date

Путин ядровий “Посейдон”ни синовдан ўтказганини маълум қилди

Путин ядровий “Посейдон”ни синовдан ўтказганини маълум қилди

Россия президенти Владимир Путин яна бир бор дунё эътиборини ҳарбий соҳадаги янги ютуқларига қаратди. Давлат раҳбари “Буревестник” қитъалараро қанотли ракетаси ҳақидаги хабарлардан сўнг, бу сафар яна бир стратегик қурол — “Посейдон” номли ядровий торпедонинг муваффақиятли синови ҳақида маълум қилди.

Путиннинг айтишича, тажриба Мандрик номидаги марказий ҳарбий клиник госпиталга ташрифи чоғида ўтган суҳбатда тилга олинган. Президент таъкидлаганидек, мазкур синов Россиянинг ҳарбий салоҳиятида янги босқични бошлаб бериши мумкин.

“Кеча биз яна бир истиқболли қурол — ‘Посейдон’ сувости экипажсиз маҳсулотини синовдан ўтказдик. Бу қурилма ядровий энергия билан таъминланган. Биринчи марта нафақат старт двигателини сувости кемасидан ишга туширишга муваффақ бўлдик, балки торпедодаги атом энергия қурилмасини ҳам ишлатдик”, — деди Путин.

Унинг сўзларига кўра, “Посейдон” ҳаракат тезлиги ва чуқурлик кўрсаткичлари бўйича дунёда тенгсиз. Президент бу қурилмани “улкан муваффақият” деб атади ва унинг қуввати “Сармат” қитъалараро ракетасидан ҳам юқори эканини таъкидлади.

“Бу қуролни тўхтатиб қолиш усули ҳозир мавжуд эмас”, — дея қўшимча қилди у.

“Посейдон” сув ости дрони (ёки ядровий торпедо) илк бор 2018 йилда Путин томонидан жамоатчиликка таништирилган эди. У катта чуқурликда, қитъалараро масофаларда ҳаракатланиши ва сувости кемалари ҳамда душман ҳудудидаги стратегик иншоотларни йўқ қилишга мўлжалланган.

Биринчи “Посейдон” торпедо ташувчиси — “Белгород” сувости кемаси 2019 йилда “Севмаш” заводида сувга туширилган. Кейинчалик у Баренц денгизида давлат синовларидан муваффақиятли ўтди ва 2022 йил 8 июлда Россия Ҳарбий-денгиз флоти ихтиёрига топширилди.

Экспертлар фикрича, “Посейдон” лойиҳаси Россиянинг ядровий стратегиясида муҳим ўрин тутади. Бу қурол нафақат ҳарбий устунликни сақлаб қолиш, балки дунёдаги геосиёсий мувозанатни ҳам ўзгартириши мумкин.

Ҳозирча расмийлар қурилманинг техник имкониятлари ҳақида тўлиқ маълумот бермаган. Бироқ Путиннинг баёноти Россиянинг ҳарбий салоҳияти янада кенгайиб бораётганини кўрсатиб турибди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин ядровий “Посейдон”ни синовдан ўтказганини маълум қилди