Муҳаммадсоли Юсупов: «Жамоада тарафкашлик, камситиш кучайиб кетди»

  • 17 январь 2020, 22:06
  • 1 692
  • Маданият
  • Муҳаммадсоли Юсупов: «Жамоада тарафкашлик, камситиш кучайиб кетди»
    Фото: ЎзА
    ЎзА Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, «Эътироф» миллий мукофоти лауреати Муҳаммадсоли Юсупов билан интервью уюштирди. Актёр интервью давомида санъатга кириб келиши, театрдаги фаолияти, ҳозирги кунда ўзбек театрларида кузатилаётган муаммолар ҳақида сўз юритди.

    – Халқимиз сизни «Қўчқор ака» образи орқали яхши танийди. Ҳазил-мутойибаларингиз ҳам ўзига хос. Театр қандай қилиб сизни тақдирингизга айланди?
    – Болалигимдан санъатга қизиққанман. Тошкент давлат театр ва рассомлик санъати институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)ни тамомлаб шу олийгоҳда ёшларга актёрлик маҳоратидан сабоқ бердим. Ҳарбий хизматдан қайтгач менга институт раҳбари «Бу ерда ишлашингиз яхши, лекин театр чангини ютмай, ҳис этмай туриб ёшларга сабоқ бериш, намуна бўлиш ҳақиқатга тўғри келадими? Бир ўйлаб кўринг, сиз учун эшигимиз ҳамиша очиқ», деди. Уларнинг таклифида жон бор эди. Ўша пайтда жуда машҳур бўлган Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров раҳбарлигидаги «Ёш гвардия» театрида ишлашни мақсад қилиб, Фарғонадаги яқинларим олдига келдим.

    Йўл-йўлакай устозлар, ҳамкасбларни йўқлаш мақсадида Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги вилоят театрига кирдим. Бу ерда устоз санъаткор Ўзбекистон халқ артисти Зуннун Мадалиев мендан ҳеч нарсани сўрамай, тўғри театр директори олдига бошлаб кирди. Бир зумда ишга кирдим, уй-жой бериладиган бўлди. Чунки пойтахтда тўққиз йил яшаган бўлсам-да, уй-жой масаласи ҳал этилмай келаётган эди. Вилоят театрида ишлаб ўзимизга хос бўлган саҳна асарлар, образлар яратиб кўпнинг эътиборини қозондим.

    Айниқса, «Темир хотин» спектаклида Қўчқор, «Тошкентга саёҳат»да Асанбой, «Амир Темур ва Тўхтамишхон» спектаклида Тўхтамишхон роли мени жуда ҳам машҳур қилди. Бир неча бор нуфузли миллий ва халқаро танловлар ғолиби бўлдик. Бу ютуқлар ўз-ўзидан келиб қолгани йўқ. Ҳамма бир мақсад йўлида изланди, ижод қилди. Театрда бош режиссёр сифатида ҳам узоқ йиллар ишлаб, кўплаб элимизга манзур бўладиган саҳна асарларини яратдик. Театрни ҳеч қачон ташлаб кетиб бўлмайди. Тақдирим, ҳаётим шу даргоҳ билан боғланган.

    – Бугунги кунда Фарғона вилояти мусиқали драма театрида томошабинни ўзига тортадиган спектакллар яратилмаяпти. Бунинг асосий сабаблари нимада?
    – Театр аввало ижодкорлар, ижодий ҳамкорлар уйи. Шундай экан, ундан ана шу эзгу мақсад йўлида фойдаланиш зарур. Тўғриси, вилоят театрининг бугунги ҳолати жуда қувонарли эмас, рейтинги анча тушиб кетди.

    Театр остонасига қадам қўйган киши ҳаётда учраб турган ҳар қандай гина-кудурат, ғаразларни унутиши зарур. Қалби тоза бўлган одамгина элга манзур бўлгулик асар, образларни ярата олади. Эътироф этиш керак, Республика ҳукуматининг амалий ёрдами, хайрихоҳлиги туфайли Фарғонада муҳташам театр— концерт саройи қуриб берилди. Мақсад элга манзур, ҳар жиҳатдан мукаммал бўлган асарлар яратиш, иқтидорли ёшларни кашф этиш, қўллаб-қувватлаш. Ҳақли савол туғилади, шунга муносиб асарлар яратиляптими? Афсуски, бу борада мақтана олмаймиз.

    Театрда саҳналаштирилган ҳар бир спектакл тарғибот-ташвиқотга муҳтож. Ўйлаб кўринг, оддий афишаси бўлмаган театрни ким танийди? Ким унинг фаолият кўламини тарғиб этади? Ҳозирда отахон театрда кўпга манзур бўладиган асарлар яратилмаяпти. Лекин уларнинг тарғиботи ҳам керак-да. Театрнинг кундалик ҳаёт тарзидан узоқ бўлган томошабин бу ерга келмайди. Зеро томошабиннинг диди, талаби ҳамиша биринчи ўринда туради. Шу боис унга мос бўлган саҳна асарлар, образлар яратиш бугунги кундаги долзарб масаладир. Бир хил қолипда, ҳаёт тарзимизда кунора учраб турган турмуш ташвишлари, муаммолар орқали томошабин меҳрини қозониб бўлмайди.

