Нодирбек Абдусатторов: "Мен бу турнирга Магнус борлиги учун келдим"

Швециянинг Мальмё шаҳрида ўтаётган нуфузли TePe Sigeman классик шахмат турнири жаҳон гроссмейстерларини бир майдонга жамлади. Ушбу мусобақада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Нодирбек Абдусатторов илк турданоқ ишончли ўйини билан эътиборни тортди. Ҳамюртимиз хитойлик Жу Жинер устидан ғалаба қозониб, турнирни муваффақиятли бошлади.
Ўйиндан сўнг берган интервьюсида Абдусатторов партиядаги муҳим қарорлар ва стратегия ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, дебют танлови ҳал қилувчи аҳамият касб этган. Рақибининг услубини ўрганиб чиққан шахматчи Каро-Канн ҳимоясини танлаган ва бу қарор рақиб учун кутилмаган бўлган.
“У асосан e4 билан ўйнайди ва яхши дебют репертуарига эга. Мен Каро-Каннни танладим, чунки у, эҳтимол, бошқа вариантларни кутган. Партия давомида қоралар ҳеч қандай муаммога дуч келмади. Айниқса, айрим позицион қарорлардан кейин ташаббус мен томонга ўтди”, — дея изоҳ берди Абдусатторов.
Шунингдек, у позицион курашда фигуралар алмашинуви орқали устунликка эришганини таъкидлади. Унга кўра, фигуралар камайган сари майдон кенгайиб, аниқ режа — c5 ҳужуми амалга оширилган. Рақиб эса вақт танқислиги сабаб хатога йўл қўйган ва бу партия тақдирини ҳал қилган.
Абдусатторов сўнгги вақтлардаги барқарор натижалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. У Лондон, Вейк-ан-Зее ва Прага турнирларидаги муваффақиятларни эслаб, ўз формасининг сири — барқарорлик ва мунтазам ўйин амалиётида эканини айтди.
Энг қизиқ жиҳат шундаки, ўзбек гроссмейстери ушбу турнирга келиш сабабини очиқ айтди: “Мен бу ерга Магнус Карлсен учун келдим. У иштирок этаётганини эшитганим заҳоти келишга қарор қилдим”, — деди у.
Маълум бўлишича, Абдусатторов ва Карлсен учинчи турда тўқнаш келади. Ҳамюртимиз бу партияда қора дона билан ўйнайди, аммо бу ҳолат уни қийин аҳволга солмаслигини таъкидлади. Аксинча, босим кам бўлиши унинг фойдасига ишлаши мумкин.
Шу тариқа, турнирнинг энг кутилган партияларидан бири яқинлашмоқда. Савол битта: Абдусатторов Карлсенга қарши ҳам ўзининг юқори формасини сақлаб қола оладими? Шахмат мухлислари жавобни интиқлик билан кутмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!