date

Нилуфар Усмонова концертида кутилаётган янги дуэтлар ва сюрпризларни ошкор этди

Нилуфар Усмонова концертида кутилаётган янги дуэтлар ва сюрпризларни ошкор этди

Нилуфар Усмонова бу йилги катта концерт дастури олдидан мухлислар қизиққан саволларга жавоб берди ва саҳнада тақдим этиладиган янгиликлар ҳақида тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, шу мавсум бир нечта мутлақо янги дуэтлар, турли тиллардаги куйлар ва томошабинларга манзур бўладиган ҳикоявий қўшиқлар сахнага олиб чиқилади.

Аввало, хонанда Алишер Рўзметовнинг ўғли, “Сев мени” таронаси муаллифи Ҳожиакбар Рўзметов билан она–ўғил мулоқоти асосида яратилган янги куй тақдим этилади. Қўшиқ йиллар давомида шаҳрида ишлаб, оиласи бағрига қайтиши учун кутилган йигит ва уни интизорлик билан кутган онанинг таъсирли ҳикоясига бағишланган.

Нилуфар Усмонова, шунингдек, бу йил Азиз Йўлдошев билан ҳам янги дуэт тайёрлаётганини айтди. Унинг фикрича, санъаткорлар “пазл” каби бир-бирига руҳият жиҳатидан мос келувчи ижодкорни излаб топади. Ёш ёки тажрибали бўлишининг аҳамияти йўқ — энг муҳими, мусиқа ва руҳият бирлашиши.

Юлдуз Усмонова билан дуэт масаласи

Ҳар йилги анъанавий савол — онаси Юлдуз Усмонова концертга чиқадими?

Нилуфар Усмонованинг жавоби оддий ва самимий:

— Юлдуз Усмонованинг ўз ишлари, ўз концерт пайтлари бор. Уларга ҳурмат сақлаш керак. Хонанда сифатида келишларини хоҳлардим, лекин қизи сифатида “аям дам олсин” дейман. Бу концерт — менинг концертим. Мени кўриш учун келишсин. Аям мени саҳнага олиб чиқиб, “мана менинг қизим” деб таништирмаган. Шунинг учун ўз мухлисларим учун ўзим чиқаяпман, — дейди у.

Энг қийин тайёрланаётган қўшиқ

Унинг фикрича, бу йилги дастурда энг мураккаб бажарилиши талаб қилинадиган асар — “Кел иккимиз” қўшиғи.

— Жуда оғир, жуда батафсил ишланадиган қўшиқ. Шу сабабли созандалар, раққосалар билан уни қайта-қайта такрорлаб чиқяпмиз, — дейди Нилуфар.

Жамшид Бобожонов билан дуэт нима учун?

Нилуфар Усмонова актёр Жамшид Бобожонов билан ҳам дуэт куйлайди. Лекин бу у ёки актёрнинг ташаббуси эмас.

— Жамшид ўзини хонанда деб ўйламайди. Фақат мухлислар талаби шунчалик ортдики, ҳар куни Instagram’да “дуэт қилинглар” деб ёзишади. Мен бу хабарларни у кишига ҳам юбордим. Халқ кўрмоқчи экан, айтамиз дедик. Биздан нима кетди? — деб изоҳлайди санъаткор.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Маданият » Нилуфар Усмонова концертида кутилаётган янги дуэтлар ва сюрпризларни ошкор этди