    (Афсуски, бу қолипдан чиқиб кетиш осон бўлмаяпти) Бугунги томошабинга янгича қараш, тафаккур, фикрлашга ундовчи саҳна, кино асарлари керак. Бунинг учун имконият, шарт-шароитлар етарли, фақат изланиш, ижодий ҳамжиҳатлик, рақобат бўлиши муҳим. Бу фикрларни вилоят театрида ишламаётганим, кимнидир айбдор қилиш учун айтаётганим йўқ. Бу барча санъаткор, театр ва кино соҳасида ижод қилаётган кишиларни қийнаб келаётган масаладир. Чунки одамлар театрга дам олиш, маънавий озуқа олиш учун келади. Театр ўриндиқларини кимларнидир аралашуви асосида мажбуран тўлдириш керак эмас.

    – Юқорида театрда ишламаяпман, деб айтдингиз. Ижтимоий тармоқларда ҳам сизнинг театрдан кетганингиз ҳақида турли хабарлар тарқалди. Айтинг-чи, нега театрдан ишдан кетдингиз?
    – Ҳа, 2018 йилда театрдан кетдим. Сабаби у ердаги муҳит, шароит тўғри келмай қолди. Жамоада тарафкашлик, камситиш кучайиб кетди. Муҳими, биз уларга тўғри келмай қолдик. Мен билан меҳнат шартномаси тузилмади. Турли баҳоналар билан мени ишлагани қўйишмади. Вилоят театрида атмосфера бузилган бўлиб, ишчиларни ноҳақ бўшатиш жараёни бошланган эди. Мен бош режиссёр бўлганим учун ҳам бунга қаттиқ қаршилик қилдим. Бир аёлни ҳам шундай йўл билан ишдан бўшатиб юборишди. Аммо бу аёл театрдаги кўплаб қинғир ишларни очиб ташлади, молиявий камчиликлар фош бўлди. Раҳбарлар бу иши учун жавоб ҳам берди.

    Керак бўлмагандан кейин нима қиламан ишлаб. Меҳнат шартномаси тузилмаганидан кейин кетишга мажбур бўлдим.

    – Ижодкор ҳеч қачон тинч ўтира олмайди. Бугун қандай ишлар билан машғулсиз?
    – Айни кунда Фарғона шаҳридаги ихтисослашган санъат мактабида «Актёрлик санъати» кафедрасида ёшларга сабоқ беряпман. Бугун вилоятда фаолият кўрсатиб келаётган 4 та театрда ижод қилаётганларнинг асосини мана шу мактаб ўқувчи ёшлари ташкил этади. Ўз вақтида Тошкентдан келиб таҳсил олиб, маҳоратини оширган ёшлар ҳам бор. Шу билан бирга, мактаб қошида «Ижод» театр студияси ташкил этганмиз.

    Театр студиясида актёрлик санъати йўналишида таҳсил олаётган ва бу соҳага қизиққан ёшлар амалиёт дарсларини ўтайди, саҳна асарлари, концерт дастурлари тайёрлайди. «Ижод» театр студияси хўжалик ҳисобида иш олиб боради. Унинг рэпертуари ранг-баранг. Мумтоз ва замонавий, турли миллат вакилларининг ўзига хос маданияти, ҳаёт тарзини кўрсатиб берувчи спектакл, сара куй-қўшиқлар, рақслар гулдастасини томошабинларга ўзига хос тарзда етказиб беришга ҳаракат қиляпмиз. Эътиборли жиҳати, ижодий фаолиятимизга қизиққан мухлислар сафи кундан кунга ошиб бормоқда.

    Дарҳақиқат, Президентимиз томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурган 5 та муҳим ташаббуснинг биринчисида ёшларни мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодни юзага чиқариш муҳим омил сифатида кўрсатиб ўтилган. Шу боис вилоятнинг барча ҳудудлари бўйлаб ижодий сафарлар уюштиряпмиз, одамлар ичига кириб боряпмиз. Бу одамларни ўзимиз билан эргаштириб театрга олиб кириш имкониятини беради. Чунки одамлар театрдан қочган, уларни қайтариш учун меҳнат, ижод қилиш керак.

    Театр студияси ижодий жамоаси билан янги саҳна асари тайёрланяпти. «Қарғалар учса қарайлик...», «Табассум қил», «Ўткир шохли буқача» номли асарларни саҳналаштирдик. Бундан ташқари, Абдулла Қодирийнинг «Калвак Маҳзум хотиралари», «Тошпўлат тажанг нима дейди« асарларини таниқли ижодкор Анвар Обиджон билан ҳамкорликда янгича талқин ва кўринишда саҳналаштиришни мақсад қилиб турибмиз.

    – Кино соҳасида ҳам яхши образлар яратгансиз. Бироқ кейинги пайтларда фильмларда ҳам камроқ кўриняпсиз...
    – Аввало мени томошабинга танитган ҳам, ҳурмат-обрў олиб берган ҳам театр. Кинода ҳам кўплаб ролларни ижро этдим. Машҳур «Бомба» фильмида Холмат ака ролида ўйнаганман. Яқинда «Азадаги тўй» фильмида ҳам суратга тушдим. Бугунги кунда сериалларга ҳам таклиф этишяпти. Ижоддан сира тўхтаганим йўқ.

    » » Муҳаммадсоли Юсупов: «Жамоада тарафкашлик, камситиш кучайиб кетди»