22:01 / 29.01.2018
8 729

Райҳон эгизаклари билан содир бўлган қизиқарли воқеани айтиб берди

Райҳон эгизаклари билан содир бўлган қизиқарли воқеани айтиб берди
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниеванинг ўзбек эстрадасига кириб келган пайтидан то шу бугунгача бўлган вақтда ижоди ва ҳаётида анча-мунча ўзгаришлар рўй берди.

Айни кунларда ижодий фаолиятини ўн саккиз йиллик юбилейи ва ҳисоб бўйича, ўн бешинчи концерт дастурига тайёргарлик кўраётган хонанда бугун меҳмонимиз...

— 2018 йил сиз учун жуда қизғин бошланар эканда, эшитишимизча февраль ойида навбатдаги яккахон концерт дастурини тақдим этмоқчи экансиз? Тайёргарликлар авжида бўлса керак...
— Тўғри айтасиз, бутун ижодий гуруҳим билан бирга санъатдаги фаолиятимнинг кичик юбилейини нишонлаш арафасидамиз. Бир қарашда бу оддий санадек кўриниши мумкин. Аммо бу кун мен учун жуда муҳим, ўрганганларим, тажрибамга асосланган ҳолда концертга келган меҳмонларга яхши дастур тақдим эта олишим шарт деб ўйлайман. Бу катта масъулият ҳам юклайди. Концертимнинг ташкилий ишлари билан доимгидек “Проарт” шуғуланаётган бўлса ҳам ижодий томонига ўзим масъулман. Концертим режиссёри ўзим, хореографи эса Элья Маликова. У билан бирга дастурни ранг баранглаштириш устида ишлаяпмиз. Янги қўшиқларимни умуман ўзгача услубда куйламоқчиман. Шунингдек, 15 йил давомида тақдим этилган қўшиқларимни ҳам билан бирга қайта куйлашни истайман. Бу орқали мухлисларим билан биргаликда бир неча йиллар ортга қайтишни режалаштирганман. Янги дуэтлар ҳам бўлади. Фақат улар ҳақида ҳозир очиқ гапира олмайман. Лекин ишонаманки, дуэтдошларимни кўриб мухлисларим фақат хурсанд бўлишади.


— Жараён давомида нималарда қийинчилик сезяпсиз?
— Ёпиқ эшиклар, йўлларимизда катта-кичик тўсиқлар доим бўлган ва бўлади. Лекин уларга дуч келишдан қўрқмайман. Бундай вазиятда асосийси, қийинчиликлардан чўчимай, улар енгиб ўтиш. Йиллар давомида буни уддалай олдим ва шукрки, шу кунларга етиб келдим. Яратганнинг ва яқинларимнинг кўмаги доим менга ёр бўлган.

— Сўнгги пайтларда кўпроқ нималар ҳақида ўйлаяпсиз?
— Негадир сўнгги пайтларда ўзимдан кейинги ҳаёт ва чин дунё ҳақида кўп ўйланяпман. Ўзимдан яхши ном қолдиришим керак. Болаларимга намуна бўла оладиган инсон бўлиш менинг энг олий мақсад ва вазифам эканлигини янада кучлироқ ҳис этаяпман.

— Айтингчи, ўтган йиллар феълингизни ўзгартирдими?
— Бугун мен сабрлироқман. Ўтган вақт менга ҳар қандай вазиятга ижобий ёндашишни ўргатди. Бизга берилган синовлар бежизга эмаслигини, уларни енгишга кучимиз етгани учун ҳам берилаётганини тушуняпман.


— Синглингиз Насиба билан жуда кўп маслаҳатлашишингизни биламиз...
— У менинг биринчи маслаҳатгўйим. Оила, фарзандлар ва бошқа барча мавзуларда ҳам унинг фикри мен учун муҳим. Ҳатто қўшиқларимни ҳам Насиба ва турмуш ўртоғим билан биргаликда танлаймиз. Биласизми, баъзида мен унинг опаси эмас, синглисидек ҳис қиламан ўзимини. Унинг фикрлашидан менда шундай тасаввур уйғонади. Шу сабаб ёшим катта бўлсада ундан маслаҳат сўрашдан уялмайман.


