Турли кўрсатув ва фильмлардаги саҳналарга тақлид асосида ўз ижод маҳсулларини тақдим этаётган кўрсатув ижодкорлари асосан ёшлардан иборат. Шу сабабми, “Ксерокс”нинг ҳар бир сони қувноқлиги ва ҳазилларга бойлиги билан томошабин эътиборини тортмай қўймайди.
Жамоа ҳақида:
Улуғбек Ҳолиқжонов — 1989 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг эстрада актёрлиги факультетини тугатган. Ўзбек миллий академик театрида ишлайди.
Улуғбек Холмедов — 1991 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Республика эстрада ва цирк коллежини тамомлаган. “ZO‘R TV” телеканалида режиссёр сифатида иш олиб боради.
Севара Мансурова — 1995 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг эстрада актёрлиги факультети 3-босқич талабаси.
Моҳирбек Файзуллаев — 1996 йили туғилган. Республика эстрада ва цирк коллежини тамомлаган.
— “Ксерокс” ижодий жамоасининг шаклланиши қандай тарзда кечган? Умуман олганда, мана шундай жамоани йиғиш ғояси кимдан чиққан?
Улуғбек ХОЛМЕДОВ:
— Кўрсатувимизнинг дунёга келишига “Реал хит” кўрсатуви сабаб бўлган. Ўзим эстрада цирк коллежини битиргандан кейин анча муддат у ерда ўқитувчи бўлиб ишлаганман. “Реал хит” бошловчиси Жаҳонгир Хўжаев ҳам ўқувчиларимдан. Ёзда бу кўрсатув энди-энди танилиб, кўзга кўриниб қолган пайти эди. Ҳазил тариқасида шу кўрсатувни пародия қилиб, телефонга тасвирга олдик ва Жаҳонгирнинг ўзига юбордик.
У тасвирни ижтимоий тармоққа жойлаганида бу видео жуда кўп бора томоша қилинибди. Шундан кейин биздан яна шу каби видео тайёрлаб беришимизни сўради. Бу таклиф асосида яна саҳна кўринишларини тасвирга олдик. Шу тариқа кўрсатувнинг янги сонлари дунёга келди. Уларни телеканалда тасдиқлашгач, фаолиятимизни ТВда расман давом эттирдик.
— Кўрсатувнинг сценарий ва ғоялари муаллифи ким?
Севара МАНСУРОВА:
— Сценарийларни асосан Улуғбек Холмедов ёзади. Жамоада бу инсон ҳам режиссёр, ҳам сценарийнавис, ҳам актёр, ҳам биринчи танқидчимиз ҳисобланади.
Улуғбек ХОЛМЕДОВ:
— Ҳазил ёзиш — бу қўшиқ ёзишдек иш эмас. Чунки у худди шу авж, худди шу қочирим, худди шу дақиқада тўхтатилмайди. Лекин сценарийни бир ўзим ёзаман, демайман. Сценарий кўринишида олиб келган асаримиз саҳнага қўйилаётган пайтидан бошлаб ҳар бир актёрнинг импровизацияси асосида мукаммал асар кўринишига келади. Қизиқчи саҳнага қадам қўйгандан бошлаб ҳазил қилишни уддалай билиши керак. Жамоадагилар ҳам сценарийни ўз топқирликлари билан бойитиб беришади.
— Кўрсатув ҳақида биринчи бўлиб кимнинг фикрини эшитасизлар? Биринчи танқидчингиз ким?
Улуғбек ХОЛМЕДОВ:
— Кўрсатувимизни аввало бадиий раҳбаримиз, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Мирзабек Холмедов кўриб, ўз фикрини билдирадилар. Қолаверса, кўрсатув съёмка қилинганидан кейин редакторларимиз, устозимиз Азиз Умрзоқов кўрадилар ва тўғри йўналиш берадилар.
Кўпчилик “Танқид — келажак меваси” дейди. Лекин бу тўғрида менинг ўз фикрим бор, мен учун тарбия — келажак меваси. Чунки бугун бўлар-бўлмас беҳуда танқидлар жуда кўп. Бу танқидларни кўпроқ интернет тармоғида ўтирадиган бекорчилар билдиришади. Танқидни шу соҳада биздан кўпроқ кўйлак йиртган устозларимиз, саҳнанинг “чангини ютган” санъатга дахлдор инсонлар билдиришса, буни тўғри қабул қиламиз. Лекин ҳамма танқидларга ҳам эътибор беравермаймиз.
— Севара, сизга жамоада фақат ўғил болалар билан ишлаш қийин эмасми?
Севара МАНСУРОВА:
— Мен болалигимдан ўғил болалар билан ўйнашни яхши кўрардим. Чунки ўғил болаларда қизларга ўхшаб бир-бирини ғийбат қилиш, ҳасад деган нарса йўқ. Хато қилсам, ўзимга тўғрисини айтишади. Бундан хафа бўлмайман, аксинча, ўша хатони тўғрилаб, келгусида уни такрорламасликка ҳаракат қиламан. Кўрсатувга таклиф қилишганида ҳам жамоада ўғил болалар ишлашини эшитиб, бажону дил рози бўлганман. Шу кунгача ака-сингилдек бўлиб кетдик ва бир-биримизни яхши тушунамиз.
— Кўрсатувга билдирилаётган фикрлар орасида танқидлар ҳам борми?
