
Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани Паданг қишлоғида 27-28 апрель кунлари “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивали бўлиб ўтди.
Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган фестивалнинг очилиш маросимида маданият, санъат, адабиётни янада ривожлантириш, соҳа ходимлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижроси ёшларнинг адабиёт, мусиқа, тасвирий, амалий ва бошқа санъат турларига қизиқишини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш уларда ватанпарварлик туйғусини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.
"Бойсун баҳори" фестивали ўтмишдан мерос миллий қадриятларимизни тиклаш, хусусан, халқ оғзаки ижоди анъаналарини асраб-авайлаш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

– Соҳага қаратилаётган эътибор минг йиллардан буён аждодларимиз қалб қўрида сақлаб, ривожлантириб келган халқ амалий санъати, халқ оғзаки ижоди каби номоддий маданий мерос дурдоналарини асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказишда муҳим аҳамият касб этаётир, – дейди Термиз давлат университети ректори, сенатор А.Тошқулов. – Бу жараёнда “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивалининг қайта ташкил этилгани ҳам айни муддао бўлди.
Гўзал табиат қўйнида жойлашган Паданг қишлоғига юртимизнинг турли ҳудудларидан аҳоли, айниқса, ёшлар катта қизиқиш билан келаётганини кузатиб, навқирон авлод онгу шуурига миллий қадриятларимиз мустаҳкам ўрнашаётганига гувоҳ бўлдим.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 январдаги “Сурхондарё вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида анъанавий ўтказилаётган фестиваль бетакрор ва бой маданий меросимизни бор бўй-басти билан кенг намоён этди. Фестиваль баҳонасида ўзининг моддий ва номоддий маданий мероси, гўзал табиати, инсониятнинг илк манзилгоҳи, ноёб қадриятлар бешиги сифатида жаҳонга танилган Бойсун нафақат юртдошларимизни, балки хорижликларни ҳам ўз бағрига чорлади.

– Сўлим ва мафтункор ҳудуднинг бетакрор табиат манзаралари, гўзал миллий қадриятларини кўриб, ҳавасимиз келди, – дейди голландиялик сайёҳ Фред Остинг. – Халқингизнинг аждодлардан мерос нафис санъати, ноёб осори-атиқалари ҳар қанча таҳсинга сазовор. Сайёрамизнинг бошқа гўшаларида учрамайдиган бу фестиваль халқ амалий санъати, халқ оғзаки ижоди каби номоддий маданий мерос дурдоналарини, халқ ўйинларини ўзида мужассам этгани, айниқса, катта таассурот қолдирди. Баҳор ёғингарчилигига қарамай, одамлар фестивалга ошиқаётгани, тоғ қўйнида намойиш этилаётган ноёб мўъжизалар ҳайратимизни янада оширди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил ноябрь ойида Сурхондарё вилояти сайловчилари билан учрашувида “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивалини қайта тиклаш ҳамда уни мазмунан бойитиш масаласини илгари сурган эди. Шунга мувофиқ, жорий йилда ҳам анъанавий тадбирни янада жозибали, қизиқарли ўтказиш учун алоҳида ҳозирлик кўрилди. Маҳаллий ва хорижлик томошабинлар учун барча шароит яратилди. Иштирокчилар учун қулай саҳналар, майдончалар барпо этилди. Бу ерда ўрнатилган 100 дан ортиқ ўтов юртимизнинг барча ҳудудларига хос қадимий урф-одат ва анъаналар асосида безатилди. Фестиваль доирасида халқ ансамбллари ва бадиий жамоалар чиқишидан ташқари бахшилар баҳси, кураш мусобақалари, варрак учириш, тош кўтариш, арқон тортиш каби қизиқарли халқ ўйинлари ташкил этилди. Миллий либослар кўргазмаси, дорбозлар чиқиши, театрлаштирилган томошалар, ёшларнинг шоу дастурларини томошабинлар зўр қизиқиш билан кузатди.
ЮНЕСКО томонидан 2001 йил “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий мероси дурдоналари” сифатида эътироф этилиб, 2008 йилда Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган Бойсун бой қадриятларимизни улуғлаш билан бирга, ижтимоий-иқтисодий юксалиб бормоқда. Туризм, айниқса, эко ва зиёрат туризми ривожланмоқда.
Фестиваль олдидан Термиз давлат университетида “Жаҳон цивилизацияси: Бойсун моддий ва маънавий маданияти” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Анжуман иштирокчилари дунё аҳлини ўзига чорлаётган сўлим ва осойишта гўша тарихи, нафис ва бой номоддий маданий мероси, миллий ҳунармандчилиги, этнографияси ва археологиясининг жаҳон тараққиётида тутган ўрни, ҳудудда туризмни ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни илмий муҳокама этди. Шунингдек, шуъба йиғилишларида “Сурхон воҳасининг этномаданий ҳаётида Бойсун маданияти ва маънавиятининг ўрни”, “Ўзбекистон маданияти ривожида фольклор санъатининг аҳамияти”, “Бойсуннинг тарихий ва экотуризм салоҳияти халқаро туризмнинг янги тармоғи сифатида”, “Халқаро маданий алоқаларни мустаҳкамлашда Бойсун маданий муҳитининг таъсири” каби мавзулар чуқур таҳлил қилинди. Илм-фан вакилларининг илмий-тадқиқот ишлари атрофлича муҳокама этилиб, таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Конференция иштирокчиларининг ўзбек, инглиз ва рус тилларидаги илмий маъруза ҳамда мақолалари алоҳида тўплам сифатида нашр этилди.
Жорий йилги фестивалда турли танловларда фаол иштирок этиб келаётган Қорақалпоғистон Республикасининг “Афсона”, Тошкент шаҳрининг “Бувижонларим”, Наманган вилоятининг “Яллама-ёрим”, Самарқанд вилоятининг “Чинор”, Хоразм вилоятининг “Машъал”, Қашқадарё вилоятининг “Занжирсарой”, Сурхондарё вилоятининг “Бойсун”, Тошкент вилоятининг “Тўрғай”, Жиззах вилоятининг “Гаштак”, Бухоро вилоятининг “Саҳро саболари”, Сирдарё вилоятининг “Сайхун йигитлари”, Андижон вилоятининг “Сайқал”, Фарғона вилоятининг “Шодиёна”, Навоий вилоятининг “Ёр-ёр” фольклор-этнографик жамоаларидан 200 дан ортиқ вакил иштирок этди.
Фестивалда Сурхондарё вилоятининг “Бойсун” фольклор-этнографик жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Қорақалпоғистон Республикасининг “Бес перде”, Жиззах вилоятининг “Боғдон гуллари” жамоалари иккинчи, Тошкент вилоятининг “Қурама”, Фарғона вилоятининг “Сўх чашмаси”, Сирдарё вилоятининг “Сирдарё наволари” жамоалари учинчи ўринни эгаллади. Ғолиблар махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тантанали маросимда фольклор-этнографик жамоалар ва таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар