20:04 / 26.03.2018
10 553

Ситора Алимжонова: "Ўзимни 100 фоиз омадлиман деб айта олмайман"

Ситора Алимжонова: "Ўзимни 100 фоиз омадлиман деб айта олмайман"
Бугунга қадар етарлича мухлислар топишга улгурган, самимий, ҳар қандай ғамини табассуми ортига беркита оладиган актриса Ситора Алимжонова билан Кунутун нашри суҳбат уюштирди. Эътиборингизга ушбу интервьюни ҳавола этамиз.

— Энг хушчақчақ актрисалардан бири саналасиз. Айтингчи, ҳар қандай муаммо-ю ташвишларни ҳам кулгу билан енга оласизми?
— Энди, мажбурсиз. Кўпинча шунақа қиламан. Атрофдагиларга ичингиздан нималар ўтаяпти, нималарни ҳис этяпсиз, албатта, кўрсатгингиз келмайди. Уни юзага чиқарганингиз билан нима фойдаси бор?! Шунинг учун доим кулиб юришга ҳаракат қиламан.

— Негадир кинода камнамосиз.
— Турмушга чиқдим, оила, соғлиғим билан озгина муаммо бўлгани учун кўп съёмкаларни рад этдим. Лекин, шунга қарамасдан, ҳали экран юзини кўрмаган картиналарим бор. Тўйимдан кейин анчагина сериал, кинолардаги ижроларим бор.

— Кўпчилик санъаткорлар эътибордан четда қолишдан чўчийди. Сизчи?
— Билмадим, бундай ҳолатга тушмаганим учун ҳис этолмайман. Инсон бошига тушганда билади. Лекин, назаримда, фақат Яратганнинг айтгани бўлади. Мана бир пайтлар мухлислари кўп бўлган, доимий эътиборда бўлганлар бугун четроқда. Демоқчиманки, борган сари янги қиёфалар, янги юлдузлар порлаб чиқаверади. Биздан кейин ҳам келадиганлар бор. Мухлислар ёдидан чиқмасак-да, барибир ҳам четроқда қолаверамиз. Бу ҳаёт қонунияти, бунга кўникиш керак.
«Ҳаётда кўп кулсам-да, кадрда йиғлашим осонроқ».


— Айтингчи, кинода сизга топширилган ролни сценарийда қандай бўлса, шундайлигича ижро этасизми ёки унга қўшимча кирита оласизми?

— Ҳар доим ҳам эмас. Албатта, режиссёр билан маслаҳатлашаман.

— Кўпинча Дурдона Тўлаганованинг фильмларида суратга тушасиз. Нега?
— Дурдона Тўлаганова билан опам Дилдора Ҳошимова орқали танишганмиз. Шу инсон мени кино оламига олиб кирди, актриса сифатида кашф қилди. 3-4 картиналарида суратга тушганман. Шунинг учун мени ҳамма фақат Дурдона Тўлаганова фильмларида ўйнайди, деб ҳисоблайди. Лекин ундай эмас.

— Умуман ўзингизга қайси режиссёрлар билан ишлаш кўпроқ ёқади?

— Барча режиссёрнинг ўзига яраша усули, қарашлари бор. Лекин кўпроқ яхши келишиб ишлайдиган режиссёрим бу Озод Шамс. Уларнинг ишлаш усули, тушунтиришлари яхши. Бундан ташқари, Мирмақсуд Охунов, Нозим Тўлахўжаев каби ижодкорлар билан ишлаш мароқли.

— Сиз учун драма жанридаги картиналарда суратга тушиш осонроқми ёки комедияда?
— Ҳаётда кўп кулсам-да, кадрда йиғлашим осонроқ.
«Санъаткор қандай савол бўлишидан қатъий назар, тўғри жавоб бериши керак».


— Ижтимоий тармоқларда сиз ҳақингизда айтилмаган гап қолмади. Ўзингизни шунча негативдан қандай ҳимоя қиласиз? Қандай қилиб тушкунликка тушиб қолмайсиз?
— Тўғри бунақа муносабатлардан кейин ҳар қандай инсон тушкунликка тушади. Ростми, ёлғонми бу гаплар барибир сизнинг шаънингизга қаратилган. Бошида роса ўйладим, тушкунликка тушдим. Тўғриси, ёмон таъсир қилди. Ҳар томондан ёмон фикрлар ёғилса ҳам, албатта инсонга салбий таъсир кўрсатаркан. Лекин яқинларим, мухлисларим омон бўлишсин. Улар доим менга гап-сўзларга эътибор қилмаслигимни таъкидлашади.

— Сиз кўп суҳбатларда бўласиз. Айтингчи, санъаткор ўзига маъқул келмаган саволларга ҳам жавоб беришга мажбурми?
— Шу пайтгача, қанақа савол бўлишидан қатъий назар, жавоб беришга ҳаракат қилганман. Менимча, жавоб бериш керак. Кўпинча саволлар мухлислар томонидан берилади, уларга қизиқ бўлган бўлиши мумкин сизга ёқмаган савол. Шунинг учун ҳам жавоб бериш лозим.

— Нафсониятингизга тегадиган саволлар бўлса ҳамми?
— Агар берилаётган савол ўринли бўлса, ҳеч қачон нафсониятингизга тегмайди. Акси бўлса ҳам эътибор қилмасдан, тўғри жавобни қайтариш керак.

— Ўзингизни омадлиман деб ҳисоблайсизми?
— Кўп тасодифлар бўлиб қолади-да, шундай пайтларда омадли, эканман-да деб ўйлаб қоламан. Кейин шунақа бўладики, ҳеч бир томонга йўл йўқ, берк кўча. Қаранки, бундай вазиятларда ҳам омадим келиб қолади. Лекин 100 фоиз омадлиман деб айта олмайман. Қачондир омад келади, қачонлардир аксинча.

— Санъаткор бошқаларга ўрнак бўлиши керак, — дейишади. Сизнингча, ҳамма санъат вакиллари ҳам бу масъулиятни ҳис этяптими? Ўзингизчи?

— Ҳозирда бу фикр кўп айтилмоқда. Ижтимоий тармоқларда ҳам шу мавзудаги кўп фикрномаларга дуч келамиз. Лекин ўйлайманки, бирор нарсани кўриб, ўша томонга тезда оғиб кетиш, фақат иродаси бўш, кучсиз одамларга хос. Ҳар кимнинг қарашлари турфа.

— Турмуш қурдингиз. Ҳаётингизда қандай ўзгаришлар бўлди?
— Кўпроқ уй қизи бўлиб қолдим. Қайнона-қайнотамдан алоҳида яшаймиз-у, лекин барибир ҳам аёл турмушга чиққанидан кейин уйи, оиласини кўпроқ ўйлай бошларкан.

— Кўпроқ инсонлардаги қайси хислатни ҳурмат қиласиз?
— Самимийликни. Борлигича ўзини намоён этган инсонларни ҳурмат қиламан.

— Ишонувчанмисиз?
— Жудаям.

— Панд еганмисиз?
— Росаям. Ишонувчанлигим туфайли.

— Панд еган инсонингизни кечироласизми?

— Йўқ, улар билан ортиқча баҳслашмайман ҳам. Лекин биттасини кечирдим, яқин инсоним бўлгани учун.

— Мўъжизаларга қай даржада ишонасиз?
— Ишонаман.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Ситора Алимжонова: "Ўзимни 100 фоиз омадлиман деб айта олмайман"