— Ижтимоий тармоқдаги суратларингиздан билиш мумкинки, эгизакларингизнинг кун тартиби жуда тиғиз. Улар доим машғулот ва тўгараклар билан банд экан...


— Албатта, Имрон билан Исломнинг ҳар бир куни режа асосида ўтади. Ортопеднинг маслаҳатига кўра 1 ёшдан бошлаб сузишга қатнаймиз. Уларда мендан ўтган яссиоёқлик бор. Ёши улғайганда мен каби оёқ ва бел оғриғидан қийналмаслиги учун ҳозирдан буни назоратга олганман. Тўғри, аввалига сувдан қўрқишди, бироқ бугун сузиш уларнинг жону-дилига айланган. Яқиндан бошлаб от спорти билан шуғулланишни бошладик. Машғулотларда уларнинг завқланганини кўриб, ўзим ҳам қувонаман. Назаримда, болалар жонзотларга меҳр қўйса, кўнгли очиқ ва самимий инсон бўлиб улғайишади. Қолаверса, от спорти билан шуғулланиш саломатлик учун ҳам жуда фойдали. Дарсларга келсак, боғчадан ташқари инглиз тилини ўрганиш сабоқларига ҳам қатнашади.


— Болаларингизни хаддан ташқари банд қилиб уларни қийнаб қўймаяпсизми?

— Инсон ўзи яхши кўрган машғулоти билан шуғулланса, қийинчилик сезмайди. Мен болаларимни ўзлари истаган йўналишларга боғлаганман, холос. Агар уларда машғулотларга қизиқиш сезмаганимда, мажбурламасдим. Масалан, ёзда футболга боргандик, лекин улар бу спорт турига умуман қизиқишмади, ўйин давомида чалғиб, қум ўйнаб юришарди. Уларнинг муносабатини кўриб, футболдан воз кечдик.

— Уларнинг улғаяётганини гап-сўзларидан ҳис қиляпсизми?
— Инсон вақт қандай ўтганини билмай қоларкан. Кечагина, қалбимнинг бир парчаси, болаларимни қўлимда кўтариб юрардим. Бугун улар шахс сифатида улғайишяпти, ўз фикр ва қарашларига эга. Биласизми, ҳар бир нарсада фикрларини билишга уринаман. Ҳатто баъзида сўрамасам ҳам мен кийган ёки ўзлари киймоқчи бўлган либосларга муносабат билдириб қўйишади. Агар ярашмаган бўлса, аяб ўтиришмайди (кулади). Айни пайтда атрофда нималар бўлаётгани ва ким қандай гапираётганини тезгина илғаб оладиган даври. Шунинг учун ҳам бир зум жим туришолмайди. Саволларга “кўмиб” ташлашади. Уларга қараб мен ҳам кўп нарсаларга эътибор бера бошладим. Масалан, куни кеча машинадан тушиб, йўлакчадан кетаётсак, ерда ётган баргни кўриб “Ойижон, қаранг қандай чиройли барг” деди. Қарасам, ростдан ҳам шакли ноодатий экан. Биз катталар ҳаёт ташвишлари билан бўлиб, оддий нарсалардаги гўзалликни сезмай қоламиз. Болалар эса атрофдаги гўзалликни пайқай олишади...


— Болаларингиз бир-бири билан тортишиб қолса, бундай “муаммо”ни қандай ҳал этасиз?
— Мен учун оғриқли мавзуни очдингиз (кулади). Чунки Ислом билан Имрон кўпинча битта ўйинчоқни талашиб уршишади. Ваҳоланки, ўша ўйинчоқдан иккита. Менимча, бундай вазият иккита фарзанд ўстираётган оилаларда тез-тез учраб турса керак. Бундай пайтда шўхлик ва эркалик қилиб бировни хафа қилиш яхши эмаслигини тушунтираман. Улар аҳил бўлиб бир-бирини қўллаб-қувватлаши лозимлигини ҳозирдан уқтириб бораман. Балки ҳозир гапларимни унчалик тушунишмас, лекин кейинчалик барибир англаб етишади.

