Ўзбек чемпион қизнинг ҳаёт йўли ҳақидаги фильм намойиш этилди

Пойтахтда “Диёра нозик йўл” деб номланган ҳужжатли фильмнинг махсус ёпиқ премьераси бўлиб ўтди. Ушбу ижод намунаси атрофидаги қизиқиш шунчалик юқори бўлдики, тадбирга спортимиз раҳбарлари, дзюдочимиз Диёранинг ўзи ва унинг энг яқин инсонлари ташриф буюрди. Ҳар бир томошабинда фильм нафақат хотира, балки ифтихор уйғотгани айни ҳақиқат.
Муаллифлар ушбу лойиҳада ёзги Олимпия ўйинларида ўзбек қизлари орасида илк бор олтин медал қўлга киритган Диёранинг ҳаёт йўлини, орзуларига эришишдаги мураккаб босқичларини, меҳнат ва сабр-матонат билан тўла сафарини самимий тарзда акс эттиришга ҳаракат қилишган. Фильмда унинг болаликдан спортга бўлган муҳаббати, ҳар бир ғалаба ортидаги машаққатли меҳнати ва жамоаси билан бирга босиб ўтган синовли кунлар кенг ёритилган.
Премьера давомида тамошабинлар нафақат Олимпиядаги улуғ зафарни, балки Диёранинг инсон сифатида қандай характерга эга эканини ҳам кўриш имконига эга бўлишди. Унинг яқинлари ва устозлари иштирок этган интервьюлар фильмга янада чуқур мазмун бағишлади.
МОҚнинг таъкидлашича, ушбу фильм нафақат спорт ихлосмандлари учун, балки ҳар қандай орзу сари интилаётган ёшлар учун ҳам кучли илҳом манбаи ҳисобланади. Диёранинг ҳаёт йўли, чин маънода, нозик йўл эмас — ирода, матонат ва ўз-ўзига ишониш билан тўла бир катта сабоқдир.
Шубҳасиз, “Диёра нозик йўл” кўпчилик томошабинлар қалбида ўз ўрнини топади ва келажакдаги янги чемпионларни руҳлантиришда давом этади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!