Улуғбек ҲОЛИҚЖОНОВ:
— Беш қўл баробар эмас, баъзан, тўғриси, мақтовлардан танқидлар кўпроқ бўлди. Шунда “Нега шунча меҳнат қилсак ҳам, бизни танқид қилаверишаркин?” деб хафа ҳам бўлдик. Кейин ҳаммага бирдек ёқишнинг иложи йўқлигини тушундик. Кўрсатув эфирга кета бошлаганига ярим йил бўлди, вақт ўтган сари инсон секин-секин танқидга ҳам, мақтовга ҳам ўрганаркан ва оддий қарайдиган бўларкан. Мақташса, “Мана, меҳнатимизни билишди-ю!” деб, ичимиздан хурсанд бўламиз.
Севара МАНСУРОВА:
— Кўрсатувга келишдан олдин кинода ҳам роллар ўйнаганман. “Ксерокс”да чиқа бошлаганимда, “Cенга драматик роллар кўпроқ ярашади, комедия ярашмабди. Ўйлаб кўргин, балки бошқа бу лойиҳада чиқмассан”, деганлар бўлган. Аммо кўрсатув ҳақида ижобий фикр билдираётганлар ҳам кўп, айниқса, дўконларга кирганимда, ёши катта аёллар мени таниб саволга тутишади. Шу ҳолатларни ўйлаб, менга билдирилган танқид холис фикр эмаслигини, ўртада озгина рақобат ҳам борлигини тушунганман.
Аслида актёр роль танлаши керак эмас. Мен ўзимга берилган ролларнинг ҳаммасини танламай ўйнаб берганман.
Улуғбек ХОЛМЕДОВ:
— Бугунги кунда “инстаграм” тармоғида мухлисларимиз сони ўн мингтага етди. Нафақат юртимиздаги, балки хорижда истиқомат қилаётган, ўқиб, ишлаб насибасини териб юрган ҳамюртларимиз ҳам кўрсатувларимизнинг навбатдаги сони қачон бўлишини сўрашади, кутишади. Аслида куттириш одамни хижолат қилиши керак, аммо мен кўрсатувимизни кутишаётганидан хурсанд бўламан.
— Ҳар бир хатти-ҳаракатингиз, актёр сифатидаги жиҳатларингизни отангиз Мирзабек Холмедовга ўхшатаётганлар кўп. Бу ҳақда ўзингиз нима дейсиз?
Улуғбек ХОЛМЕДОВ:
— Чиндан ҳам аввал “Мирзанинг ўғли” дейишарди, ҳозир “Мирзанинг ксерокси” дейишяпти (кулиб). Фақат мен эмас, қолган устоз санъаткорларнинг болаларида ҳам гапиришида, оҳангида, ноласида оталарини кўришади. Отамга ўхшашим — табиий ҳол, Улуғбек Холмедов бўлишим учун эса ҳали жуда катта ишлар қилишим керак. Чунки томошабин сизни эмас, сиздан олдин чиққан инсонни яхшироқ танийди. Устазода санъаткорлар учун қийин томони ҳам шу. Бу билан қолган санъаткорларга осон, демоқчи эмасман, аммо улар меҳнати билан юзага чиққан бўлса, биз ўз номимизни танитиш учун улардан ўн баравар кўпроқ меҳнат қилишимизга тўғри келади.
Отам санъаткор бўлишимга қарши бўлганлар. Санъат институтига ўқишга кирмоқчи бўлганимда ҳам охирги дақиқагача “йўқ” деб туришган, охири рози бўлиб, имтиҳонга кетаётганимда, “Эҳтиёт бўлгин, Мирзанинг ўғлидан кўп нарса кутишади, захирангда қўшимча материалинг бўлсин”, дегандилар. Икки йил ҳужжат топшириб, режиссёрлик соҳаси бўйича ўқишга кириш менга насиб қилмади. Аммо мен учун институт отамнинг ёнидаги жонли тажриба бўлди. Бирини тарбиячим, устозим, танқидчим ҳам ўзлари бўладилар, ҳозиргача маслаҳатларини аямайдилар.
— Қизиқчиликда ҳам меъёр бўлгани яхши, аммо бугун озгина шу меъёрдан чиқиш кузатиляпти, бунга муносабатингиз қандай?
Улуғбек ХОЛМЕДОВ:
— Биз томошабин кўраётган кўрсатувларнинг камчиликларини, кўзга кўринадиган жиҳатларини ёки халқимиз севган кўрсатувларнинг улар кўра билмаган нуқтасини пародия билан олиб чиқишга ҳаракат қиламиз. Биз саҳнада ўйнаётган шахс ҳаётда бор одам. Демак, танқид қиладиган одам “Шу образни олиб чиқишга ижодкорни нима мажбур қилди?” деб кенгроқ мулоҳаза юритса, у “бачкана” дейишдан узоқлашади. Бу соҳани тушунмаган инсоннинг биргина сўз билан ойлаб қилган меҳнатингизни йўққа чиқариши, ҳафсаласи пир бўлганини кўришнинг ўзи кўнгилни синдириб қўяди. Танқидда ҳам тарбия бўлиши керак. Ўринли танқид чиройли тушунтирилса, хатоларни тузатишда катта аҳамиятга эга.
Муҳаббат ШАРИФОВА суҳбатлашди.
Манба: tasvir.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди