date

Саида Мирзиёева Доҳадаги фестивалда миллий меросни тарғиб қилди

Саида Мирзиёева Доҳадаги фестивалда миллий меросни тарғиб қилди

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 22 ноябрь куни Қатар пойтахти Доҳада ўтган нуфузли кино фестивалида иштирок этди. Унинг ташрифи нафақат ижод ва маданият аҳли эътиборини тортди, балки Ўзбекистоннинг замонавий санъат майдонидаги фаол иштироки яна бир бор намоён бўлди.

Фестивал дунё кино соҳасида мустақил ва муаллифлик йўналишида ишлаётган режиссёрлар учун муҳим платформа ҳисобланади. Мирзиёеванинг таъкидлашича, бу майдон янги ғоялар, жасоратли бадиий ёндашувлар ва ўз нуқтаи назарини эркин ифода эта оладиган ижодкорлар учун қимматли имконият яратади. Фестивал дастурида турли мамлакатлардан тақдим этилган фильмлар жамланган бўлиб, ёш ижодкорлар ва маҳаллий киночиларга алоҳида эътибор қаратилади.

Саида Мирзиёева ўз телеграм-каналида ёзишича, замонавий кино фақат санъат эмас — у жамиятдаги кайфият, муаммо ва умидларни кўрсатиб берадиган кучли ифода воситаси. Ушбу фестивалга ташриф буюриш жараёнида у Қатарнинг маданий марказларида ўтказилаётган тадбирлар билан ҳам танишди.

Ташриф доирасида Президент администрацияси раҳбари Fashion Trust Arabia (FТА) жамғармаси фаолияти билан ҳам танишди. Мазкур ташаббус Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасидан етишиб чиқаётган истеъдодли дизайнерларни қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятли. Саёҳат давомида у М7 маданият марказидаги Threads of Impact кўргазмасига ҳам ташриф буюрди.

Унинг айтишича, кўргазмада Ўзбекистон дизайнерларининг қўл меҳнати ва миллий анъаналарини акс эттирувчи “Woven Legacies: Uzbekistanʼs Living Heritage” экспозицияси жуда кўпчиликда қизиқиш уйғотган. Мирзиёева бу каби лойиҳалар орқали миллий меросни жаҳон саҳнасида намойиш этиш муҳим эканини таъкидлади.

Шунингдек, у машҳур меъмор Рем Коолҳаас ва Самир Бантал раҳбарлигидаги “Countryside: A Place to Live, Not to Leave” номли кўргазмани ҳам томоша қилди. Кўргазма қишлоқ ҳаётининг замонавий қиёфаси, уни сақлаб қолиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган бўлиб, Мирзиёева ундаги ғояларни катта қизиқиш билан кузатгани маълум қилинди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Маданият » Саида Мирзиёева Доҳадаги фестивалда миллий меросни тарғиб қилди