— Уларнинг орзулари ҳақида ҳам биласизми?
— Орзу қилиш болалар қойиллатишади. Баъзида имконсиз нарсалар ҳақида ҳам орзу қилишади. Лекин шунда ҳам уларнинг орзуларини тўсмайман. Ҳозир айни тасаввур оламини кенгайтирадиган маҳали. Бундан ташқари инсон доим орзу ва ният билан яшаши лозим.

— Шу кунларда ўзингизнинг қайси орзуингиз рўёбга чиқди?
— Болалигимдан Парижга боришни жуда истардим. Бу шаҳарнинг кўчаларидан атирларнинг ифори келиб туради деб хаёл қилардим. Аёллари чиройи, пошнали туфлиларда юришади, рассомлари эса табиат қўйнида пейзаж чизиб ўтиришади деб тасаввур қилардим. Болаликдаги хаёлларимни турмуш ўртоғим ҳақиқатга айлантирди. У билан биргаликда орзуимдаги шаҳарга сайёҳатга бордик. Парижни бир кунгина айландик, бироқ шунинг ўзи менга етарли бўлди. Эртаклардаги шаҳарни ўз кўзларим билан кўрганимдан хурсандман. Бунинг учун турмуш ўртоғимдан миннатдорман.


— Фарзандларингиз билан содир бўлган бирор қизиқарли воқеани гапириб бера оласми?
— Яқинда уларнинг тинимсиз шўхликларидан жаҳлим чиқиб “Агар менга қулоқ солмасанглар, тўполон қилаверсанглар, ёмон амаки келиб сизларни олиб кетади. У сизларга ҳеч қачон шоколод бермайди” десам, гапларимни диққат билан эшитиб турган Имрон “Ойижон, агар ўша амаки сизни олиб кетганида, мен сизни албатта қутқарган бўлардим” деса бўладими (кулади). Очиғи, кутилмаганда айтилган бу жавобдан довдираб қолдим.

— Болалигингизда берилган қайси совға ҳалигача ёдингизда?

— 12 яшарлигимда ойим менга кучукча совға қилгандилар. Узоқ вақт орзу қилган нарсамга эга бўлганимдан роса хурсанд бўлганман. Ўша пайтдаги қувончимни бугунгача яхши эслайман.

— Шоу-бизнесдаги ўн саккиз йиллик фаолиятингиз давомида салбий изоҳларга иммунитет ҳосил қилолмагансиз. Ҳамон жуда таъсирчансиз...

— Афсуски, бу менинг қўлимдан келмади. Лекин шундай бўлса ҳам, атрофимдаги кўп нарсаларга беэътиборроқ бўлишни ўрганяпман. Биласизми, кўпроқ нимадан жаҳлим кўпроқ чиқади? Айримлар ижтимоий тармоқларда қалбаки саҳифа очиб, асоссиз танқидлар ёзишади. Агар уларнинг гапи рост ва ўзлари мард бўлишганда бундай йўл билан яширинишмаган бўларди.

— Ҳаётда яна нималарни ўрганишни истардингиз?
— Билишни истаган нарсаларим жуда кўп. Улардан бири жаҳон юлдузларининг иш тартиби билан яқиндан танишиш. Назаримда, ҳар бир санъаткор учун бу профессионаллик томон қўйилган яна бир қадам бўлиб хизмат қилади.


— Суҳбат учун ташаккур. Ижодингизда юксак парвозлар тилаб қоламиз.
— Сизга ҳам раҳмат!
Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди

Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Райҳон эгизаклари билан содир бўлган қизиқарли воқеани айтиб берди