даражасида оз-оздан таъмирладик. 2019-2020 йилларда “Истиқлол” ва “Туркистон” саройларини капитал таъмирлаш кўзда тутилган. Бунинг учун сарой беш йилга ёпи­ли­ши керак. Раҳ­бариятга олти ойдан бў­либ-бўлиб таъмирлаш так­лифини бер­­дим. Шунда концертлар ҳам, таъ­мир ҳам тўхтамайди.

— Яна бир ҳолат, чиптага аниқ қилиб, ёш бола билан киритилмайди, деб ёзиб қўйилган. Лекин сарой қўриқлаш хизмати ходимлари болали, ҳатто қўлида чақалоғи билан келган томошабинни ҳам киргизади. Белгиланган қоида қоғозда қолиб кетмаслиги қачон таъминланади?
— Фарзандини ташлаб келишга қариндошлари йўқлар ҳам кўп-да, бу ҳолатни ҳам тушуниш керак. Агар сиз айтган тартибда ишласак, эллик фоиз томошабинни йўқотамиз. Қолаверса, фарзанди билан келган томошабинни киргизмасак, хонанда яна бизни айб­лайди. Солиштирсангиз, Европадаги томошабин концертга вақтидан аввал келиб, гардеробга устки кийимларини топшириб, олиб келган туфлисини кийиб, чиройли ҳолатда концерт залига киради. Бизникилар концертнинг ярмида ҳам кириб келаверади. Бўронда қолгандек ўтиради, гардеробгача боришга эринади. Томошабин мадания­ти борасида ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп.

Женисбек ­Пиязов: — “Истиқлол”нинг техникасини алмаштириш тарафдориман. Менинг концертимдан кейин Андреа Бочелли келди. У олиб келган техникани техника, деса бўлади. Ходимлари ҳам энг сўнгги русумдаги техникани ишлатишни билишади.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » "Фонограмма бекор қилинса 60% хонанда куйлашни йиғиштиради..."